Халқаро тажрибанинг энг мақбулини танлаймиз

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнги йилларда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади – малакали ва замонавий билимга эга кадрлар тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари билан халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш.

    Шу орқали юртимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимларининг хорижий университетлар, илмий-тадқиқот муассасаларида илмий ва академик тажрибасини орттириши учун имконият яратиш ишларига катта аҳамият қаратилмоқда.

    Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали бугунги кунда 7 та хорижий давлат – Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидаги 17 та олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик олиб бормоқда.

    Йирик ҳамкоримиз Россия Федерациясининг етакчи олий ўқув юрти – Урал федерал университети Янги материал ва технологиялар институти билан илмий, ўқув, амалий ҳамкорлик фаолияти йўлга қўйилган. УРФУ делегациясининг олийгоҳимизга ташрифи давомида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали аниқ тизим асосида магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг стажировка ўташини, профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, шунингдек, республикамизнинг етакчи металлургия корхонаси «Олмалиқ КМК» АЖ базасидаги мавжуд тоғ-кон саноати муаммоларини уч томонлама ҳамкорлик асосида ўрганиш ишларини амалга ошириш режалаштирилди.

    Германия давлатининг Фрайберг техника университети Кончилик академияси Тоғ-кон институтининг директори, Саксония Фанлар Академияси ва бошқа халқаро илмий академиялар аъзоси, профессор Карстен Дребенштед бошчилигидаги бир гуруҳ профессор, аспирант ва талабалардан иборат делегацияси филиал фаолияти билан танишиб? ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

    Қозоғистон Республикасининг M.Auezov номидаги Жанубий Қозоғистон университети билан ўрнатилган узвий ҳамкорлиги доирасида академик мобиллик асосида профессор-ўқитувчилар талабаларимизга маърузалар ўқишди.

    Ўқув ва илмий лабораториялар, ОТМ моддий-техник базаси билан танишиш мақсадида Жаҳон Хитой инвестиция фондининг Марказий Осиё бўйича мутахассислари Чен Чен ва Вуу Янг Киу филиалга ташриф буюрди. Мазкур халқаро фонднинг мақсади Ўзбекистонда истиқболли саноат лойиҳаларини ўрганиш, қўллаб-қувватлаш, молиявий сармоя киритиш бўлиб, мутахассислар саноатнинг металлургия ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда таълим тизими билан танишдилар.

    Халқаро ҳамкорлик ҳар бир олий таълим муассасасининг мақсади ва бу орқали улар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга янги замонавий ёндашувларни ўрганиш имконига эга бўлади. Хитой Халқ Республикасининг «Beijing International Chinese College» томонидан олий таълим йўналишларида фаолият юритувчи раҳбар-кадрлар учун хитой таълим тизимини ўрганиш ва тажриба алмашиш бўйича семинар-тренингда филиал директорининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосари ҳам иштирок этди. Хитойнинг Гендан институти билан келгусида тегишли соҳалар кесимида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди. Пекин халқаро хитой коллежи билан келгусида хитой тилини ўқитиш, таълим соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

    Халқаро хорижий мутахассислардан Шри-Ланкалик олим фалсафа фанлари доктори, профессор Муҳаммед Рифки талабалар ҳамда профессор-ўқитувчиларга «Озиқ-овқат технологияси» мавзусида маъруза ўқиди.

    ТДТУ Олмалиқ филиалнинг икки нафар вакили Швеция давлатининг Стокголм университети ва Албано илмий-таълим мажмуасида бўлиб ўтган «Швецияда интеграциялашган лойиҳа асосида ўқитиш методикаси: олий таълим тизимининг илғор тажрибаси» курсида малака ошириб келди. Шунингдек, ҳозирги кунда яна икки нафар ёш илмий тадқиқотчиларимиз Силециан Технологиялар университетида хорижий стажировка ўташ учун Полша халқ республикасининг Гливице шаҳрида бўлиб турибдилар. Жорий йил 1-5 май кунлари эса улар турдош олий таълим муассасаларининг тажрибасини ўрганиш мақсадида Венгрия давлатида бўлишади.

    Албатта, илмий тадқиқотчиларнинг етакчи хорижий олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказларида илмий стажировкаларда бўлиши, турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик таълим сифатини ва илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Таълим тизимидаги ислоҳотлар «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш вазифасини амалга оширишга сафарбар этилган.

    Алишер Самадов,

    Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали директори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates