Халқнинг обрўсини кўтарган зотлар

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 1 октябрь сонида бир гуруҳ устоз-мураббийларнинг дил изҳорлари чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Муаллимнинг меҳнатини игна билан қудуқ қазишга қиёслашади. Бу бежиз эмас. Нигоҳи ҳайратга тўла, мактабга бир оз ҳаяжон, бир оз ҳадиксираб қадам қўйган болакайнинг кўнглига йўл топиб, уни билим олишга қизиқтиришдан ҳаётда, жамиятда ўз ўрнига, мустақил фикри ва дунёқарашига эга шахс этиб камолга етказишгача бўлган йўл нақадар оғир ва машаққатли эканини соҳага дахлдор инсонлар жуда яхши билади. Яқин ўтмишимиздаги айрим мураккабликларга қарамай, касбини шараф билан адо этиб келаётган ўқитувчилар бугун Янги Ўзбекистонда чинакам эъзоз топиб, халқ меҳрини қозонмоқда.

    Анъанага кўра, бу йил ҳам 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида Президентимиз фармонига биноан фидойи педагоглардан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди. Биз мазкур мукофотларга лойиқ кўрилган устозларнинг фикрлари билан қизиқдик, уларнинг дил изҳорларини ёзиб олдик.

    Абдуқодир ШАМСИДДИНОВ, Марҳамат туманидаги 47-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони соҳиби:

    — ШҲТ саммити шукуҳи кезиб юрган Самарқанд шаҳридаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказига таклиф этилган 700 нафар устоз-мураббий қаторида туриш менга ҳам насиб этди. Дунё ҳамжамиятининг эътиборини қозонаётган Янги Ўзбекистоннинг жаннатмонанд гўшасида сайр қилар эканмиз, кўзимиз олдидан яқин ўтмишдаги айрим хотиралар ўтди. Беихтиёр мижжамизда севинч ёшлари қалқди. Очиғини айтиш керак, илгари касб байрамимизни пахта даласида кутиб олар эдик.

    Одамлар ҳам ўқитувчиларнинг касб байрами тақвимдагина дам олиш эканига кўниккан эди. Шоир айтганидек, бугун дориламон кунлар келди. Давлатимиз раҳбари биз, ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригида таъкидлаганидек, педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани чиндан ҳам бугун ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Янги Ўзбекистонда инсон азиз экани, ҳар бир эзгу ишнинг эътибордан четда қолмаётгани ўқитувчи ва мураббийларга кўрсатилган алоҳида эҳтиромда ҳам яққол ўз ифодасини топди.

    Яъни ўқитувчи том маънода ўз касбининг фидойиси бўлиши учун имконият берилди. Ўзим фаолият юритаётган мактабда бўлғуси кимёгарларни тарбиялашга бор салоҳиятим, педагогик тажрибамни ишга солиш билан Президентимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиляпман. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, унинг янги тараққиёт даврига асос солиш бевосита миллатнинг янги авлодини тарбиялаб, вояга етказиш билан боғлиқ. Жамиятда мураббий ва муаллимлар ролини кескин ошириш ортидан бугун ёш авлоднинг қўлга киритаётган оламшумул ютуқлари, юртимизда ўқитувчи-мураббийлар, устозларга кўрсатилаётган эҳтиром ҳам бардавом бўлади.

    Жуманазар МУСТАФОЕВ, Бухоро давлат университети Қоракўл академик лицейининг математика фани ўқитувчиси, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони соҳиби:

    — Муборак битикларда бундай ёзув бор: “Агар бу дунё саодатини тиласанг, тижорат қилгил, агар у дунё саодатини тиласанг, ибодат қилгил. Агар ҳар икки дунё саодатини истасанг, илм ўрган ва уни бошқаларга ўргат”. Устозлик олий мартаба ва шараф. Президентимиз фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони билан тақдирланганимни эшитганимдан сўнг буни янада теран ҳис этдим. Ўқитувчилик фаолиятимнинг 30 йиллиги арафасида “халқ ўқитувчиси” деган шарафли номга сазовор бўлдим. Бу юксак унвон, бу мақом менга нафақат рағбат, балки куч ва шижоат ҳам бағишлади.

    Президентимиз ҳар бир чиқишида ўқитувчи, устоз ва мураббийлар Учинчи Ренессанс пойдевори бунёдкорлари, маърифат, маънавият боғининг боғбонлари эканини қайта-қайта таъкидлайди. Чиндан ҳам инсониятнинг маънавий дунёсини тартибга солувчи, унинг йўлини эзгулик томон йўналтириб турувчи, илм машъаласини кўтариб, шогирдларни изидан эргаштира олувчи инсон муаллимдир. Қўлга киритаётган ютуқларим негизида марҳум устозим, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Тўхтамурод Жумаевнинг муносиб ҳиссаси бор. Қоракўл лицейининг шуҳрати ҳам унинг номи билан чамбарчас боғлиқ. Устоз ўрнатиб кетган қатъий тизим ҳамда фаолиятга асосланган.

    Бир вақтлар раҳматли Тўхтамурод Жумаев: “Қани энди мактабимиз эришган натижалар Президентимиз назарига тушса, бошқача ўзгаришлар бўларди, имкониятларимиз янада кенгаяр эди”, деб орзу қиларди. Сўнгги йилларда устознинг нияти ушалмоқда, бемисл меҳнат, тинимсиз изланишларимиз билан эътиборга тушмоқдамиз ва эътироф этилмоқдамиз. Янги Ўзбекистон ёшларининг илмфан, спорт, ишлаб чиқариш, ихтирочилик борасида юртимиз ҳамда халқаро миқёсда ютуқларга эришиш, тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеига эга бўлиши йўлида хизмат қилаётган барча ҳамкасбларимни умумхалқ байрам билан самимий муборакбод этаман. Қаддимизни ва қадримизни эл ичида янада кўтарган Президентимизга Қоракўл лицейи жамоаси номидан чексиз миннатдорлик билдираман!

    Баҳодир ЭШОНҚУЛОВ, Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-имконияти чекланган болалар учун мактаб-интернат тарбиячиси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони соҳиби:

    — Шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда дунё ёшларидан ортда қолиш имкониятни қўлдан бой бериш билан баробар. Фантехника ютуқларини улардан зиёд билмаган муаллим ривожланишдан анча орқада қолади. Давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессансни рўёбга чиқариш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу айнан илм-фан тараққиётига, ёшларнинг билими, дунёқараши, интеллектуал салоҳиятига кўп жиҳатдан боғлиқ. Давлатимиз раҳбари байрам табригида, жумладан, бундай деди: “Бизнинг мақсадимиз — Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур”.

    Узоқ йиллардан буён Ўрта Чирчиқ туманидаги 124-имконияти чекланган болалар учун мактаб-интернатида логопедия йўналиши бўйича тарбиячи сифатида фаолият юритаман. Нутқида нуқсони бор болаларнинг тилидаги камчиликларни бартараф этиш, уларнинг талаффузини тўғрилаш, равон гапириши учун ўз билим ва тажрибамни ишга солиб келяпман. Бугун мамлакатимизда логопедия йўналишида ижобий натижаларга эришилмоқда, яхши мутахассислар етишиб чиқмоқда. Хорижнинг илғор тажрибаси асосида болаларнинг тилидаги нуқсонларни тузатишга эришиляпти.

    Мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги мавқеи ва обрўсини оширишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида кўплаб ҳамкасбларим қатори мен ҳам давлатимизнинг юксак унвонларидан бирига лойиқ кўрилдим. Бу ҳам шараф, ҳам зиммамизга катта масъулият юклайди. Келгусида ўзим фаолият юритаётган соҳа бўйича изланиб, бундан кейин ҳам ёш авлоднинг таълим-тарбияси йўлида бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан.

    Нурислом ТЎХЛИЕВ, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми кафедраси профессори, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби:

    — Куни кеча давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига йўллаган байрам табригини ҳар доимгидан-да кучли ҳаяжон билан эшитдик. Сабаби, бу гал байрамимиз ШҲТнинг нуфузли меҳмонларини қабул қилган Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида ўтказилди. Дунёнинг манаман деган давлат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларига мезбонлик қилган бу масканда касб байрамимиз нишонлангани устозларга кўрсатилган юксак эҳтиромнинг яна бир далили бўлди. Юқори савияда ташкил этилган тадбир шукуҳи биз, мураббий ва педагоглар руҳиятига кўчиб, кайфиятимизни ниҳоятда кўтарди.

    Умрининг қирқ йилдан ортиғи таълим соҳасида кечган педагог сифатида муаллим зотига кўрсатилаётган эҳтиромдан бениҳоя мамнун бўлдим. Ўқитувчилик, мураббийлик — улуғ касб. Педагог соҳанинг қайси бўғинида хизмат қилмасин, миллатнинг, халқнинг болаларини тарбиялайди, ўқитади, касб-ҳунар ўргатади, кўникма ва малакасини оширади. Шифокор инсон танаси билан, муҳандис жисм билан ишлайди. Муаллим эса одамнинг маънавияти, маърифати, пировардида, руҳиятини камолга етказиш билан шуғулланади. Шу боис, устоз деб шарафланади.

    Зотан, бу улуғ мақом ҳаммага ҳам насиб этмайди. Ҳар гал шогирдларим менга “устоз”, деб мурожаат қилганида худди биринчи марта бу сўзни эшитаётгандек юрагим фахрга тўлади. Тарих шоҳид: не-не буюк инсонларни ҳам устоз камолга етказган. Тарбиялаб, илм ўргатиб, инсонийлик сабоғини берган, етуклик чўққисига олиб чиққан. Янги Ўзбекистонда ўқитувчиларга кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром, иззат-икром йилдан-йилга ошаётганини нафақат ҳамкасбларим, балки халқимиз кўриб, эътироф этаётир.

    Ёшлар орасидан педагогликка ҳавасмандлар кўпаймоқда. Давлатимиз кўрсатаётган эътибор туфайли ўқитувчилик жамиятдаги обрўли касблардан бирига айланмоқда. Одамлар шу касб орқасидан барака топяпти. Қўйни-қўнжи ҳам, кўнгли ҳам тўляпти. Бу, албатта, ажойиб. Чунки тарихдан маълумки, илмнинг баҳоси баланд, муаллимнинг мавқеи юқори давлатнинг йўли ойдин, истиқболи ёруғ бўлган. Мана шу янгиланишлар бардавом экан, Янги Ўзбекистон ҳам ривожланиш, тараққиёт чўққисига жадал кўтарилади.

    Муҳаббатхон МАМАЖОНОВА, Қўштепа туманидаги 30-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби:

    — Президентимиз фармонига кўра, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ ҳамкасбларим қатори давлатимизнинг нуфузли ордени билан тақдирланганим жуда ҳам қувонтирди. Табриклар, қутловлар бир дам бўлса-да тингани йўқ. Оддий қишлоқ ўқитувчисининг меҳнати бу қадар эътироф этилиб, рағбатлантирилгани нафақат менинг, балки бутун фарғоналик устозлар меҳнатига берилган юксак баҳо, десам муболаға бўлмайди. Бу заҳматли ва шарафли касбга меҳр қўйиб меҳнат қилаётганимга ўттиз йил бўлди.

    Дастлаб Марғилон шаҳридаги педагогика касб-ҳунар коллежини тамомладим. 2009 йили Фарғона давлат университетида бошланғич таълим йўналиши бўйича таҳсил олиб, олий маълумотли мутахассис бўлдим. Бугун устоз ва мураббийларга берилган имтиёз ва имкониятлар ишлаш, интилиш, янги ташаббусларга ундайди. 2016 йили бошланғич синфларга мўлжалланган “Бўғинлаб ўқиш ва имло саводхонлиги” мавзусидаги амалий тажрибаларга асосланган рисолам юртимиздаги умумтаълим мактабларида оммалаштирилди. 2019 йили “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.

    Президентимизнинг муаллимларга йўллаган табригидаги самимий дил сўзлари, бизга ишончи руҳлантирди. Бугун ўқувчиларим билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрлаши, дунёқараши, орзу-мақсадлари юксаклигига қойил қоламан. Ҳақиқатан ҳам, юртимизда илм-фан соҳасида дунё миқёсида рақобатбардош авлод шаклланмоқда. Биз эса уларга кўмакчи бўлаётганимиз билан фахрланамиз.

    Салима КАДИРИМБЕТОВА, Нукус туманидаги 22-умумий ўрта таълим мактабининг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, “Дўстлик” ордени соҳиби:

    — Бугун давлатимизда таълим муассасаларига, ўқитувчиларга эътибор юқори даражада. Байрам муносабати билан Президентимиз томонидан орден билан тақдирландим. Бундай юксак мукофот биз, ўқитувчиларни янги марраларга ундайди. Устозларни ҳурмат ва эъзоз қилган эл доим бахтлидир. Бетакрор Самарқанд шаҳри бўйлаб биз учун уюштирилган саёҳат ҳам муаллимларга эътиборнинг амалий ифодасидир. Кичкиналигимдан ўқитувчи бўлишни ният қилганман.

    Ҳар бир дарсни илғор педагогик технологиялар асосида, кўргазмали қуроллар ёрдамида мазмунли ўтишга, ўқувчиларнинг диққат-эътиборини мавзуга қаратишга ҳаракат қиламан. Болаларни дарсга қизиқтира олган муаллимнинг меҳнати зое кетмайди. Шу сабабли, ҳар куни дарсга пухта тайёргарлик кўраман. Ўқувчиларим фан олимпиадаси ва билимлар беллашувида совринли ўринларни эгаллаб, меҳнатимни юзага чиқармоқда. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ўқитувчилари ва мураббийларига йўллаган байрам табригида таъкидлаганидек, бугунги кун ўқитувчиси универсал мутахассис, ҳам ўргатувчи, ҳам ўрганувчи бўлиши, яъни ўз устида тинимсиз ишлаши, доимо изланиб яшаши керак.

    Дарҳақиқат, қалбида ўз касбига, Ватанига меҳр ва садоқат кучли бўлган педагоггина ҳақиқий ватанпарвар шахсни тарбиялай олади. Давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўқув муассасаларининг моддийтехник базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш сифати ва педагог ходимларнинг билим ҳамда малакасини ошириш, уларнинг меҳнатини муносиб баҳолашга қаратаётган эътибори ўғил-қизларимизнинг оламшумул ютуқларида акс этиб, ўз самарасини кўрсатади.

    Манзура МИСИРОВА, Дўстлик туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби:

    — Бу йилги касб байрамимиз мен учун қўшалоқ хурсандчилик бўлди. Президентимиз фармонига биноан орден билан тақдирландим. Мамлакатимиздаги минглаб ўқитувчилар орасидан ушбу юксак мукофотга лойиқ кўрилганимдан қалбим қувонч ва шодликка тўлди. Бу нафақат менинг, балки мен билан ёнма-ён меҳнат қилаётган касбдошларимнинг, мактабимиз жамоасининг ҳам ютуғидир. Йигирма икки йилдан бери таълим соҳасида ишлайман. Эътироф этиш керак, бугун мамлакатимизда халқ таълими тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Хусусан, Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони, шунингдек, “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришда катта туртки бўлди. Президентимизнинг: “Сиз, азиз устоз ва мураббийлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада том маънода тарихий миссияни адо этмоқдасиз.

    Чунки Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш — ҳақиқатан ҳам ғоят эзгу ва улуғ вазифадир”, деган сўзларини меҳнатимизга берилган энг юксак баҳо деб биламан. Ушбу юксак мукофот менга фахр, шараф ва ифтихор бағишлаши билан бирга, зиммамга катта масъулият ҳам юклайди. Бундан кейин ҳам бор билим ва кучимни халқ таълимини ривожлантиришга сарфлаб, халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates