баннер
25 апр 2025
16:42

    Хўжамушкент ота зиёратгоҳи

    Хўжамушкент ота. Бу номнинг ўзида ададсиз хислат, минг бир тахайюл намоён. Бу сўзни айта туриб қалбингизда нимадир “жиз” этганини сезасиз, тийраклашасиз... 

    Бу маскан ҳақида гўзал афсоналар жуда кўп. Улардан бирида одамларга яхшилик улашгувчи дарвешнишон авлиё тўғрисида ҳикоя қилинса, бошқасида тоғлар орасидаги гўзал диёрда яшовчи ўзбек халқи ҳақида бир-биридан ғаройиб афсоналар ва ҳикоятлар тилдан тилга кўчиб юради.

    Тарихий манбаларда тез-тез учраб турадиган Хўжамушкент ота зиёратгоҳи Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида жойлашган. Хўжамушкент отанинг асл исми ҳақида аниқ тарихий маълумот йўқ. Ривоятларда айтилишича, у кишининг асл исми Хўжа ибн Исҳоқ, энг яқин шогирдининг исми эса Хўжамуҳаммад бўлган экан.

    Қадамжода Хўжамушкент отанинг рамзий қабри устига хонақоҳ қурилган. Кираверишдаги масжид, дам олиш жойлари, чойхона ва меҳмонхона зиёратгоҳ кўркига кўрк қўшади. Зиёрат учун келганлар хонақоҳга кўтарилиб, рамзий қабр бошида авлиё ота руҳи покига тиловат ўқийди.

    Зиёратгоҳдаги ўн тўрт булоқнинг ҳар бири ўзига хос таъм ва шифобахшлик хусусиятига эга. Булоқлар қўшилиб, сойга айланади. Айтишларича, бу зилол сув минг дардга даво. Улар ўз хусусиятига кўра, алоҳида номланади. Ниятбулоқ, Муродбулоқ, Иситмабулоқ, Қўтирбулоқ... Яхши ният билан келганлар булоқларда юз-қўлини ювиб, шифобахш сувдан тўйиб-тўйиб ичади. Булоқлар сувининг инсон организмига фойдали минералларга бойлиги илмий жиҳатдан исботланган. Атрофдаги турфа дарахтлар, гуллар, ажиб ифор таратувчи райҳонлар зиёратчиларнинг баҳри дилини очади.

    Алишер Навоийнинг “Насойим улмуҳаббат” асарида Юсуф Ҳамадонийнинг устози Шайх Абу Исҳоқ бўлгани қайд этилган. Бу асарда яссавийлик тариқати валийлари қаторида Исҳоқ ота тўғрисида ҳам маълумот келтирилади. Шунингдек, Насафийнинг “Қандия” асарида Юсуф Ҳамадонийнинг Мовароуннаҳрга келиши ҳақида: “Ҳамадон вилоятида 11 нафар ошналари ҳамроҳлигида келган эдилар. Уларнинг тўртинчиси Хожа Исҳоқ”, деган маълумот мавжуд. Шайх Абу Исҳоқ мазкур масканда қўним топган авлиё ота бўлиши ҳам мумкин, деган тахминлар ҳам бор.

    Халқ орасида Хўжамушкент, яъни мушкулларни осон қилувчи хўжа номи билан машҳур тарихий зот ҳақида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ривоятга кўра, қадим замонлар ул зот шу элда яшовчи кампирдан бир кеча тунагани жой сўрабди. Кампир “Жой бераман-ку, аммо сизларни меҳмон қилолмайман, ёлғиз эчкимнинг бир пиёла сутидан бошқа таомим йўқ”, дебди хижолатомуз. Шунда меҳмон, “Майли, энажон, ўша эчкингизни соғиб келинг-чи”, дебди. Кампир эчкисининг бир пиёлагина сутини қоқлаб соғиб олиб, меҳмонга манзират қилибди.

    — Энди бул сутни човлидан ўтказинг, — дебди меҳмон.

    Кампир ишониб-ишонмай пиёладаги сутни човлидан ўтказибди. Қараса, бир пиёла сут бир қозонга тўлибди. Ҳаммалари Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сутдан тановул қилибди. Соҳиби каромат авлиёнинг шу каби хислатлари эл аро афсона бўлиб, бекнинг қулоғига етибди.

    Бек уни ҳузурига чорлабди. Кароматларини ўз кўзи билан кўрмоқни истабди.

    — Подангизнинг ичида бир кўк буқа бор. Шуни сўйиб, элга худойи қилиб тарқатинг, терисини ва шу терича ерни бизга беринг, токи шу ерни макон қилайлик, — дебди авлиё. Унинг айтгани бажарилибди. Кўк буқанинг терисини ёйган экан, шу жойдан булоқ отилиб чиқибди. Уни Буқабулоқ, деб атай бошлашибди.

    Ҳамма замонларда бўлгани каби бу эл орасида ҳам ҳасадгўйлар бор экан. “Бу кароматгўй ҳозирча бир буқанинг терисича ерни сўради. Бориб-бориб бутун бекликнинг ерларини сўраса, кейин биз нима қиламиз? Яхшиси, уни келган томонига қувлаймиз, ундан қутулишимиз зарур”, деган фисқу фасод тарқатиб, одамларнинг онгини бузибди. Оломон таъқибидан қочган авлиё ва унинг шогирди ҳозирги зиёратгоҳнинг ўрнига келиб қолибди. Ҳассалари теккан ердан булоқ кўз очаверибди. Таъқибчилардан қутулиш учун яна бир каромат кўрсатибди: тик жарликка мушт урибди. Ҳар урган мушти ўрнида ғор пайдо бўлибди. Ўзлари шу ғордан бирининг ичига кириб, ғойиб бўлибди. Таъқиб қилиб келганлар ғорларга кириб ҳарчанд қидирсалар ҳам у кишини тополмаган экан.

    Яна бир ривоятда айтиладики, Ироқда тузалмас дарди бор кишиларга “Хўжамушкент деган жойга бориб, сувида ювинасиз ва ўн кун истиқомат қилсангиз, ҳар қандай дарддан фориғ бўласиз”, деб маслаҳат беришаркан. “Хўжамушкент қаерда?” деб сўрасалар, “Маккатиллода бир ғор бор, ўша ғорнинг охири қаердан чиқса, Хўжамушкент ўша жой бўлади”, деб жавоб берар экан.

    Чор Русияси истибдоди кучайган 1918-1919 йиллар... Босқинчилар Ватан озодлиги учун курашган, юртнинг бек боласи Холбўтабекни ушлаб олиб кетаётган экан. Қизил аскарлар қуршовида кетаётган бек йигитни хўжамушкентлик бир тўп отахонлар кузатиб қолади. Холбўтабек сафар олдидан зиёратгоҳни тавоф қилибди, қўйнидан залворли халтача чиқарибди-да, шу қишлоқлик мулла Олим деган кишига бериб, “Бу жойда бир обод бино қуринг, токи авлодлар мудом азизларимизни зиёрат қилиб турсин!”, деган экан. Эл-улус бу пулга бино қурибди. Узоқ-яқиндан авлиё зиёратига келганлар учун дам оладиган маскан бўлибди, кейинчалик Аллоҳнинг уйи — масжидга айланибди.

    Йиллар ўтиб бу бино мактаб вазифасини ўтайди, Иккинчи жаҳон уруши йиллари чет давлатлардан келтирилган етим болалар учун “детдом” — меҳрибонлик муассасасига айлантирилди. Кейинчалик яна мактаб... Бино бино бўлиб яралибдики, фақат яхшиликка, эзгуликка, маърифатга хизмат қилган. Зеро, бинони қуришни васият қилган бек йигитнинг ҳам нияти шундай бўлганди. Ният амалга ошди.

    Замонанинг зайли билан қадамжо кўп йиллар қаровсиз қолди. Кейинчалик яна одамлар зиёратга келишни бошлади. Яқин атрофда яшовчи аҳоли бу жойни тартибга келтириш, супур-сидирни ўз зиммасига олди.

    Одамлар авлиё бобонинг зиёратидан кўнгиллари тўлиб, ниятлари амалга ошгани сайин ихлос билан уни обод қилишга киришиб кетди. Зарбдор туманидаги Оқбулоқ қишлоғилик йигит синглисининг кўзи очилгач, ўз ҳисобидан Хивадан усталар келтириб, хонақоҳ қурдирди. Янгийўллик бир зиёратчи эса масжид биносини ўз ҳисобидан таъмирлаб берди. Яна кўплаб зиёратчиларнинг саховатлари билан зиёратгоҳ йўллари, бинолар таъмирланди, айвонлар солинди, кўприклар, йўлаклар барпо этилди. Атроф соя-салқин бўлсин, деб кўчатлар ўтқазилди. Ҳар баҳорда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.
    Эҳ-е, бу манзилда йилнинг ҳар бир кунига бир булоқ бахшида этилган. Самарқандлик археолог олим Алексей Грицина зиёратгоҳда 365 та булоқ санаган.

    Бу ерда қалбингизнинг меҳварига бир тутам нур — илоҳий шуур туташса, руҳингиз тозаланса, енгиллашсангиз, бунда ётган улуғ зотларнинг сизга назар солгани, рўйхуш бергани шул эмасми?!

    Асолат АҲМАДҚУЛОВА,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech