Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда 30 дан ортиқ давлатдан 350 дан кўпроқ йирик хорижий компаниялар топ-менежменти вакиллари иштирок этди.
Лазиз Кудратов форум иштирокчилари қутлар экан, ўз нутқида Ўзбекистонда сўнгги 8 йил давомида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида валюта курси либераллаштирилгани, солиқ ва божхона тизимлари ислоҳ қилингани, монополияга барҳам берилгани, асосий тармоқларда давлат иштироки қисқаргани ва хусусий тадбиркорлик учун кенг имкониятлар очилганини таъкидлади.
Бу саъй-ҳаракатлар самараси натижасида ўтган йили Ўзбекистонга 35 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди, бу 2017 йилга нисбатан ўн баробар кўп. ЯИМ ўсиши йилига 6 фоиздан ошяпти. Экспортчилар Европага 6 200 дан ортиқ турдаги маҳсулотларни божсиз экспорт қилиш имконини берувчи GSP+ имтиёзлар тизими каби воситалар ёрдамида жаҳон бозорларига фаол интеграциялашиб боряпти. 2030 йилга бориб Ўзбекистон ўртача даромади юқори бўлган давлатга айланиб, экспорт ҳажмини икки баробарга – 45 миллиард долларга, ялпи ички маҳсулотини эса 200 миллиард долларга етказишга тайёрланмоқда.
Мамлакат тараққиётида ҳудудларнинг салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Лазиз Кудратов ўзига хос географик жойлашуви, ер ресурслари, ривожланаётган инфратузилма, малакали ишчи кучи каби Жиззахнинг сармоявий жозибадорлигига замин яратаётган бир қатор омилларни келтириб ўтди.
Вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм жадал ривожланяпти, бу Жиззахни узоқ муддатли инвестициялар учун жозибадор жойга айлантиряпти, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
«Бугунги форум шунчаки тантанали учрашув эмас. Бу ҳаракат платформаси. Мен ҳар бирингизни ушбу кундан тўлиқ фойдаланишга чақираман. Энг муҳими, бу ҳақиқий, узоқ муддатли ҳамкорликнинг бошланиши бўлади», — деди ИССВ раҳбари.









