Мақсад одамларни лоқайдлик, боқимандалик иллатларидан холос қилиш. Қолаверса, бозорлар ва халқимиз дастурхонидаги тўкинликка ҳисса қўшиш ҳам ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади. Бундан ташқари, бугунги коронавирус пандемияси шароитида «Олма пиш, оғзимга туш» тарзида яшаш ҳам халқимизнинг феъл-атворига тўғри келмайди.
Чиноз туманининг «Сутбулоқ» маҳалласи Аҳиллик кўчасидаги 22-уйда истиқомат қилувчи Собир ака Раҳмонбердиевлар хонадонида бўлдик. Дарвозадан киришимиз билан бизга келин салом берди. Бундан албатта, кайфиятимиз кўтарилди. Бизга ҳамроҳлик қилаётган маҳалла раиси Бахтигул опа Бегайдарова бир ҳафта аввал хонадонда карантин талаблари асосида тўй бўлгани, Бобуржон билан Мафтунахон бир-бирларига кўнгил қўйиб, оила қурганини сўзлаб берди.
– Ҳудудимиздаги фуқаролар меҳнаткаш, қарийб 90 фоиздан ортиғи томорқадан катта даромад олади. Шу бос, тўқ яшашади. Бизда деярли кам таъминланган оилалар йўқ, – дейди фахр билан опа.
Собир ака турмуш ўртоғи билан ҳалол меҳнати туфайли 3 ўғил ва бир қизни вояга етказяпти. Икки ўғли, келини Мафтунахон олий ўқув юрти талабалари. Ҳовлисининг 14 сотихи томорқа бўлиб, унинг бир қисмида иссиқхона барпо этилган. Оиланинг барча аъзолари у ерда бирдек меҳнат қилишади. Булғор қалампири, бодринг экилган майдонларда етиштирилган ҳосилни саранжомлаб олишиб, энди помидор экишяпти. Шафтоли, олма, нок роса ҳосилга кирган бўлиб, албатта, бу ҳам оила аъзоларининг насибаси.
– Билганга томорқа кони фойда,– дейди Собир ака. – Ерга меҳр бериб, ишлов берилса, дастурхон тўкин, рўзғор обод бўлади. Катта бир рўзғорни бемалол тебратади. Оиламизнинг 7 нафар аъзоси меҳнат билан банд. Шунинг орқасидан тўйлар қиляпмиз, фарзандларимизни ўқитяпмиз, бир ўғлимизга уй қуряпмиз, борди-келдилар, қўйингчи, қанча харажат бўлса, ҳаммасини қоплайди. Йиллик даромадимиз чакки эмас. 35-40 млн.сўмгача боради. Агар томорқа бўлмаганида, шунча пулни қаердан топардик.
Дарҳақиқат, деҳқончиликнинг ҳадисини олган Собир аканинг гапида жон бор. Билганга томорқа кони фойда. Зеро, баҳор пайтида фурсатни қўлдан бой бермай, кафтдек ерни ҳам бўш қолдирмасдан, экин экиш, ниҳол қадаш, умуман ердан унумли фойдаланиш турмуш фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворини яратиш демакдир.
Сурайё АҲМEДОВА,
Низом СУЛТОНОВ.