Аввалги қишлоқ аҳолиси билан бугунги қишлоқ одамлари ҳақида гап борганида, уларнинг ҳаёт тарзи, яшаш даражаси, даромадида сезиларли фарқ юзага келгани кўзга ташланади. Аввало, халқимизда бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш, кичик томорқадан ҳам яхшигина даромад олиш кўникмаси шаклланди. Бу ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ, албатта. Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ўз томорқасида экин-текин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.
Юртимизда 5,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгалари 509 минг гектар ер майдонларида деҳқончилик қилмоқда. Хонадон томорқасида ҳар ким ўз имконияти, ихтиёрига қараб маҳсулот етиштиради. Талабгорлар орасида мева-сабзавотчиликка қизиқадиганлар ҳам кўпчилик. Айримлари бу иш билан аввалдан шуғулланиб келган бўлса, баъзилар тажрибали деҳқонлардан ишнинг ҳадисини олиб, сўнг жараёнга киришади. Асосийси, вақтини ҳам, ҳовлидаги ер майдонини ҳам бўш қолдирмай, оиласи даромадига ҳисса қўшади.
Республиканинг барча ҳудудларида аҳоли томорқаларидан 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш бўйича Сурхондарё тажрибаси асосида ишлар ташкил этилмоқда. Жумладан, фермерлар кенгаши, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари мутахассислари ва агрономлари маҳаллаларга бирма-бир бириктирилиб, “маҳалла еттилиги” билан фаол ҳамкорлик қилишмоқда.
Хусусан, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳалладаги хонадонлар сони, экин ери, маҳсулотларга бўлган талаби ва уни қондирилиш даражасини аниқлаш имконини берувчи электрон базага хонадонбай маълумотларни киритиб бориш йўлга қўйилди, фуқароларга кўмаклашилмоқда.
Мисол учун, Уйчи тумани Хизраобод МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Отабек Муродов томонидан маҳалласидаги талабгорларга 4 сотих майдонида иссиқхона ташкил этиш, 1 та мотокультиватор олиш ҳамда қуввати 1000 дона бўлган инкубатор ташкил этиш учун зарур бўлган кредит ресурси ажратишга кўмаклашган, маҳалладаги 151 нафар томорқа ер эгалари томорқасида ўз-ўзини банд бўлиши таъминланган.
Шунингдек, ёшлар етакчилари томонидан маҳалладаги уюшмаган ёшлар деҳқонларга бириктирилган бўлса, Солиқ идораси ходимлари томонидан томорқа хўжаликларида фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, иш стажига эга бўлишини таъминлашга қаратилган тизимли ишлар ташкил этилмоқда.
Ер олиб, экин эккан билан ҳосил мўл бўлавермайди. Яхши натижага эришиш учун билим, тажриба зарур. Ҳудудларда маҳаллабай ишлаш тизими, уйма-уй юриш орқали тарғибот ишларини олиб бориш, маҳаллаларда “Бир махалла — бир махсулот” тамойили асосида ишларнинг тизимли йўлга қўйилиши аҳолига қулайлик яратяпти. Ушбу тизим натижасида республика бўйича 5 мингдан ортиқ маҳаллалар муайян бир турдаги маҳсулот етиштиришга иқтисослаштирилди. Шу тариқа, сабзавотчилик, картошкачилик, мевачилик ва боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа йўналишлар маҳаллалар миқёсида ривожлантириляпти.
Масалан, Урганч тумани “Ғойбу” МФЙда 6134 нафар томорқачи томонидан 439 гектар томорқа майдонида сабзавотчилик маҳсулотлари етиштириш ҳисобига 12-13 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, 50-52 млрд сўм даромад олмоқда.
Маҳаллаларнинг бир маҳсулотни етиштиришга ихтисослашиши қатор афзалликларга эга. Аввало, “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан битта маҳаллага бир маҳсулот уруғи ёки кўчати етказиб берилиши ҳисобига хонадонлар эгаларининг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Маҳсулот пишиб етилганидан кейин ҳам харидор топишда муаммолар бўлмайди. Бир маҳсулотни катта ҳажмда олувчи харидорлар доим топилади.
Биргина Самарқанд вилоятининг Тайлоқ, Булунғур ва Ургут туманларинг “Элобод”, “Саховат”, “Олмазор”, “Галаботир”, “Узун” ва “Ватак” МФЙдаги 2800 дан ортиқ хонадон картошкачиликка ихтисослаштирилиб, бу ерда йилига икки марта ҳосил етиштириляпти. Эртаки картошканинг плёнка остига экилиши ҳисобига маҳсулот нархи ўсишининг олди олинмоқда. Муҳими, аввалдан картошкачилик билан шуғулланган хонадон эгалари ҳам янгича тизим ортидан кўпроқ даромад ола бошлади.
Хонадонда томорқаларидан фойдаланишнинг яна бир самарали усули иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобланади. Бу орқали ҳам яхшигина даромад, ҳам йилига 2-3 марта ҳосил олиш мумкин. Ҳатто, оила аъзолардан ташқари, қўшимча бир неча кишини иш билан таъминлаш имконияти ҳам бор.
Янги иш ўринлари яратиш, айрим инсонлардаги боқимандалик кафиятини йўқотиш, уларни тадбиркорлик соҳасига, аҳолини шахсий томорқадан самарали фойдаланишга кенг йўналтириш мақсадида жорий йилнинг ўтган даврида 133,6 минг хонадондаги жами 1925 гектар майдонга ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Айни пайтда республикамиздаги 747 мингдан зиёд хонадонда иҳчам иссиқхоналар мавжуд бўлиб, аҳоли уларда меҳнат қилиб, рўзғорига қўшимча даромад қиритяпти.
Жумладан, Пахтачи туманида истиқомат қилувчи Нодира Эгамбердиева, Зокир Эштанов, Бердулла Эгамбердиев, Вахоб Норқуловлар ихчам иссиқхонада маҳсулот етиштириб, ўртача 45-50 миллион сўмдан даромад олмоқда. Аҳамиятлиси, бундай иссиқхоналарни имтиёзли кредитлар асосида қуриб, аҳолига топширишда “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг ҳиссаси катта бўляпти.
Ҳудудларда томорқа билан ишлайдиган, аҳолига моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилиб, “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳолига деҳқончилик ишларини бошлашда катта кўмак бермоқда.
2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналарига йил сайин талаб ортиб бораётгани ҳам шу важдан. 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан республикамиз бўйлаб 3 мингдан ортиқ “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди.
Бундай корхоналар иш бошлаган илк куниданоқ аҳолига кўмакчи бўлиб, одамларнинг томорқаларга экин экиш, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.
Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, жорий йил давомида 3 105 та “Томорқа хизмати” жамиятлари томонидан 865 мингдан ортиқ хонадонга хизмат кўрсатилди.
Етиштирилган маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлашни кенгайтириш мақсадида, республика ҳудудида жами 703 та (34 минг тн) совуткичли омборхона ва 413 та (72 минг тн) қуритиш линиялари ишга туширилди. Мисол учун, Косон тумани “Ўрта оврон” маҳалласида тадбиркор томонидан 30 тонналик совуткич ташкил этилиб, унда сабзи ва олмани сақлаш ҳисобига 60 млн сўм қўшимча даромад олди.
Соҳа ривожида кластерлар фаолияти муҳим драйверга айланаётгани сир эмас. Қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари қаторида ўтган йилдан бошлаб “Томорқа хизмати” кластерлари ҳам ташкил этиляпти. Хусусан, айни вақтда мева-сабзавот кўп етиштириладиган туманлар 12 та йўналиш бўйича 72 та томорқа хизмати кластерлари иш олиб бормоқда. Улар томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштиради.
Жорий йилнинг ўтган даврида Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма томонидан томорқачиликни ривожлантириш учун жами 564 млрд сўм, жумладан, томорқа ер эгаларига 410 млрд сўм, “Томорқа хизмати” МЧЖларга 40 млрд сўм, кооперативлар ва йирик тадбиркорларга 25 млрд сўм, фермер ва деҳқон хўжаликларига имтиёзли кредит учун 20 млрд сўм, артезиан қудуқлар қазишга субсидия учун 53 млрд сўм маблағлар ажратилди.
Яратиб бералаётган имкониятлардан самарали фойдаланаётган “Томорқа хизмати” МЧЖлар аҳоли томорқаларида етиштирилган ҳамда кластерлар томонидан қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ички бозорларимиздан ташқари, хорижга экспорт қилишга эришяпти. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 21 та “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 26 миллион долларлик 32,6 минг тонна маҳсулот Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Россия, Украина, Германия, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Хитой, Малайзия ва бир қатор Европа малакатларига экспортга йўналтирилди.
Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муоммолар ҳам мавжуд. Масалан, сув таъминотидаги муоммолар сабаб йиллар давомида томорқа ерларига экин экиш, деҳқончилик қилиш имконияти бўлмаган маҳаллалар сони ҳам талайгина эди. Давлатимиз томонидан кўрилган зарурий чоралар сабабли сув таъминоти оғир бўлган кўплаб маҳаллаларга сув чиқариб берилди.
Жумладан, сув таъминоти оғир бўлган 1 115 та маҳаллада томорқаларни суғориш учун 2 163 та артезиан қудуқлари қазиш ҳаражатларини қоплаб бериш учун бюджет маблағлари ҳисобидан 200 млрд сўм субсидия ажратилди. Натижада 5 134 та хонадоннинг 2,5 минг гектар томорқа ер майдонларида экин экиш ва даромад олиш имконияти яратилди.
Томорқадан яхши даромад олиш учун етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Жумладан, ҳудудлардаги “Томорқачиликни ривожлантириш марказлари”да ўқув машғулот майдонларида қишлоқ хўжалиги олимлари, соҳа мутахассислари, кўп йиллик тажрибага эга уста-деҳқонларни жалб қилган ҳолда жами 7 мингдан ортиқ томорқа ер эгаларига шу соҳа бўйича кенг тушунча ва тавсиялар бериб келинмоқда.
Бундан ташқари, ўз томорқасида меҳнат қилиб, ерга меҳр бериб элда азиз бўлаётган, шахсий томорқа ер участкаларидан самарали ва оқилона фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришаётган, соҳага замонавий инновацион технологияларни жорий этган ҳолда экологик ва органик тоза ва сифатли маҳсулотларни етиштираётган деҳқонларимиз сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.
Жорий йил “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” байрами арафасида 809 нафар намунали томорқа ер эгалари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг “Намунали томорқачи” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, томорқада қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиб келаётган 286 минг нафар фуқаролар Солиқ қўмитасида ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган.
Фахриддин СУЮНОВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи