Хорижий етакчилардан Наврўз байрами муносабати билан самимий қутловлар

    Ҳукумат 21 март 2024 4649

    Ўзбекистон Республикаси Президенти номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбобларидан самимий табриклар келмоқда.

    Кўп миллатли халқимизнинг она юрт ва табиатга меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик, эзгулик ва бағрикенглик, бунёдкорликка интилиб, дўстлик ва тотувликда яшаш, тинчлик ва фаровонликнинг қадрига етиш каби олийжаноб қадриятларини ўзида мужассам этган қадимий байрам – Наврўзи олам муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли жамоат арбобларидан самимий табриклар келмоқда.

    Хорижий етакчилар ва ҳамкорлар мамлакатимиздаги аҳоли ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қаратилган ортга қайтмас сиёсий янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юксак баҳолаб, уларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи сезиларли даражада мустаҳкамланганини қайд этмоқда ҳамда Ўзбекистон халқига бардавом равнақ тилакларини изҳор этмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Президент жаноблари!

    Сизга Хитой тақвими бўйича Янги йил муносабати билан йўллаган табрик мактубингиз учун самимий миннатдорлик билдиришга ҳамда Хитой ҳукумати ва халқи номидан, шахсан ўз номимдан Сизни ва Ўзбекистон халқини анъанавий байрамингиз – Наврўз билан чин дилдан қутлашга ижозат бергайсиз.

    Яқинда Хитойга амалга оширган давлат ташрифингиз давомида биз сермазмун ва самарали музокаралар ўтказиб, Хитой билан Ўзбекистон ўртасида барча шароитда ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантиришимиз ва Хитой-Ўзбекистон умумий тақдир ҳамжамиятини юксак ишонч билан барпо этишимизни эълон қилдик, бу эса икки давлатнинг турли соҳалардаги ҳамкорлиги учун янги тарихий имкониятларни очади.

    Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаман ва халқларимиз анъанавий дўстлигини мустаҳкамлаш, Хитой-Ўзбекистон умумий тақдир ҳамжамиятини барпо этишни катта амалий мазмун билан бойитиш сари давлатларимиз модернизациясига кўмаклашиш мақсадида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш борасида Сиз билан биргаликда ишлашга тайёрман.

    Сизга мустаҳкам соғлик ва фаолиятингизда муваффақиятлар, дўст Ўзбекистон халқига бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

    Си Цзиньпин,

    Хитой Халқ Республикаси Раиси

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Президент жаноблари!

    Қўшма Штатлар халқи номидан Сизга ва Ўзбекистон халқига уйғониш ва янгиланиш элчиси – Наврўз айёми муносабати билан энг эзгу тилакларимизни йўлламоқдаман.

    Ўтган йил давомида биз Марказий Осиё ва ундан ташқарида тинчлик ва фаровонликни таъминлаш учун халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш борасида ҳамкорлик қилдик. Қўшма Штатлар ушбу янги имкониятлар даврида Ўзбекистоннинг ислоҳотлар ва тараққиёт йўлини қўллаб-қувватлайди. Мен халқларимиз ва дунёдаги барча инсонлар учун янада яхши келажак қуриш йўлида мамлакатларимиз биргаликда ишлаши учун янги имкониятларни интизорлик билан кутаман.

    Наврўз муборак!

    Ҳурмат билан,

    Жозеф Байден,

    Америка Қўшма Штатлари Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

    Наврўз байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табрик ва эзгу тилакларимизни йўллашдан беҳад мамнунмиз.

    Фурсатдан фойдаланиб, Аллоҳ таолодан Сиз, Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, қардош Ўзбекистон халқига тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламиз.

    Жаноби Олийлари, Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

    Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,

    Саудия Арабистони Подшоҳи

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

    Наврўз байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий табриклар ва эзгу тилакларни йўллашдан мамнунман.

    Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва халқига эса юксак тараққиёт ва фаровонлик тилаб қоламан.

    Сиз, Жаноби Олийларига бўлган самимий тилакларим ва юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз.

    Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд,

    Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари, азиз қардошим,

    Ҳар йили табиатнинг жонланиши ва тупроқнинг уйғониши тимсоли бўлмиш Наврўз байрами муносабати билан Сиз, Жаноби Олийлари ҳамда дўст ва қардош Ўзбекистон халқига энг самимий табрикларимни йўллашдан бағоят бахтиёрман.

    Асрлар аввалига таянувчи қадим анъана бўлмиш Наврўз бизларга умид ва баракага тўла кунлар ҳақида суюнчи келтирмоқда. Умумий маданиятимизнинг муҳим парчаси бўлган ушбу шукуҳли кунларда дўстлик ва қардошлик ришталаримизнинг янада кучайишига аминман.

    2024 йил биз учун янги имкониятлар ва муваффақиятлар олиб келадиган йил бўлишига умид қиламан.

    Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар тобора мустаҳкамланиб, тараққий этиши ҳамда умумий мақсадларимизга биргаликда эришиш йўлида янада кўпроқ ҳамкорлик қила олишимизни ният қилиб, Сиз, Жаноби Олийларига ҳамда дўст ва қардош Ўзбекистон халқига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва омонлик тилаб қоламан.

    Камоли эҳтиром ила,

    Режеп Таййип Эрдоған,

    Туркия Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Барчамиз учун муштарак бўлган баҳор айёми Наврўз муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.

    Наврўз байрами тинчлик-хотиржамлик ва аҳилликнинг бошланиши, эзгулик ва бунёдкорлик даракчиси сифатида қардош халқларимиз томонидан алоҳида эъзозланади, хайрли ниятлар ва катта умидлар билан кутиб олинади. Ушбу файзли айём умумий тақдир билан боғланган халқларимиз ҳаётини нурга тўлдирсин, қут-барака ва шодлик олиб келсин.

    Мамлакатларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничиликка асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари яқин халқларимиз манфаатлари йўлида жадал ривожланишда давом этишига ишончим қатъий.

    Ушбу қутлуғ кунда Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги муваффақиятлар, Ўзбекистоннинг ҳар бир хонадонига бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.

    Ҳурмат билан,

    Қасим-Жомарт Тоқаев,

    Қозоғистон Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович,

    Сизни баҳорнинг қутлуғ байрами – Наврўз билан табриклайман.

    Асрлар оша давом этаётган умумий анъанамиз, баҳор ва янги ҳаёт элчиси, қардошлик ва биродарлик рамзи бўлмиш ушбу айём мамлакатларимизни нурафшон этиб, шодлик ва равнақ олиб келсин.

    Ушбу файзли байрам муносабати билан Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик ва улкан бахт, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва барча яхшиликларни тилаб қоламан.

    Энг эзгу тилаклар ила,

    Нурсултон Назарбоев,

    Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Наврўз байрами билан Сизни ва бутун Ўзбекистон халқини чин дилдан қутлайман.

    Қадимий Наврўз янгиланиш ва яратувчилик, тинчлик ва аҳилликка интилиб яшашни ифода этиб, қардош халқларимизнинг умумий келиб чиқишини ва энг намунали қадриятларини акс эттиради, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат мустаҳкамланишига пойдевор ясайди.

    Ишончим комил, бўлажак икки томонлама тадбирлар натижалари давлатларимиз ўртасидаги сиёсий мулоқотнинг юксак даражасини яна бир бор тасдиқлайди ҳамда кўп қиррали Қирғизистон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг муваффақиятли ривожланиши ва мустаҳкамланишига хизмат қилади.

    Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик, давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва тараққиёт тилайман.

    Ҳурмат билан,

    Садир Жапаров,

    Қирғиз Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Муҳтарам Шавкат Миромонович!

    Сизни ва Сиз орқали дўст Ўзбекистон халқини халқаро Наврўз – баҳорги тенгкунлик байрами билан табриклаш менга катта мамнуният бағишлайди. Аждодларимизнинг ушбу қадимий айёми муносабати билан энг эзгу ва самимий тилакларимни қабул қилинг.

    Минг йиллар давомида инсоният йўлини ёритиб келаётган энг улуғ байрамлардан бири бўлмиш Наврўзнинг азалий урф-одатлари ва бой фалсафаси бугун одамзод ҳаётига ўзгача кўрк бағишламоқда.

    Ушбу баҳор байрами замирида ётган умуминсоний қадриятлар ва боқий ғоялар янги ҳаёт бошланиши, табиат уйғониши рамзи, эзгулик, бағрикенглик ва ўзаро англашув тантанаси сифатида бундан буён ҳам бизга тикланиш ва бунёдкорлик, тинчлик ва хотиржамлик, ўзаро ҳурмат ва ишонч сари йўл кўрсатиб туради.

    Файзли Наврўзнинг эзгу анъаналарига мувофиқ, бизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан стратегик шериклигимиз ва иттифоқчилигимиз доирасида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари ва ўзаро манфаатли кўп қиррали ҳамкорлик ривожланишда ва кенгайишда давом этишига ишонаман.

    Сизга, ҳурматли Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва барқарорлик, фаровонлик, тараққиёт ва равнақ тилайман.

    Наврўз муборак!

    Ҳурмат билан,

    Эмомали Раҳмон,

    Тожикистон Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Сизни ва Ўзбекистон Республикасининг қардош халқини халқаро Наврўз байрами билан самимий қутлайман!

    Дунёнинг кўплаб мамлакатларида нишонланадиган ушбу айём баҳор бошланиши ва табиат уйғониши рамзидир. Наврўзнинг эзгу анъаналари ва урф-одатлари бугун жуда долзарб аҳамиятга эга бирдамлик ва ўзаро англашувни илгари суришга, халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

    Ушбу айём кунларида Сизга ва мамлакатингиз халқига бахт-саодат, фаровонлик ва равнақ тилайман.

    Чуқур ҳурмат ила,

    Сердар Бердимуҳамедов,

    Туркманистон Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ҳурматли Шавкат Миромонович!

    Халқаро Наврўз айёми кириб келиши муносабати билан самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни қабул қилинг!

    Наврўз байрами инсониятнинг тинчлик, тотувлик ва дўстлик каби боқий қадриятларини ифода этади. Минг йиллар давомида шаклланган олийжаноб анъаналарни ўзида мужассам этган Наврўз юксак инсонпарварлик ва меҳнатсеварлик тамойиллари тантанасини намойиш этиб, аҳиллик, меҳр-оқибат ва тинчлик-тотувликка интилиб яшашга даъват этади.

    Ушбу файзли байрам Сизга ва мамлакатингиз халқига тинчлик-осойишталик, шодлик ва янги муваффақиятлар олиб келсин!

    Чуқур ҳурмат билан,

    Гурбангули Бердимуҳамедов,

    Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Муҳтарам Шавкат Миромонович!

    Азиз қардошим!

    Сизга ва қардош Ўзбекистон халқига бой тарихий ва маданий меросимизни асраб-авайлаб келаётган Наврўз байрами муносабати билан самимий табрикларимни йўллаш менга катта мамнуният бағишлайди.

    Она-табиатга чексиз меҳр-муҳаббатнинг ёрқин ифодаси бўлган Наврўз юксак қадриятларни ўзида мужассам этади ва одамларни бир-бирига яқинлаштиради. Баҳорги кайфият улашувчи Наврўзнинг қадим анъаналарига садоқат бой маданий меросимизга ҳурматимиз ифодаси ҳамдир.

    Бой маънавий мерос ворислари бўлган қардош халқларимиз фаровонлиги йўлида ҳамда шериклигимиз ва аҳиллигимизни асраш ва муттасил мустаҳкамлаш мақсадида биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни муваффақиятли давом эттиришимизга ишонаман.

    Фурсатдан фойдаланиб, менинг Озарбайжон Республикаси президентлигига қайта сайланганим билан йўллаган самимий табрикларингиз ва эзгу тилакларингиз учун Сизга миннатдорлик билдираман. Қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва барча соҳаларда ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш бўйича доимий ва қатъий саъй-ҳаракатларингизни юксак қадрлайман, ўртамиздаги шахсий муносабатларни ва дўстлигимизни доимо ардоқлайман.

    Ушбу файзли кунларда Сизга ва оилангиз аъзоларига мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, қардош Ўзбекистон Республикаси равнақи йўлидаги олий давлатчилик фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман.

    Ҳурмат билан,

    Илҳом Алиев,

    Озарбайжон Республикаси Президенти

    ***

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

    Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига самимий табрик ва тилакларимни изҳор этиб, Сизга йил давомида фаровонлик ва хайру-барака тилашдан мамнунман.

    Дўст мамлакатингиз ва халқингизнинг осойишталиги ва равнақи йўлидаги барча орзу-умидларингиз ва интилишларингиз рўёбга чиқишини сўрайман.

    Фурсатдан фойдаланиб, Сиз Жаноби Олийларига ва оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва Аллоҳ Таоло Сизни ўз паноҳида асрашини тилаб қоламан.

    Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум,

    Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими

    Шунингдек,

    Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий,

    Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий,

    Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев,

    Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин,

    Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусрав Нозирий.

    Қутловлар келиши давом этмоқда.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates