Хотираларни қайта уйғотиб...

    Ҳарбий 19 май 2020 4140

    Иккинчи жаҳон уруши. Биз 75 йил муқаддам бўлиб ўтган бу қирғинбарот лавҳаларини орамизда саноқли қолган уруш қатнашчиларининг хотиралари, кинотасмалар, ҳужжатли фильмлар ва суратлар орқали кўз олдимизга келтирамиз.

    Ҳатто, эслашнинг ўзи оғир бўлган жанглар, йўқотишлар, курашлар энди хотирага айланди. Тинчлик учун жон олиб жон берган аждодларимиз ҳар бир сўзи бизга тарих ҳақида қимматли маълумотларни туҳфа этади. Бундай инсонларни ҳар қанча эъзозласак, қадрласак, суҳбатларидан қанча кўп баҳраманд бўлсак, шунча кам. Демак, нафақат байрам кунлари, балки йилнинг ҳар бир куни уларни йўқласак, бу энг хайрли иш, энг савобли амалдир.

    Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят Кенгаши бу мақсадда тизимли ишларни йўлга қўйган. Яқинда бу ташкилотнинг Наманган шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ўтказган тадбири фикримиз далилидир.

    Тадбир давомида Наманган шаҳрида истиқомат қилаётган 6 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийлар ҳолидан хабар олинди. Дилга яқин суҳбатлар давомида шундай воқеа рўй бердики, боболар кўзида беихтиёр аввал ҳайрат, сўнгра тарих жонланди.

    Аниқроқ айтадиган бўлсак, уруш кўрган бу инсонларга Наманган шаҳар Ўқув Спорт техника клубига қарашли спорт секция мураббий ва спортчилари томонидан анчагина билим, куч ва маҳорат сарфланиб ясалган, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фойдаланилган жанговор русумдаги самолётларнинг моделлари совға қилинди. Моделларга термулган ва юзида ним табассум акс этган боболар хаёлидан ўтаётган фикрларни англаш қийин эмасди. Улар орасида ғалабани қўлга киритишда асқотган бундай самолётларни бошқарганлар ҳам йўқ эмас.

    Фахрийлар кутилмаган совғани мамнуният билан қабул қилиб олар эканлар, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти вилоят Кенгаши жамоасига, ҳамкор ташкилотлар вакилларига чин қалбдан миннатдорчилик билдирдилар. Ҳаётимиз ҳамиша тинч-осойишта, осмонимиз мусаффо бўлишини сўраб, дуолар қилдилар.

    Санжарбек ҲАМИДОВ

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates