Жорий йил 24 февралда Президентимизнинг “Статистика ишларини ташкил этиш ва юритиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги Миллий статистика қўмитаси сифатида қайта ташкил этилиб, функция ва вазифалари сезиларли даражада кенгайтирилди. Улар нималардан иборат? Қуйида шулар хусусида фикр юритамиз.
Миллий статистика қўмитаси энди нафақат статистик маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, балки уларнинг ишончлилигини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш борасида янада кўпроқ масъулиятли вазифаларни бажаради.
Фармон асосида ташкил қилинган Республика статистика кенгаши ушбу йўналишдаги ишларни ташкил этиш тизимини яратишга кўмаклашиш ҳамда расмий статистикани тайёрловчилар фаолиятини мувофиқлаштириш билан шуғулланади. Шу билан бирга, у расмий статистикани юритиш тизимини ривожлантириш ва фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича коллегиал маслаҳат органи ҳисобланади.
“Маслаҳатчи” хатони аниқлайди, “Таҳлилчи” тавсия беради
Бугунги кунда жаҳон статистика идоралари фаолиятини рақамлаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон ҳам бу борада илғор технологияларга асосланган янги тизимларни жорий этмоқда. Фармон ташаббусларни амалга оширишга туртки беради. Хусусан, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар бўйича иқтисодий-ижтимоий кўрсаткичларни автоматик шакллантириш имконини берувчи “Ҳудудлар статистикаси” ахборот тизими ишга туширилади. Тизим орқали ҳудудлардаги демографик ҳолат, иқтисодий фаоллик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ва бошқа муҳим кўрсаткичлар ҳақида реал вақт режимида маълумот олиш имконияти яратилади. Давлат органлари, тадбиркорлар, таҳлилчилар учун маълумотларни таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш механизми такомиллаштирилади.
Корхона ва ташкилотларга ҳисобот топшириш жараёнида маслаҳат бериш учун сунъий интеллектга асосланган “Маслаҳатчи” интерактив хизмати жорий этилади. Ушбу хизмат тадбиркорлик субъектларига статистик ҳисоботларни шакллантириш, топшириш тартиби ва талаблари бўйича автоматик тавсиялар беради. Ҳисоботлардаги хатоларни аниқлаб, уларни тўғрилаш ҳамда фойдаланувчиларнинг саволларига тезкор жавоб қайтариш учун мослаштирилади.
Фойдаланувчиларга статистик маълумотларни тез ва осон излаб топишда кўмаклашиш учун “Таҳлилчи” консультатив хизмати ишга туширилади. Фойдаланувчиларнинг маълумотларга эҳтиёжини қондириш, статистик манбалардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутувчи хизмат орқали турли соҳалар бўйича мавжуд маълумотларни излаш, саралаш ва таҳлил қилиш жараёнлари янада соддалаштирилиши кутилмоқда. “Таҳлилчи” статистик маълумотлардан фойдаланувчилар учун қулай интерфейс яратиш, ахборотга киришни тезлаштириш ва таҳлил жараёнларини автоматлаштиришни ўз ичига олади.
Статистик кузатувларни янада самарали ташкил этиш мақсадида телефон орқали маълумот тўплаш имконини берувчи “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилади. У кузатувларни ўтказиш жараёнини соддалаштириш, респондентлар билан тезкор алоқа ўрнатиш ва маълумотларни ўз вақтида йиғиш имкониятини кенгайтириши кутилмоқда. “Call-марказ” орқали респондентларга кузатув жараёни, саволномаларни тўлдириш тартиби ва талаб этиладиган маълумотлар бўйича тушунтириш бериш механизмлари ишлаб чиқилиши мумкин. Бундан ташқари, марказ орқали йиғилган маълумотларни тезкор қайта ишлаш ва таҳлил қилиш воситасида статистик маълумотларнинг ишончлилиги ва сифатини оширишга эътибор қаратилади. Мазкур ташаббус статистик маълумотларни йиғиш усулларини такомиллаштириш билан бирга, кузатувларда иштирок этувчи шахслар ва ташкилотлар учун қўшимча қулайликлар беради.
Тадбиркорлар учун енгиллик ва рақамли интеграция
Фармон доирасида кичик бизнес ва микрофирмалар учун статистик ҳисобот топшириш жараёни соддалаштирилди. Жумладан, ходимлар сони 5 нафардан кам ва йиллик даромади БҲМнинг 2000 баробаригача бўлган корхоналар энди ҳисоботни ҳар йили эмас, уч йилда бир маротаба тақдим этади. Лекин давлат улуши 50 фоиздан юқори ҳамда акциз солиғи тўловчи корхоналар бундан мустаснодир.
Рақамли интеграция воситасида замонавий технологиялардан фойдаланиш орқали маълумот алмашинуви тезкорлиги ва аниқлиги оширилмоқда. Статистик маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва таҳлил қилиш жараёнлари автоматлаштирилиши эса ҳисобот бериш тартибини соддалаштириб, шаффофликни оширади. Шундан келиб чиқиб, бир қатор янги ёндашувлар жорий этилмоқда, мавжудлари такомиллаштирилмоқда. Жумладан, Миллий статистика қўмитаси микрофирма ва кичик корхоналар фаолияти ҳақидаги маълумотларни Солиқ қўмитасининг ахборот тизимидан олиб, тегишли статистик кўрсаткичларни шакллантиради. Натижада тадбиркорлар учун маъмурий юклама камайиб, маълумотлар йиғиш жараёни тезлашади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг аниқ статистик ҳисоб-китобини юритиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Кадастр агентлиги ва бошқаларнинг маълумотларидан кенг фойдаланилади. Бу эса тармоқдаги реал ҳолатни таҳлил этиш ва самарали қарорлар қабул қилишда қўл келади.
Миллий статистика қўмитаси давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан тўғридан тўғри интеграция қилиниши орқали электрон маълумот алмашиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу жараён маълумотлар узатилишини автоматлаштириб, статистик таҳлил тезкорлиги ва аниқлигини таъминлайди. Бундай ўзгаришлар рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш, инсон омилини камайтириш ва статистик маълумотлар сифатини оширишда айни муддаодир.
Янги филиал ташкил этилади
Миллий статистика тизимида замонавий талабларга жавоб берадиган мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб Миллий статистика қўмитаси ҳузурида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иқтисодий статистика кафедраси филиали ташкил этилади. Филиал статистика соҳасида назарий ва амалий билимларни уйғунлаштирган ҳолда юқори малакали кадрлар тайёрлайди. Таълим жараёнига қўмитанинг тажрибали мутахассислари жалб қилиниб, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланади. Талабалар амалиётлари бевосита статистика органларида ташкил этилади. Бу ташаббуслар соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш, таълимда назария ва амалиёт интеграцияси, статистика тизимини ривожлантириш ва таълимни замонавий талабларга мослаштиришга хизмат қилади.
Халқаро стандартлар бўйича муҳим ташаббуслар амалга оширилади
Жорий йил якунига қадар миллий статистика тизимида сифатни бошқаришнинг илғор механизмларини жорий этиш ҳолати баҳоланади ва мавжуд муаммолар аниқланади. Шунингдек, сифатни ошириш учун халқаро тажрибалар ўрганилиб, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилади.
Якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни уларнинг фаолият йўналишлари ва иқтисодий таснифлагичлар асосида тартибга солинади. Бу ҳам расмий рўйхатга олиш жараёнини соддалаштириш ва тадбиркорлар учун қўшимча қулайлик яратади.
Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 2026-2030 йилларга мўлжалланган Статистикани ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади. Стратегияда миллий статистика услубиятларини халқаро ташкилотлар стандартларига уйғунлаштириш, тадбиркорлар учун ҳисобот юкини камайтириш, рақамли ечимлардан кенг фойдаланиш ҳамда талаб юқори бўлган таҳлилий маълумотларни тайёрлаш механизмини жорий этиш назарда тутилади. Булар мамлакат тараққиётига хизмат қилиши билан бирга, иқтисодий ўсишнинг барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади. Шаффоф ва аниқ статистика эса тўғри қарорлар қабул қилишнинг энг муҳим гаровидир.
Усмон АБДУРАСУЛОВ,
Миллий статистика қўмитаси ахборот ва медиа маркази раҳбари