баннер
1 апр 2025
07:07

    Халқ ишончи – энг муҳим мезон

    Давлатимиз раҳбари 2023 йил 16-17 ноябрь кунлари Сурхондарёга ташрифи доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича зарур топшириқлар берганди.

    Мазкур топшириқлар ижроси юзасидан концепция ва таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, Узун шаҳарчасини ривожлантириш, ҳудудларда гелиоколлектор ва қуёш панелларини ўрнатиш, чўл-дашт ҳудудларидаги бўш ерлардан оқилона фойдаланиш, чарм саноатини ривожлантириш масалалари илгари сурилди. Бугун бу борада ҳам ишлар босқичма-босқич бажарилмоқда.

    Сурхондарё вилояти улкан иқтисодий, гео­график ва транспорт имкониятига эга. Ўзига хос табиий иқлим шароити туфайли воҳада йилига икки-уч марта ҳосил олиш, иссиқсевар ўсимликлар етиштириш мумкин. Яратилган имкониятлар ортидан замонавий корхоналар ташкил этилиб, янги иш ўринлари очилмоқда. Қишлоқ хўжалиги ҳамда кичик бизнес изчил ривожланмоқда.

    Бундай ишлар натижасида Музработдан Сариосиёга қадар, Боботоғдан Бойсунтоққача бўлган ҳудудда яшовчи 2 миллион 880 мингдан ортиқ киши бугунидан рози яшамоқда, ҳудудлар обод ва файзли бўлаётир.

    Зотан, халқ ишончини оқлаш йўлидаги муҳим қадамлар давлатимиз раҳбари Президент сифатида фаолият бошлаган дастлабки кунларданоқ қўйилганди. Ўтган даврда бахт­ли ва фаровон ҳаёт кечириш умиди билан яшаётган халқимиз орзуларини рўёбга чиқариш йўлида катта ташаббуслар, кенг кўламли чора-тадбирлар, салмоқли лойиҳалар амалга оширилди. Мана шу ислоҳотлар натижасини Сурхон воҳаси аҳли ҳам ўз ҳаёти мисолида кўриб, ҳис қилмоқда.

    Жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ҳамма идора ва ташкилотда “Фуқаролар қабулхонаси” очилди. Раҳбарлар ҳудудларда аҳоли билан очиқ ва сайёр мулоқотлар ўтказа бошлади. Вилоятнинг энг чекка, ҳатто қўшни давлатларга чегарадош ҳудудларидаги оддий халқ вакиллари, турли касб эгалари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг мурожаатларига ечим топиляпти. Орзулари ижобат бўлиб, армони ушалишига кўмаклашиляпти. Давлат идоралари раҳбарлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, фикр-мулоҳазаларини билдириш имкониятига эга бўлган сурхондарёликлар кайфияти ўзгарди, тафаккури янгиланди, маррани баланд оладиган бўлди.

    Халқ ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг эртага эмас, балки бугунидан рози бўлишига эришиш амалдаги ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Бунда, энг аввало, бандлик, ижтимоий соҳалар, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, табиий газ ва электр энергияси, ичимлик сув таъминоти, коммунал хизмат, йўл қурилиши соҳаларидаги муаммолар, одамларни қийнаётган масалалар изчил бартараф этилмоқда.

    Натижада Сурхон воҳасида қатор ютуқларга эришилди. Биргина мисол: сўнгги 2 йилда вилоят­ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар туфайли ялпи ҳудудий маҳсулот ҳаж­мини 106,1 фоиз, саноат-ишлаб чиқаришни 111 фоиз, қурилиш ишларини 108,5 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни 103,8 фоиз ва хизмат кўрсатиш ҳажмини 117,9 фоиз оширишга эришилди.

    Янги иш ўринлари яратиш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида охирги 2 йилда 8 мингга яқин тадбиркорлик тузилмаси ташкил этилди. Натижада ишсизлик даражаси 7,4 фоиздан 6,1 фоизга қисқарди. 60 мингдан зиёд оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 10,6 фоиздан 7 фоизга туширилди.

    Давлатимиз раҳбари вазирликлар ва ҳокимликлар иш вақтининг камида 50 фоизи тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ёрдам беришга сарфланиши, улар фаолиятини баҳолашда тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатига алоҳида эътибор берилишини давлат сиёсати даражасига чиқарди. Натижада бир вақтлар тадбиркорларни “қувғин қилиш”да фаол иштирок этган раҳбарлар бугун уларнинг энг яқин ёрдамчиси, кўмакчисига айланди.

    Бу борада воҳада ижобий ўзгаришлар кўп. Хусусан, сўнгги 2 йилда қиймати 16,3 трил­лион сўмлик 1765 та инвестиция ло­йиҳаси ишга туширилди ҳамда 28 мингдан ортиқ янги иш ўрни очилди. 1,2 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Бу билан ўсиш суръати 200 фоизни ташкил этди.

    2023 йилда Термиз шаҳридаги 2,1 гектар майдонда ёш тадбиркорлар учун “Тинчлик” ёшлар саноат зонасида “саноат ипотекаси” асосида 47 та лотда лойиҳалар иш бошлади. Жами 523 миллион долларлик товар ва хизматлар экспортга чиқарилиб, 10 та янги давлат бозорларига чиқишга эришилиб, яна 43 турдаги маҳсулотлар экспорти йўлга қў­йилди. Шу билан экспортга чиқарилаётган товарлар тури 323 тага етди. Мисол учун, 10 дан ортиқ давлатга Сурхондарё вилояти ҳокимлиги делегациясининг сафари уюштирилиб, инвестиция, савдо ҳамда ижтимоий-­маданий алоқаларга доир 50 га яқин келишувга эришилди.

    Йиллик хизмат кўрсатиш қиймати жами 10 миллион долларга тенг бўлган 26 гектар майдонда жойлашган “Термиз халқаро савдо маркази” фаолияти йўлга қўйилди ҳамда 500 дан ортиқ савдо шохобчаси очилди. Афғон фуқароларига 15 кунлик визасиз режим жорий этилгани ҳамда савдо ва экспорт фао­лиятига имтиёзлар берилгани натижасида 7,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

    Натижалар бу билан чекланиб қолгани йўқ. Ангор тумани “Top Quality-Brand” МЧЖ томонидан чарм ишлаб чиқаришга мўлжалланган, қиймати 23,2 миллион долларга тенг лойиҳа ишга туширилди. Шеробод туманида БААнинг “Masdar” компанияси томонидан 457 МВт қувватли, қиймати 260 миллион долларлик қуёш электр станцияси лойиҳаси амалга оширилди. “Oltinsoy Cotton Cluster” МЧЖ томонидан Олтинсой туманидаги 40 гектар ерда Олтиариқ тажрибаси асосида қиймати 8 миллиард сўмлик узумзор барпо этилди. Бойсун туманида “Нарзи Қушбеги” ХК томонидан қиймати 5,8 миллион долларга тенг меҳмонхона ва ҳунармандлар маркази ишга туширилди. “Termez National Carpets” МЧЖ томонидан қиймати 20 миллион долларлик гилам ва сунъий калава ип ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. “Оравит керамик” МЧЖ томонидан керамик сантехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Вилоятда ер ости бойликлари ва маъданларининг салмоқли захираси мавжуд. Ўтган йилларда 20 га яқин кон салоҳиятли инвес­торларга ажратилди. Бугун 4 та кўмир конида қазиб олиш ва ишлаб чиқариш ишлари бошлаб ­юборилган. Мисол учун, “Turon Eko Kumir” МЧЖ томонидан йиллик қуввати 100-150 минг тонна кўмир маҳсулоти қазиб олишга мўлжалланган қиймати 50 миллион долларлик “Кўмир ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси, “Экспо Гроуп Соал” МЧЖ томонидан қиймати 21,9 миллион долларлик “Кўмир қазиб олиш ва қайта ишлаш” лойиҳаси ишга туширилди. Сариосиё туманида “Шарғункўмир” АЖ томонидан қиймати 1,3 триллион сўмлик лойиҳа фойдаланишга топширилди.

    Ижтимоий соҳадаги ишлар ҳам аҳолининг розилигига сабаб бўляпти. Жумладан, Тўпаланг сув омборидан Термиз шаҳригача сифатли ичимлик сув етказиб келиш лойиҳаси амалга оширилди. Унинг доирасида вилоятдаги 1,7 миллион киши истиқомат қиладиган ­493 та маҳалланинг сув таъминотини тубдан яхшилаш лойиҳасининг 1-босқичи ишга туширилди. Термизда 300 ўринли тиббиёт кластери ташкил этилди. Сурхондарё тажрибаси асосида дастлаб Ангорда, кейинчалик барча ҳудудларда патронаж тизими жорий этилди.

    Вилоятда ҳар қарич ердан самарали фойдаланган ҳолда юқори ҳосил олиш устувор вазифа қилиб белгиланган. Шу мақсадда фойдаланишдан чиққан 30 минг гектардан ортиқ ер қайта фойдаланишга киритилди. Амударё қирғоғидаги 20 минг гектар ер ўзлаштирилиб, шоли етиштириш йўлга қўйилди. Шунингдек, 2022-2024 йилларда 15 минг 830 гектар ер 22 минг ишсизга ажратилди.

    Аҳоли томорқасида етиштирилган маҳсулотларни сақлаш учун эса 74 та (4035 тонналик) совиткич омбор ва 88 та (16 тонналик) қуритиш ускунаси ишга туширилди. Агроло­гистика қуввати эса 110 минг тоннага етказилди. Ғалладан ҳосилдорлик эса 70 центнердан 86,2 центнерга етказилди.

    Туризм ва маданият соҳасида ҳам вилоятимизда салмоқли ишлар бажарилди. Сўнгги 2 йилда вилоятга жами 1,2 миллионга яқин хорижий, 3,5 миллион ички сайёҳ келди. Туризм хизматлари экспорти 140 миллион долларни ташкил этди. 45 та меҳмонхона ва хостел барпо этилди. 16 та маданий мерос объектида реставрация ва қазишма-ўрганиш ишлари бажарилди. Сайёҳларга қулай инфратузилма яратиш мақсадида охирги 2 йилда 23 та маданий мерос объектига олиб борувчи 73 километр йўлнинг ҳолати яхшиланди.

    Термиз шаҳридаги Бобур боғи 20 миллиард сўм эвазига ёшлар сайилгоҳига айлантирилди. Қўшимча замонавий амфитеатр, кутубхона, овқатланиш шохобчаси, аттракционлар ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди. Хорижий туристлар оқимини кўпайтириш мақсадида бир қанча мамлакатда ўтказилган 10 дан ортиқ халқаро туризм ярмаркасида вилоят делегацияси иштирок этди.

    Янги Ўзбекистонда халқни рози қилиш барча раҳбарнинг энг устувор вазифасига айланди. Зеро, халқнинг ишончини, меҳрини қозониш энг олий саодатдир. Бу йўлда, Президентимиз таъбири билан айтганда, “Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, янги Ўзбекистонни албатта бунёд этамиз!”.

    Улуғбек ҚОСИМОВ,

    Сурхондарё вилояти ҳокими, сенатор

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech