Ваҳоланки, бугун мана шу кенгликларда чинакам жамол очган навқирон шаҳар ва туманлар, обод қўрғону қишлоқлар, манзилу овуллар жойлашган. Табиийки, ушбу гўшаларнинг ўз анъанаси, қадрияти, санъати ҳамда устозлари изидан келаётган ёш иқтидорлари бор. Уларни юзага чиқариш, рағбатлантириш ва элга танитишда “Қизилқум оҳанглари – 2025” анъанавий ижрочилик кўрик-танловининг ўрни беқиёсдир.
Навоий кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган жорий йилги анъанавий фестиваль “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси тасарруфидаги барча маданият масканлари ижрочиларини, ижодий жамоалар, ёш истеъдодлар ва моҳир устозларни бир саҳнага жамлади. Танлов кўлами, ундаги ижодий кайфият ва санъаткорлар маҳорати – буларнинг барчаси танловнинг йил сайин нуфузли мусиқий анъанага айланиб бораётганидан дарак беради.
“Қизилқум оҳанглари – 2025” IV анъанавий ижрочилик кўрик-танловининг биринчи босқичида анъанавий чолғулар ансамбллари ва созандаларнинг 10 та, шунингдек, катта ва кичик ёш тоифасидаги хонандаларнинг 15 та чиқиши кўриб чиқилди. Иккинчи босқичда эса иштирокчилар бастакорлар ижодидан биттадан асар ижро этиб, маҳоратларини намойиш этишди.
– Ушбу танловда ҳакамлар ҳайъати раиси сифатида иштирок этиб, ҳудудларда анъанавий ижрочилик санъатига берилаётган эътибордан жуда мамнун бўлдим, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Замира Суюнова. – Истеъдодларни кўриб қувондик, баъзан танловнинг масъулиятли дақиқаларида қийналдик. Ҳар бир иштирокчи ўзига хос чиқишлари билан ёдда қолди. Мазкур танлов мисолида комбинат тизимидаги маданият муассасалари нафақат санъат анъаналарини асраб келаётгани, балки янги авлод ижодкорларини тарбиялаш борасида ҳам улкан ютуқларга эришаётганига гувоҳ бўлдик. Айниқса, ғолибликни қўлга киритган ижрочиларнинг саҳнадаги ишончи, маҳорати ва миллий куй-қўшиққа меҳрида устозлар меҳнатининг самараси яққол сезилди.
Фестиваль давомида яккахон ижрочилар, ансамбллар, созандалар ва уларга ҳамроҳлик қилган устоз-мураббийлар учун барча қулайликлар яратилиб, жараённинг мазмунли ва унутилмас ўтишига замин ҳозирланди. Танлов иштирокчилари ўртасида дўстлик ва ижодий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида НКМК касаба уюшмаси кенгаши томонидан “Дўстлик оқшоми” ҳам ташкил этилди.
Анъанавий чолғулар ансамбли йўналишида Фарҳод маданият саройининг “Сарахбор” мақомчилар ансамбли ғолибликни қўлга киритди. Буни жамоанинг узо йиллик изчил меҳнати, ижро маданияти ва ўзига хос талқинининг муносиб эътирофи, десак янглишмаган бўламиз. Ушбу жамоа саҳнадаги уйғунлик, куйларнинг нафис талқини ва миллий ижрочилик мактабига хослиги билан томошабинлар ва ҳакамлар ҳайъатининг юксак баҳосига сазовор бўлди.
Кичик ёш тоифасида Учқудуқ маданият саройидан иштирок этган Азизбек Исомиддиновнинг ғалабаси эса ёш истеъдодлар сафи кенгайиб бораётганидан далолатдир. Унинг жарангдор овози, куйга бўлган сезгирлиги ва саҳнадаги эркинлигида порлоқ келажак ҳамда ёрқин умидлар борлиги кўриниб турди.
Катта ёш тоифасида Зафаробод ҳудудий бошқармасига қарашли Пахтачи тумани Қарнабота қўрғонидаги “Шодлик” клуби аъзоси Маржона Отақулованинг ғалабаси йиллар давомида шаклланган маҳоратнинг ёрқин ифодаси бўлди. У ижро этган қўшиқларда куй оҳанги, сўз мазмуни ва саҳна маданияти ўзаро уйғунлашиб, томошабинларга чинакам маънавий завқ улашди.
Танловда иштирок этган барча жамоалар ва якка ижрочилар ўзига хос ижро услуби, маҳорати ҳамда саҳна маданияти билан алоҳида эътироф этилди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан билдирилган фикрларда ҳам танловнинг юқори савияда ташкил этилгани, иштирокчиларнинг тайёргарлик даражаси ва санъатга бўлган ихлоси алоҳида таъкидланди.
Ушбу кўрик-танлов анъанавий ижрочилик халқимизнинг кўҳна мусиқий мероси, миллий ўзлигимизнинг энг ёрқин ифодаси сифатида бугун ҳам бардавом яшаётганини амалда яна бир бор намоён этади. Юртимизда миллий санъатни ривожлантиришга хизмат қилаётган бундай танловларнинг давомли бўлиши ёш авлодни санъатга ошно этиши ва устозлар мактабини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз. “Қизилқум оҳанглари” жаранги эса яна кўплаб истеъдодлар қалбига илҳом ва қувонч бағишлайверади. Зеро, анъанавий санъат мактаби йўқолмайди, аксинча, янгидан янги истеъдодлар билан бойиб бораверади. Умидли ёшлар, тажрибали устозлар ва фидойи ижодий жамоаларнинг бир саҳнада жам бўлиши нафақат мусиқий маданиятни юксалтиради, балки миллий руҳ ва қадриятларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








