Янги Ўзбекистон – фуқаролик жамияти институтларини изчил ривожлантириш йўлида

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтларини давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан юксалтириш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий асослар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилди.

    Давлат Раҳбарининг «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга имзо чекишлари мазкур сиёсатнинг узвий давоми бўлиб, миллий «учинчи сектор» вакилларида жуда катта қизиқиш уйғотди.

    Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамиятининг асосий институтлари ривожланишини янги босқичга олиб чиқишда мустаҳкам пойдевор ҳисобланмоқда.

    Агар Фармонни контент таҳлил қилсангиз, давлат ва жамият бошқарувида «учинчи сектор»нинг ўрни ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган камида 5 та муҳим жиҳат эътиборингизни тортади, жумладан:

    1. Концептуал вазифалар

    Энг аввало, Фармонда фундаментал асосга эга бўлган 6 та концептуал вазифа белгиланган. Асосий концептуал вазифалар фуқаролик жамияти институтларининг фаоллигини ошириш, давлат ва жамият тараққиётида «учинчи сектор»нинг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда уларнинг ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

    Иккинчидан, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг янги механизмларини рўёбга чиқариш, хориждаги ватандошлар, уларнинг уюшмалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

    Учинчидан, алоҳида таъкидлаш лозимки, фуқаролик жамияти институтларига давлат ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий ва гуманитар соҳаларини ривожлантиришда кўмакдош бўлиш учун жуда катта имкониятлар очиб берилмоқда.

    Хусусан, вазирлик ва идораларининг фуқаролик жамияти институтларига ижтимоий буюртма беришда асосий эътибор жамиятда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупцияга муросасиз муҳитни шакллантириш, таълим, тиббиёт, экология, қурилиш, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларнинг энг долзарб муаммолари ечимига қаратилмоқда.

    Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳар йили камида бир маротаба соҳавий ва ҳудудий фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиш вазифаси юклатилмоқда.

    Бу ўз навбатида, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонуннинг

    5-моддаси ҳамда 18-моддаси 10-бандларининг янада кенг кўламда аниқ ишлашига, фуқаролик жамияти институтларини ихтисослашувининг кучайишига хизмат қилади.

    2. Рақамлаштириш

    Фармонда фуқаролик жамияти институтларининг муҳим ижтимоий аҳамиятга молик дастур ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жараёнларига ИТ-технологиялар ва дастурий маҳсулотларни жорий қилиш орқали соҳани рақамлаштириш – ягона электрон платформани ишга тушириш назарда тутилмоқда.

    Бунда, фуқаролик жамияти институтларининг муҳим аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларининг танловлари, уларга аризалар бериш, ижтимоий аҳамиятини аниқлаш, ғолибларни белгилаш, молиялаштириш, жорий

    ва якуний мониторинг каби жараёнларни тўлиқ рақамлаштириш белгиланган.

    Мазкур ташаббуснинг инновацион жиҳати шундаки, бу каби платформа Ўзбекистон тажрибасида аввал фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жараёнларга татбиқ қилинмаган.

    Энг асосийси фуқаролик жамияти институтларининг дастур

    ва лойиҳаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашда инсон омили минималлаштирилади. Турли бюрократик тўсиқларга барҳам берилади.

    Ижтимоий аҳамиятга молик дастур ва лойиҳаларни танлаш, амалга ошириш ва натижаларини баҳолашда (самарадорлик) шаффофлик ҳамда очиқлик таъминланади.

    Шунингдек, порталнинг ишга туширилиши миллий амалиётга халқаро тажрибани имплементация қилиш ҳамда унинг жаҳон тажрибасига интеграция бўлишини янада кучайтиради.

    Сабаби бу каби рақамли платформалардан халқаро ва хорижий донорлар кенг кўламда фойдаланиб келмоқда. Масалан, Европа Иттифоқининг «Тендерлар ва молиялаштириш портали», АҚШда «Grants.gov», Россия Федерацияси «Президент грантлари фонди» кабиларни кўрсатиш мумкин.

    3. Институционал ўзгаришлар

    Соҳада кўзда тутилаётган институционал ислоҳотларда умумхалқ

    ва ҳудудлар манфаатларини инобатга олиш механизмларини янада кучайтириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг вертикал тизимини, очиқ шаффоф барча тушунадиган ягона услубини яратиш мақсад қилинган.

    Таҳлилга кўра, Фармонда фуқаролик жамияти институтларининг давлат вакиллик органлари ва ижро органлари тизимидаги ўрни

    ва аҳамияти янада кучайтирилмоқда.

    Энг биринчи навбатда асосий институционал ўзгаришларда Қонун чиқарувчи Олий орган ҳузурида Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил қилиниши муҳим ўрин эгаллайди.

    Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳарида Жамоат фондининг филиаллари ташкил қилинмоқда.

    Фонд фаолиятини самарали бошқаришга масъул бўлган Парламент комиссиясига Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг вакиллари навбатма-навбат раислик қилиши каби янги тартиб киритилмоқда.

    Мазкур тартиб Фонд фаолиятида, айниқса маблағларни тақсимлаш, лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамиятини аниқлаш, танлаш, молиялаштириш ва ижросининг самарадорлигини юксалтиришда умумхалқ ҳамда ҳудудлар манфаатларининг инобатга олинишини таъминлайди.

    Бу эса Фонднинг бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

    Институционал ўзгаришларда ЎзННТМА раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари (комиссиялар) мажлисларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакили сифатида иштирок этиш ҳуқуқининг берилиши ҳамда унинг асосий вазифаси белгиланиши муҳим аҳамиятга эга.

    Хориж тажрибасида бу каби комиссия алоҳида орган сифатида мавжуд бўлмаса-да, аммо бундай механизм турли мамлакатларда қўлланилмоқда.

    Хусусан, Францияда Палаталараро комиссияларга навбатма-навбат раислик қилиш Миллий Ассамблея ва Сенат вакиллари ўртасида ўтказилади.

    Комиссияларда қарорлар одатда консенсус ёки овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Навбатма-навбат раислик қилиш бир палатанинг ҳукмронлигини олдини олишга ёрдам беради.

    Италияда доимий ва муваққат қўшма комиссиялар мавжуд бўлиб, улар ҳар икки палата вакилларидан иборат. Ушбу комиссиялар ижтимоий

    ва жамоат масалаларига оид қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш, келишиш учун тузилиши мумкин. Улар консенсус асосида фаолият олиб боради, бу эса палаталар ўртасидаги позицияларни доимий равишда мувофиқлаштиради.

    Мазкур тамойил ижтимоий сиёсат, соғлиқни сақлаш, таълим

    ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга соҳалардаги лойиҳаларни самарали кўриб чиқишга ёрдам беради.

    Комиссиялар қўшимча маълумот ва таклифлар олиш учун фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ва бошқа манфаатдор шахслар билан маслаҳат учрашувларини ташкил этиши мумкин.

    Иккинчи муҳим институционал ўзгариш, маҳаллий кенгашлар ҳузурида фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган маслаҳат гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади.

    Ушбу вазифа давлат бошқарувида маҳаллий кенгашларнинг ролини ошириш, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш ва муҳим қарорларни қабул қилиш жараёнларида фуқаролик жамияти институтлари ифода этадиган аҳоли қатламлари манфаатларини инобатга олинишини таъминлайди.

    Шунингдек, бунда давлат вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида мулоқот майдони ҳамда ҳамкорлик кўприги юзага келишига ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит шакллантирилмоқда.

    Айниқса, ижтимоий шериклик комиссияси аъзоси бўлган сенаторлар орқали Жамоат фонди, унинг жойлардаги филиаллари ва Парламент комиссияси фаолияти самарадорлигини ошириш механизми яратилмоқда.

    Учинчи муҳим институционал ўзгариш, давлат органлари, айниқса ижро органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари раислари фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари орасидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.

    Бу ўз навбатида, «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» ғояси ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакилларига бўлган ишонч каби сиёсий ироданинг ифодаси ҳисобланади.

    Бу каби прагматик ғоя «Давлат – бош ислоҳотчи» деган утопиядан фарқли ўлароқ, демократик ислоҳотларнинг барча жараёнларида жамоатчилик институтларининг фаол иштирок этишини таъминлайди.

    Аҳолининг фикри, хоҳиш ва истаги, орзу ва умидларини рўёбга чиқаришга, давлат ва жамиятнинг мулоқотига, ўзаро тийиб туришга восита бўлиб хизмат қилади.

    Провардида халқ хизматидаги давлат органларининг тўлиқ шаклланишида йўлчи юлдуз бўлади.

    Шунга кўра, Фармонда давлат органлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига икки ойлик муддат берилмоқда.

    Мана шу вақт оралиғида ўзларининг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини қайта ташкил этишлари лозим бўлади.

    Шу билан бирга, «Юксалиш» ҳаракатининг сўровига асосан ҳар бир давлат органи ўзининг ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятига доир маълумотларни тақдим этиб бориши вазифаси юкланган.

    Бошқача сўз билан айтганда, мазкур масала ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда.

    Албатта, Фармонда жамоатчилик назоратини кучайтириш билан боғлиқ барча вазифалар «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонунни такомиллаштиришни назарда тутади.

    Аҳамиятли жиҳати шундаки, Фармонда ушбу масала ҳам тўлиқ эътиборга олинган.

    4. Иқтисодий-молиявий шарт-шароитлар

    Фармонда фуқаролик жамияти институтларига иқтисодий-молиявий, ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни шакллантириш талаб қилинмоқда.

    Айниқса, давлат органларига фуқаролик жамияти институтларининг ташаббусли ижтимоий шериклик лойиҳаларини базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1000 бараваригача, яъни 340 млн. сўмгача бўлган маблағларни танловларсиз молиялаштириш ҳуқуқи берилмоқда.

    Бу ўз навбатида, фуқаролик жамияти институтларининг соҳавий

    ва тармоқ лойиҳаларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

    Натижада, фуқаролик жамияти институтлари учун «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунда белгиланган тартиб ва қоидалардан фарқли ўлароқ янги ҳуқуқий имконият яратилмоқда.

    Бунда, ҳудудий муаммоларни ҳал қилишда давлат органлари

    ва жамоат ташкилотларининг кучларини бирлаштириш, фуқаролик жамияти институтларини ижтимоий шериклик асосида жалб қилишнинг тизимлаштирилган механизмини жорий этиш назарда тутилмоқда.

    Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳар йили фуқаролик жамияти институтлари билан ижтимоий шериклик соҳасида алоҳида дастур қабул қилади.

    Иқтисодий-молиявий қўллаб-қувватлашда ногиронлар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ташкилотларини тузишнинг янада енгиллаштирилган тартиби жорий қилинаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

    Хусусан, 2025 йил 1 январдан бошлаб бу каби ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун олинадиган давлат божи миқдори 2 бараварга камайтирилди.

    Хайрия фаолияти соҳаси ҳам муҳим ислоҳотларга тортилмоқда.

    Жумладан, ҳомийлик ташкилотларининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахсларга ажратадиган маблағларнинг солиқ солинмайдиган миқдори 15 млн сўмдан 34 млн сўмга ёки 2 каррага оширилди.

    5. Рағбатлантириш

    Халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва ватан тараққиёти йўлидаги ҳар қандай эзгу меҳнат муносиб тақдирланиши шарт.

    Шунга кўра, Давлат Раҳбари фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг жамият олдидаги хизматларини рағбатлантиришнинг механизмларини белгилаб берди.

    Бу ўз навбатида жамиятда «инсон қадри»ни улуғлаш соҳасидаги сиёсий ироданинг фуқаролик жамияти институтлари вакилларига нисбатан татбиқ этилишининг амалий ифодаси эканлигини кўрсатади.

    Йил якунларида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони билан тақдирлаш, «Фуқаролик ташаббуси» миллий мукофотини таъсис этиш, «Олтин қалам» миллий мукофоти учун халқаро танловда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини ёритиш йўналишида номинация ташкил этиш вазифалари белгилаб берилди.

    Мазкур вазифаларни бажарувчи ижрочилар, молиявий манбалар, амалга ошириш муддатлари кўрсатиб ўтилди.

    Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтларининг муҳим аҳамиятга молик лойиҳалари давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалари шаклида молиявий қўллаб-қувватланганда, лойиҳа доирасида тўланадиган даромад ва ижтимоий солиқлар миқдори 3 йил муддатга 50 фоиз миқдорида камайтирилди.

    Албатта Фармоннинг қабул қилиниши соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг ярими ҳисобланади, Фармон билан белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ижроси таъминланганда сифат жиҳатдан янгидан янги марралар кўзга ташланади.

    Демак, ушбу Фармон фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада кучайтириш, мазкур институтларнинг салоҳиятларидан жамият ҳаётининг турли соҳаларини ривожлантиришда унумли фойдаланиш ҳамда зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш каби халқчил сиёсат давом этишини кўрсатмоқда.

    Янги Ўзбекистонда фаолият юритаётган 10 мингга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари, яна шунча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, 2500 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари, жамоат кенгашлари, маслаҳат гуруҳлари, жамоатчилик комиссиялари ва бошқа шу каби минглаб турли жамоат тузилмалари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.

    Бу ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш йўлида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар давомийлиги, узвийлиги ва мантиқийлиги тамойилларини сақлаган ҳолда уларни орқага қайтмаслигини яна бир бор тасдиқлайди.

    А.Тўраев,

    Демократик жараёнларни таҳлил

    қилиш маркази бўлим бошлиғи,

    сиёсий таҳлилчи

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates