Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Пойтахтнинг Шайҳхонтоҳур туманида 2024 йил 31 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган Halal Auto Leasing Company МЧЖ фуқароларга бир неча турдаги автомобилларни бошланғич 20 фоизлик тўлов, йиллик 7 фоизлик устама ва 1 йилдан 5 йилгача бўлиб тўлаш шарти билан олиб берилишни ваъда қилган.
ИИВ Тергов департаменти томонидан ушбу МЧЖ молиявий-хўжалик фаолияти ўрганилганда низом жамғармаси 10 миллиард сўм қилиб белгилаб олингани, ваҳоланки, ушбу низом жамғармаси жамият таъсисчилари томонидан шакллантирилмагани аниқланган.
Бундан ташқари, жамият томонидан 52 нафар шахс билан автотранспорт воситалари етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган. Ушбу шартномалар асосида 1,7 миллиард сўм пул маблағлари жамият ҳисоб рақамига кирим бўлган. Мазкур пул маблағлари пластик карталарга ўтказиш йўли билан нақдлаштириб юборилган.
Фуқаролардан жалб қилинган пул маблағлари ҳисобидан автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи ёки етказиб берувчи дилерлик корхона ва ташкилотлар билан шартнома тузилмагани ҳамда автотранспорт воситаларини харид қилиш билан боғлиқ операциялар амалга оширилмагани аниқланган.
ИИВ Тергов департаменти томонидан мазкур жамиятга нисбатан 2 декабрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва унинг фаолияти тўхтатилган.
Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жамият раҳбари Йўлдошев ва унинг шериги Мамажоновга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Бугунги кунда 1,7 миллиард сўмнинг сарфланишини ўрганиш мақсадида жамиятнинг молиявий-хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш тайинланган.
“Halal Auto Leasing Company МЧЖга автотранспорт воситаси учун тўловни амалга оширган ва жамиятнинг фаолиятидан жабр кўрган фуқаролар Тергов департаментига мурожаат қилишларини сўрамиз”, дейилади ИИВ хабарида.