Бугун янгиланаётган яшариб бораётган жамиятимиз ҳаётига буюк мақсадлар сари дадил қадам ташлаб, ишонч билан олға бораётган юксак салоҳиятли навқирон ёшларимиз кириб келмоқда. Уларга кенг имкониятлар йўлини очиш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, кўзлаган марраларига етишишлари учун ҳар томонлама кўмак бериш давлатимиз, Қолаверса, Ватанимиз тақдири билан чамбарчас боғлиқ ёшлар масаласига қаратилган давлат сиёсати даражасидаги рағбатдан руҳланиш ёш авлодда қатъиятни, ўзига талабчанликни тарбиялайди.
Фарғона давлат университетида ёшлар билан ишлаш, уларда илм-фанга бўлган рағбатини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар йўлга қўйилгани, ўтган йиллар ичида мазкур саъй-ҳаракатлар ўзининг янги тараққиёт босқичга кўтарилганини алоҳида эътироф этишимиз зарур. Зотан, илм даргоҳида бир мақсад остида жамланган талаба-ёшлар, 1000 нафарга яқин ёш олим-изланувчилари билан улкан марраларга интилаётган отахон университет йилдан йилга навқиронлашиб, ёшликка хос шижоат, ҳаётсеварлик, интилувчанлик касб этиб бормоқда.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда университетимизда иқтидорли талабалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилиб, изланувчан талабаларни қўллаб-қуватлаш, уларни илмга йўналтириш, қобилиятларини ривожлантириш тизимининг кучайтирилиши натижасида бугун ушбу олий таълим даргоҳида билим олиб, таълимда юксак натижа кўрсатаётган, ҳар жабҳага ютуқларга эришаётган талабалар жуда кўпчиликни ташкил қилмоқда.
Хусусан, кечагина пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Интелектуал олимпиаданинг «Эрудит» квартет йўналишидаги драматик ва ўта ҳаяжонли финалда 1-ўринни қўлга киритган Фарғона давлат университетининг иқтидорли талабалари орасидан жорий йил ҳисобига кўра, 20 нафар номдор стипендия соҳиблари етишиб чиқди. Булардан 1 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, 13 нафари Навоий номли давлат стипендияси, 1 нафари Ислом Каримов номли давлат стипендияси, 2 нафари Мирзо Улуғбек, 1 нафари Бобур номли давлат стипендияси, 1 нафари Паҳлавон Маҳмуд номли давлат стипендиясини кўлга киритдилар. Шунингдек, 15 нафар интилувчан ёшлар университет ички стипендияларига муносиб деб топилди.
Эслатиб ўтиш жоизки, мазкур олийгоҳда 2022 йилда 18 нафар, 2023 йилда 23 нафар талаба Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Ислом Каримов стипендияси ва номдор давлат стипендияларига сазовор бўлган эди. Қувонарлиси, бундай юқори кўрсаткич Фарғона давлат университети тарихида биринчи маротаба қайд этилди. Университетда ёшларнинг илмий салоҳияти, қобилиятлар кўлами, илмга интилиш динамикаси кундан-кунга ортиб бориши, бундай юксалишлар негизида ректор Баҳодиржон Шермуҳаммадов бошчилигидаги университет жамоасининг машаққатли ва шарафли меҳнатлари турганлиги айни ҳақиқатдир.
Ёшлар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистоннинг 30 минг нафардан зиёд умидли ёшлари, эртанги кун эгалари Фарғона давлат университети бағрида камолга етар экан, уларнинг орзу-интилишлари, мақсадлари, тақдирига масъуллик ҳисси ҳамиша юрагимизда уйғоқдир.
Дилобар Гафурова,
ФарДУ Ахборот хизмати