Янги Ўзбекистон ташқи иқтисодиётида ёрқин саҳифа

    Ўзбекистон GSP+ тизимининг аъзоси сифатида маҳсулот линияларининг учдан икки қисмига тарифларни тўлиқ бекор қилиш орқали стандарт GSPга нисбатан қўшимча иқтисодий имтиёзларга эга бўлади.

    Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг барқарор ривожланиш ва самарали бошқарув бўйича махсус преференциялар тизими (GSP+) кучга кирди. Бу икки томон ўртасидаги муносабатларда муҳим босқич бўлиб, ўзаро мулоқотни ҳамда савдо алмашинувини янада кенгайтиришга имкон беради.

    2021 йил 10 апрель куни International меҳмонхонасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси, дипломатик корпус ва хусусий сектор вакиллари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжумани ушбу муҳим воқеага бағишланди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков матбуот анжуманидаги сўзида Европа Иттифоқининг республикамизга GSP+ бенефициар мамлакат мақомини бериш тўғрисидаги қарори Президентимиз раҳбарлиги ва ташаббуси билан давлат бошқаруви, фуқаролик жамиятининг кучли институтларига эга демократик мамлакатни шакллантириш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишларнинг амалий натижаларини ҳисобга олган ҳолда, қабул қилинганлигини эътироф этди.

    “Ишончим комилки, бу биринчи навбатда, Европа Иттифоқи мамлакатларидан бўлган инвесторлар ва хусусий сектор вакилларига Ўзбекистонда истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кучли туртки беради, шунингдек, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ва жадал ривожлантириш учун мустаҳкам асос яратади”, деди Сардор Умрзоқов.

    Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги раҳбари, элчи Шарлотта Адриан Ўзбекистонга GSP+ преференциялар тизимининг берилиши, айниқса, мамлакатнинг COVID-19 инқирозидан тикланиш даврида, ғоят ўз вақтида қўлланилаётганини, бу атроф-муҳит, инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари ва самарали бошқарув бўйича 27 йирик халқаро конвенцияларни амалга ошириш билан боғлиқ ислоҳотларни келгусида изчил давом эттириш учун яхши рағбат эканлигига алоҳида урғу берди.

    Тадбир давомида сўзга чиққан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Латвия, Италия республикалари, Швеция Қироллигининг мамлакатимиздаги элчилари М.Попковс, А.Пинна ва И.Терсманлар Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи GSP+ бенефициари сифатида қабул қилинишини мамлакат ташқи сиёсатидаги ёрқин ва тарихий воқеа, деб баҳолашди. Бу икки томонлама амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг маҳсули бўлиб, инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат муҳофазаси жабҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларининг ва изчил ижобий ривожланишнинг амалий натижаси ҳисобланади. Ўзбекистон ҳукумати ишбилармонлик муҳити, суд-ҳуқуқ тизими, меҳнат шароитлари, маъмурий ҳисобдорлик ва самарадорликни ошириш борасида туб ислоҳотларни давом эттираётгани дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

    Ҳақиқатан, Ўзбекистон GSP+ тизимининг аъзоси сифатида маҳсулот линияларининг учдан икки қисмига тарифларни тўлиқ бекор қилиш орқали стандарт GSPга нисбатан қўшимча иқтисодий имтиёзларга эга бўлади, бу эса, ўз навбатида, экспорт ҳажмининг ўсишига ва мамлакатга қўшимча инвестициялар жалб этилишига хизмат қилади.

    GSP ҳақида қисқача маълумот

    GSP (Умумлаштирилган имтиёзлар тизими) ривожланаётган мамлакатларда ишлаб чиқариладиган ва ривожланган давлатларга олиб кириладиган қарийб барча саноат товарлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари учун тариф ставкаларини пасайтириш ёки бекор қилишни назарда тутади. Ушбу мезон икки томоннинг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун кўплаб қулайликлар яратади.

    Дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3000 гга яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 дан ортиқ турдаги товарларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. Унга киришдан манфаатдор мамлакат муайян шартларни бажариши талаб этилади. Жумладан, инсон ҳуқуқлари ва асосий меҳнат стандартлари соҳасида 16 та, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасида 11 та – жами 27 халқаро конвенцияларни ратификация қилиши ва самарали амалга ошириши лозим.

    Бу дастурга Ўзбекистон тўққизинчи давлат сифатида қабул қилинди, шу пайтга қадар унга Арманистон, Боливия, Кабо Верде, Қирғизистон, Монголия, Покистон, Филиппин, Шри Ланка аъзо бўлиб келган.

    GSP+ қандай манфаат келтиради?

    Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда шу пайтгача қўлланиб келинган GSP доирасидаги имтиёзлардан фойдаланиш даражаси ҳозирги кунга қадар 87 фоизни ташкил этиб келган. Маҳсулот сегментлари асосан тўқимачилик ва кийим-кечак, пластмасса маҳсулотлари, шунингдек, мевалар, ёнғоқ ва сабзавотларҳиссасига тўғри кеклган. Бу Ўзбекистон экспорт таркибининг Марказий Осиё қўшниларига қараганда анча хилма-хил эканлигини кўрсатади.

    Ўзбекистон GSP+ нинг аъзоси бўлишга тайёргарлик ишлари тўрт йил олдин бошланган эди. Юқорида қайд этилганидек, мамлакатимиз ушбу мақомни олиши учун инсон ва меҳнат ҳуқуқларига оид 27 та асосий халқаро конвенцияга риоя қилиш, жумладан, пахта йиғим-теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқарув қоидалари доирасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Мамлакатимиз делегациясининг Брюсселга, Европа Иттифоқи вакилларининг Ўзбекистонга ташрифлари доирасида музокаралар ўтказилди.

    Мазкур давр давомида GSP+ дан фойдаланувчи мақомини олиш учун зарур бўлган барча халқаро конвенция ва битимлар Ўзбекистон томонидан ратификация қилинди ва ўтган йилнинг 30 ноябрида Европа комиссияси мамлакатимизнинг GSP+ дан фойдаланувчи мақомини олиш тўғрисидаги аризаси бўйича ижобий қарор қабул қилди.

    GSP+ га ўтилганидан сўнг ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар ўз маҳсулотларини Европа бозорига олиб киришда бир томонлама тариф имтиёзларидан фойдаланишни бошлашлари мумкин. Шу билан бирга, Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилишлари мумкин бўлган товарларнинг сони 6200 тага кўпаяди.

    — Уюшмамиз Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни диверсификация қилиш мақсадида Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари билан ҳамкорликда салоҳиятли харидорлар ва савдо тармоқлари билан кенг кўламли ишларни олиб боряпти, — дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Даврон Ваҳобов. — Экспортини жадаллаштиришда муҳим омилларидан бири GSP+ тизими бўлиб, у ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари бошқа мамлакатларнинг товарлари билан жиддий рақобатлашишига ҳам имкон яратади.

    Мамлакатимиз Eвропа Иттифоқи билан тўқимачилик баённомасини ратификация қилган эди. Унда юртимиз тўқимачилик саноати товарларини ЕИ мамлакатларига экспорт қилишда божхона тўловларини сезиларли даражада пасайтириш кўзда тутилган. Агар илгари бундай маҳсулотларнинг ЕИ божхона ҳудудига киришида 17 фоиз миқдорида тўлов тўланган бўлса, мазкур баённома шартларига кўра, улар 6 фоизга туширилди.

    Мутахассислар фикрича, GSP+ тизимига ўтиш дастлабки босқичда тўқимачилик маҳсулотлари экспорти Европа бозорига кириш ҳажмининг 300 миллион, 2025 йилга бориб 1,2 миллиард АҚШ долларига етишига имконият яратади.

    Бу бир соҳа доирасида кутилаётган самара. GSP+ тизими бир қатор муҳим экспорт товарларига тарифлар бекор қилиниши боис Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги савдони кенгайтириш учун учун қўшимча имкониятлар тақдим этади. Чунки, бундан, энг аввало, мамлакатимиз манфаатдор.Европа Иттифоқи бозорига нисбатан яқинлигимизга қарамай, савдо салоҳиятидан ҳали тўлиқ фойдаланилаётгани йўқ. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг экспорт йўналишлари рўйхатида еттинчи ўринда туриши ҳам буни тасдиқлаб турибди.

    Ўзбекистоннинг GSP+ расман қабул қилиниши унинг оддий мақомига нисбатан бир неча карра муҳим. Лекин GSP регламенти GSP+ олувчиларининг халқаро конвенцияларда белгиланган мажбуриятларнинг самарали амалга оширилишини доимий кузатиб боришни ҳам назарда тутади.

    Шу ўринда Х1У аср ўрталарида рўй берган тарихий воқеалар ёдга келади.Маълумки.Амир Темур ўша кезда Европа қироллари, айниқса, Франция қироли Карл VI билан ёзишмаларида савдо-сотиқ йўлга қўйилишининг аҳамиятига эътибор қаратади: “Сизнинг савдогарларингиз бу тарафга қатнаб турсалар, биз бу ерда уларни азизу мукаррам тутғумиздир, шунингдек, бизнинг савдогарлар у тарафга юборилса, сиз ҳам уларни азизу мукаррам тутсангиз... Чунки дунё савдогарлар билан ободдир!”.

    Шу жиҳатдан олганда, орадан қарийб олти асрдан ортиқ вақт ўтиб, Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг GSP+ тизимининг кучга кирганлиги ҳақида кирганлиги ҳақидаги қарорнинг айнан соҳибқирон таваллуд топган кунда келгани ЕИ, шу жумладан, унда юксак мақомга эга бўлгана Франция билан дўстона муносабатларнинг теран илдизи бугунги кунда янгича мақомда давом этаётганлиги кўнгилларни мунаввар этади. Янги Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузи ҳар жабҳада, шу жумладан, иқтисодий ҳамкорликда ортиб бораётгани эса, дилларни ғурурга тўлдираади. Бундан буён ҳам дунё савдогарлар, яъни ҳозирги таъбир билан айтганда, тадбиркорлар ҳамкорлиги билан обод бўлаверсин!

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    Иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates