Улғайиб бораётган миллий давлатчилик тизими халқимиз хоҳиш иродасини намоён этган ҳолда, сайловдан сайловгача бўлган даврларда кўплаб ўзгаришларни, сайлов механизмида талайгина инновацияларни амалга оширдики, улар катта самарадорлик, шаффофлик ва инклюзивликни таъминлади.
Аҳамиятлиси, Янги Ўзбекистон тарихида илк маротаба Қонунчилик палатасига сайловлар мажоритар ва пропорционал вакилликни бирлаштирувчи аралаш сайлов тизими орқали ўтказилди. Бу ўзгариш овоз берувчиларга депутатни тўғридан-тўғри сайлаш имконини ҳамда ўзи муносиб деб танлаган партияга овоз бериш ҳуқуқини берди.
Бу тизим эса ўз истиқболига эга бўлиб, мувозанатли вакиллик органларини яратишга асос бўлади ҳамда демократик легитимликни кучайтириш, сиёсий овозларнинг кенг спектрини таъминлайди. Ушбу янгиланишлар асносида бугун Фарғона вилоятида ҳам кўтаринки руҳда “Менинг танловим — обод Ватаним” шиори остида сайловлар давом этди.
Халқимизнинг ташаббускор шиддати, ўзгаришларга бўлган интилишлари ва ватанпарварлигини ўзида мужассам этган ушбу шиор ҳар бир сайловчига ўзгача кўтаринкилик бағишлай олди. Бунда Фарғона давлат университетининг кўп сонли жамоаси ва талаба-ёшлари сайловолди тарғиботи жараёнларига муносиб ҳиссасини қўшиш билан бирга, ўз фуқаролик позициясини баралла намоён этишга, сайлов ҳуқуқи моҳиятини халқчил ифода этишга катта қизиқиш, хайрихоҳлик билдирдилар ва бирдамликда ҳаракат олиб бордилар.
Сайловларда фуқароларимизнинг фаоллик, уюшқоқлик билан овоз беришлари кенг жамоатчилик ва жаҳон ҳамжамиятига уч минг йиллик тарихга эга буюк халқимизнинг, шунингдек, ушбу қутлуғ заминда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг юксак ҳуқуқий савияси, сиёсий маданиятини намоён этди.
Демакки, Янги Ўзбекистоннинг сайлов трансформацияси замонавий технологиялар орқали демократияни янада мустаҳкамлаш босқичини самарали босиб ўтмоқда.
Бугунги сайловлар мисолида айтиш керакки, Президентимиз ташаббускорлигида мамлакатимиз тақдири ўзгариб, юксалиб борар экан, бу манфаатлар мевасидан баҳраманд бўлаётган ҳар бир фуқаро — мазкур ислоҳотларнинг амалга ошишида, ёшларимиз ҳаётида ўз ифодасини топишида масъул эканлигимизни унутмаслигимиз зарур.
Баҳодир ШEРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори
Ҳамкорлик материали