баннер
21 фев 2025
11:41

    Янги технология: муқобил энергия асосидаги ёритиш ва иссиқлик таъминоти

    Боёвут туманидаги 19-мактабнинг бу борадаги намунали ишлари

    Бир неча йиллик ҳаракат натижа берди

    Боёвут туманидаги мактаб директорининг иши чиндан катта ташаббус. Йирик халқаро лойиҳа грантини ютиб олиб, мактаб биносини тўлиқ замонавий ва экологик тоза иситиш тизимига ўтказиш жуда кўп саъй-ҳаракат талаб қилади. Бошқа томондан, экологик тоза иссиқлик манбаини етказиб берувчи бу технология (Chiller) юртимиз амалиётида янгилик ва ҳозирча фақат ана шу 19-мактабда мавжуд. Директор билан телефон орқали мулоқот қилганимда халқаро грант ютиб олиш осон бўлмагани, замонавий технология 7-8 йиллик саъй-ҳаракатлар маҳсули эканини айтиб берди.

    — Жараён бундан 7 йил олдин бошланганди, — дейди Боёвут туманидаги 19-мактаб директори Муҳтарам Ҳасанова. — Интернет тармоғи орқали БМТнинг Глобал экологик жамғармасининг қатор лойиҳалари билан танишиб чиқиб, улар орасидан ўзимизга мосини излай бошладик. Бу лойиҳаларнинг аксарияти атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган технологияларни қўллашга қаратилгани бизга маъқул бўлди. Тегишли манзилга қайта-қайта электрон хат юбориб, уларнинг саволларига жавоб бердик, қўйилган талабларни бажардик. Аммо йиллар давомида улар ҳам, биз ҳам ўзимизга мос технологияни топишга қийналдик. Охири 120 кунлик қиш тарихини тайёрладик. Яъни 120 кун давомида ҳудудимиздаги ҳаво ҳароратини ўлчаб, мактабни иситиш учун қанча кўмирдан фойдаланилиши, қанчаси яроқсизга чиқиши бўйича ўрганишларимизни тақдим қилдик. Синфхоналардаги ҳаво ҳарорати кўпи билан 15 даражага етишини ҳам кўрсатдик. Хуллас, мақсадимизга етмагунча тўхтамадик. Ниҳоят халқаро жамғарма бизга Хитойнинг инновацион иситиш тизимини таклиф қилди. У 1 киловатт электр энергиясини олиб, ўзида сувни иситиш ҳисобига 4 киловатт электр энергияси даражасига етказиб берадиган “ақлли” иссиқлик насоси эди. Грантни қўлга киритганимиздан кейин 2023 йилда мактаб биносига замонавий иситиш тизими ўрнатилди. Ўша йилнинг қиш мавсумидаёқ янги технология самараси сезилди. Мактаб биносида иссиқлик тўлиқ таъминланди. Синфхоналардаги юқори ҳарорат 20-22, энг қуйи кўрсаткич 18 даражага етди. Иссиқлик насосининг экологик тоза технология дейилаётгани боиси шуки, қурилма одатдаги иситиш тизимлари каби газ ёки бошқа ёнилғилар ҳисобига ишламайди, сув ва электр токи асосида иссиқлик етказиб беради. Фойдаланилган вақтда атроф-муҳитга ҳеч қандай салбий таъсири йўқ. Ўзидан зарарли газ чиқармайди. “Ақлли” технология бошқа кўплаб функциялар билан ҳам бойитилган. Қурилма атрофдаги ҳаво ҳароратини доимий ўлчайди ва бино ичидаги иссиқликни шунга мослаб автоматик таъминлайди. Масалан, ташқарида ҳаво ҳарорати пасайгани сари кўпроқ иссиқлик берса, ҳарорат кўтарилганда, аксинча, иссиқликни камайтиради. Шу жиҳатдан тежамкорлиги ҳам юқори. Қолаверса, технология керакли функциялар орқали тўлдирилган сув ҳажми, иссиқлик даражаси ва ҳоказоларни кўрсатиб туради. Хуллас, фойдаланувчини ортиқча овора қилмайди.

    Асосийси, мактаб биноси иссиқ, болаларнинг бемалол таълим-тарбия олиши учун яна бир қулай шароит яратилди. Аввал мактаб биноси маҳаллий иситиш тизимига уланган ва ҳарорат етарлича таъминланмаган. Қаттиқ совуқ бўлган вақтларда-ку, ўқувчилар қалин кийимларда ўтиришига тўғри келган. Айниқса, кўмирнинг димоқни ачиштирадиган ҳидига чидашга мажбур бўлган. Ҳозирги замонавий иссиқлик насосининг эса бор-йўқлиги ҳам билинмайди, лекин бино доим бир маромдаги иссиқликка эга. Энди совуқ мавсумда иситиш муаммоси бу мактаб жамоасини қийнамаяпти.

    Таълим соҳасида узоқ йиллардан бери фаолият юритаётган мактаб директори — “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Муҳтарам Ҳасанованинг мақсади ҳам шу эди. Мактабда ўқитиш сифатини ошириш билан бирга ўқув-чиларнинг шинам, иссиқ, барча шароитга эга хоналарда ўқиши учун интилаётган педагог билан гаплашиб, давлатимиз раҳбарининг “Мана, фидойилик...” деган сўзлари айни топиб айтилганига амин бўлдик. Муҳтарам опанинг йиллар давомидаги фаолияти ва унинг кўксига тақилган орденлар ҳам ана шу фидойилик тимсоли, аслида.

    — Мактаб — таълим-тарбия маскани. Бу масканда ҳар бир ўғил-қиз тўлақонли билим олиши учун таълим мазмуни бой бўлиши баробарида, ўқувчи ва ўқитувчи-ларга қулай шароит керак. Қулай шароит эса, биринчи навбатда, ёруғ, шинам ва қишда иссиқ синфхоналардир. Ўқувчилар иссиқ хоналарда ўқиши керак. Шунда би-лимни янада яхши ўзлаштиради. Ташқа-ридаги совуқдан келиб, яна совуқ хонага кирадиган боланинг хаёли дарсда бўлиши қийин. Буни кўп йиллик тажрибамдан ке-либ чиқиб айтяпман. Афсуски, шу масала асосий муаммоларимиздан бири бўлиб келган, — дейди директор. — Таълим муассасамизда 425 ўқувчи таҳсил олади. Халқаро грантни ютиб олиб, мактабимизга замонавий иссиқлик насоси ўрнатилгач, ўқувчиларнинг билимида ҳам сезиларли ўзгаришлар кузатила бошлади. 2024/2025 ўқув йилида ўғил-қизларимиз турли фан олимпиадаларида фаол қатнашди. 21 ўқув-чимиз она тилидан миллий сертификат ол-ган бўлса, кўпи чет тилини билиш даражаси бўйича сертификат олишга тайёргарлик кўряпти. Бу йилги 38 битирувчимизнинг ярмидан кўпи аллақачон олийгоҳларга ўқишга кириш йўлланмасига эга.

    Ортган электр токидан бошқа мактаблар ҳам фойдаланади

    Боёвут туманидаги 19-мактабнинг за-монавий иситиш тизимидан хабар топган қўшни вилоятлардаги мактаблар дирек-торлари ҳам келиб, экологик тоза иссиқлик манбаи етказиб берувчи иссиқлик насоси (Chiller)нинг ишлашини ўрганяпти, техно-логияга қизиқиш билдиряпти. Муҳтарам опа эса БМТнинг яна бошқа — қуёш па-неллари ўрнатиш лойиҳаси грантини ҳам ютиб олган. Шу кунларда уни ишга туши-риш жараёни авжида. Ҳафта охиригача қу-рилма тўлиқ ўрнатилади.

    Гап шундаки, мактабдаги замонавий иссиқлик насоси электр токи билан ишлайди ва кўпроқ электр энергияси талаб қилади. Буни қоплаш учун директор халқаро ташкилотнинг бошқа лойиҳасида иштирок этди ва ғолиб бўлди. Лойиҳага кўра, мактаб биносига қуввати 100 киловаттли қуёш панели ўрнатиляпти. Қурилма келаси ой бошидан ишга туширилиши керак. Бу орқали таълим муассасасини ёритиш ҳам, иссиқлик таъминоти ҳам тўлиқ муқобил энергияга ўтади.

    Мактаб жамоаси бундан тежаб қолинадиган харажат ва топиладиган даромадни ҳам чамалаб кўрди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу муқобил энергия манбаи ишга туширилганидан сўнг соатига 100 киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилса, бу бир кунда тахминан 800 киловатт электр токига айланади. Тармоққа қайтарилган ортиқча электр энергияси тумандаги 55 та умумтаълим мактабининг бир ойлик истеъмол захирасини таъминлашга етади. Бу — шунча мактабни иситиш учун бир мавсумда сарфланадиган 90 тонна кўмир тежаб қолинади, дегани.

    Қолаверса, мактаб жамоаси эҳтиёжидан ортган электр энергиясини давлатга сотиш ҳақида ҳам ўйлаяпти.

    Айтишларича, қуёш панели йилига 300 минг киловаттгача электр токи ишлаб чиқарса, шунинг ярми мактаб эҳтиёжини тўлиқ қоплайди, қолганини эса сотиш мумкин. Олинган даромад мактаб-нинг бошқа харажатларини қоплашга йўналтирилади.

    Очиғи бундай лойиҳаларни амалга ошириш анча ҳаражат талаб қилади.

    Боёвут туманидаги 19-мактаб директори Муҳтарам Ҳасанова эса ҳар қандай ишни уддалаш мумкинлигини ўз тажрибасида кўрсатди. Мамлакатимиз “яшил” иқтисо-диётга ўтиш йўлида фаол ҳаракатланаёт-ган ҳозирги вақтда бундай лойиҳалар айни муддао. Ана шундай ташаббусларни қўл-лаб-қувватлаш, янги қувватларни кўпроқ жалб қилиш, иқтисодий ва ижтимоий жаб-ҳада муқобил энергия манбалари улушини ошириш бу йил янада жадаллашади.

    Боиси, давлат дастуридаги энг катта йўналишлардан бири энергетика билан боғлиқ. Кейинги йиллардаги қатъий ҳара-катлар туфайли мамлакатимизнинг жами қувватида “яшил” энергия улуши 16 фоизга етказилган бўлса, жорий йилда уни 26 фоизга чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун яна 3,5 гигаваттли 16 та йирик қуёш ва шамол станцияcи, 160 мегаваттли 5 та йирик ГЭС ва 1,8 гигаваттли энергия сақлаш қувватлари ишга туширилади. Давлат корхоналари, саноат ва хизмат кўр-сатиш мажмуалари ҳамда хонадонларда қуёш панеллари ўрнатишни рағбатланти-риш давом эттирилади. Бунинг учун зарур маблағ ажратиш ҳам белгиланган.

    Мақсадимиз атроф-муҳитни асраш, глобал экологик муаммоларга қарши са-марали курашиш, табиий манбалардан оқилона фойдаланиш экан, бу йўлда янги тажрибаларни ўрганиш, замонавий тех-нологияларни қўллаш муҳим йўналиш-лардан бўлиб қолади. Мактаб директори Муҳтарам Ҳасанова бошлаб берган та-шаббус эса “Боёвут тажрибаси” сифатида кенг оммалаштирилади. Биз яқин йиллар-да унинг натижалари ҳақида яна ёзамиз.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    "Янги Ўзбекистон" мухбири

    No date selected
    феврал, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech