Янги турдаги қурилиш материаллари: амалдаги ҳолат, мавжуд илмий салоҳият ва истиқболдаги режалар

    Бунёдкорлик ишлари қийматининг 55-60 фоизини қурилиш материаллари ташкил этиши, замонавий меъморчилик янги, сифатли, арзон, енгил ва зилзилабардош, инновацион маҳсулотларни талаб қилиши инобатга олинса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаси тараққиёти ва аҳамиятини ҳис қилиш, англаш қийин эмас.

    Республикамизда ҳозирги кунда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек, қурилиш материаллари саноати корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

    Бунда тармоқни жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий минерал хомашё ресурсларини қайта ишлашга инвестицияларни жалб қилиш ва қурилиш материалларини экспорт қилиш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Ҳозирги кунда аҳолини арзон турар жой билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектлари, нотурар ва аҳоли турар жойлари учун сифатли, арзон, янги турдаги қурилиш материалларига талаб ва таклиф тобора ортиб бормоқда.

    Бунёдкорлик ишлари қийматининг 55-60 фоизини қурилиш материаллари ташкил этиши, замонавий меъморчилик янги, сифатли, арзон, енгил ва зилзилабардош, инновацион маҳсулотларни талаб қилиши инобатга олинса, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаси тараққиёти ва аҳамиятини ҳис қилиш, англаш қийин эмас. Хусусан, ҳозирги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришни тақозо қилмоқда.

    Республикада қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида 2019 йил 20 февралда Ўзбекистон Президентининг “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 23 майда “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, шунингдек, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга қаратилган қурилиш материаллари саноатидаги таркибий ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш учун “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ташкил этилди.

    2019-2025 йилларда геология-қидирув ишларини олиб бориш, қазиб олиш ва қайта ишлаш асосида қурилиш индустрияси хомашё базаси ҳажмларини ошириш — 13,1 миллион тонна оҳактош, 1,8 миллион тонна гипс, 1 миллион тонна лойсимон компонент, ғишт хомашёси, 0,1 миллион тонна кварц қуми, 5,6 миллион куб метр кўчган тоғ жинслари (базальт), тош-шағал ишлаб чиқариш режалаштирилган.

    Гулқоғоз ишлаб чиқариш ҳажмини 47 баробар, йиғилган паркет панеллари ва плиталарни 19 баробар, ёғоч қириндили плиталар ҳамда ёғоч ва бошқа ёғочбоп материаллардан тайёрланган плиталарни 15 баробар, газобетон блокларни 7 баробар, лок-бўёқ материаллари ҳамда энергия ва иссиқликни тежовчи флоат-технология асосида ишлаб чиқарилган архитектура-қурилиш ойнасини 4 баробар, базальтдан тайёрланадиган композит арматурани 3 баробар ва цемент ишлаб чиқаришни 2 баробар ошириш кўзда тутилган.

    Қурилиш материаллари саноатида жорий йилда 22 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга замин яратилган бўлиб, 14,5 миллион тонна цемент, 23 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 60 миллион квадрат метр гипсокартон, 1 миллион куб метр газобетон блоклар каби қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.

    Бу, ўз навбатида, нафақат ички бозорни таъминлаш, балки хорижий давлатларга экспорт қилишга ҳам имконият яратмоқда. Жорий йилда Афғонистон, Озарбайжон, Туркия, Россия ва Украина каби давлатларга 300 миллион долларлик базальт ровинглар, полистерол плиталар (пеноплекс), ПВХ пол қопламалари, лок-бўёқ учун пигментлар, енгил металл ­конструкциялар каби янги турдаги маҳсулотлар экспорт қилинди.

    Тармоқда тежамкор энергия технологияларининг жорий этилиши натижасида “қуруқ” усулда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 61 фоиздан 80 фоизгача оширилди. Қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришда эса энергия сарфини икки баравар қисқартиришга эришилади.

    Президент қарори асосида уюшма раисининг илм-фан ва инновациялар бўйича биринчи ўринбосари лавозими жорий этилди. Уюшма ҳузурида Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаши тузилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

    Бу кенгаш фаолияти мунтазам йўлга қўйилган бўлиб, ҳозир МДФ плиталар, модификацияланган серобетон, юқори сифатли цемент клинкерлари, поливинилхлорид буюмлар, шунингдек, базальт, золошлак ва техноген чиқиндилардан замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш технологияларини яратишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишга киришилган. Бунга 14 та илмий-тадқиқот, 7 та олий таълим муассасаси, “Яшнобод” инновацион технопаркининг 4 та резиденти ва 2 та стартап ташкилот, жами 26 та илмий-инновацион фаолият субъекти жалб этилган.

    Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда илмий фао­лиятга оид давлат дастурлари доирасида қурилиш материаллари йўналиши бўйича умумий қиймати 16,2 миллиард сўмдан иборат 34 та илмий-тадқиқот, инновацион ва стартап лойиҳа амалга оширилмоқда.

    2019-2020 йилларда уюшма ҳузуридаги Илмий-техникавий кенгашда кўриб чиқиш учун 10 та йўналиш бўйича жами 42 та инновацион лойиҳа тақдим этилган.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган ва ўтказилган танлов натижаларига кўра, Илмий-техникавий кенгашда умумий молиявий ҳажми 10,605 миллиард сўмлик 8 та инновацион ло­йиҳа (клинкерли цемент, азбозуритдан асбест олиш, золобетон, янги боғловчилар олиш технологияси) ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди. Ушбу технологиялар воситасида энергияни тежайдиган, атроф-муҳитга етказиладиган зарарни минималлаштирадиган, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга жорий этилмоқда.

    Жумладан, азбозурит ичидан асбестни саралаб олиш технологиясини қўллаш натижасида республикага кириб келаётган асбест миқдорини камайтириш, шифер таннархини пасайтириш, Оҳангарон, Қувасой, Бекобод ва Ангрен зонасида тўпланиб қолган 2 миллион тонна азбозурит чиқиндисини қайта ишлаб, тоннасидан 15 фоизгача асбест моддасини ажратиб олиш имконияти яратилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китоблар натижасида асбест импортининг ўзидан 40 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни иқтисод қилиш назарда тутилган. Бундан ташқари, нефть ва газни қайта ишлаш ҳамда рангли металлургия саноатида ҳосил бўлган ва катта миқдорда тўпланиб қолган олтингугурт чиқиндисидан мустаҳкам, совуққа ва сувга чидамли ҳамда ёпишқоқ, автомобиль йўлларини қуришда қўлланиладиган олтингугуртли йўл қопламаси технологияси яратилади.

    Серобетоннинг сиқилиш мустаҳкамлиги 85-102 МПа (цемент 20-40 МПа)ни, қотиш вақти 1-1,2 соатни (цементда 28 кун) ташкил этади. Молиялаштиришга тавсия этилган бошқа лойиҳалар ҳам янги турдаги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш технологияларини яратишга қаратилган.

    Ўтган давр, яъни 2019-2020 йилларда қурилиш материаллари саноати соҳасидаги туб ислоҳотлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан янги турдаги инновацион, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи қурилиш материаллари — гулқоғоз, суюқ гулқоғоз, золоблок, газоблок, пеноблок, полистролблок, композит (асбестсиз) шифер, ўтга чидамли ғишт, юмшоқ том ёпқич материаллари, изоляциялаш материаллари ва маҳсулотлари (базальтли, минералли, тошдан олинган), базальтдан арматура, тола, тўр, фрита (кафелларга ранг беришда ишлатиладиган хомашё), декоратив бўёқлар, мозаика (тошли, шишали ва керамикали), спорт ва маиший линолеум, шиша толаси, шиша толасидан тўр, гид­роизоляция материаллари, геотекстиль, геомембрана, бентонит мат (тўшама), геотўр, геопанжара ва геокомпозит каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

    Бугунги кунда республикада 31 та корхонада замонавий ва энергияни тежайдиган қурилиш материалларидан газобетон блоклар (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 1 032 минг куб метр), 6 та корхонада пенобетон блоклар (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 40 минг куб метр) ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шунингдек, газобетон блокларни (йиллик ишлаб чиқариш қуввати 885,4 минг куб метр) ишлаб чиқарувчи яна 20 та корхонани жорий йилнинг охиригача ишга тушириш режалаштирилган. 2020 йилнинг 9 ­ойида 530 минг куб метр газобетон ишлаб чиқарилган.

    Жорий йилда 61 миллион квадрат метр гипсокартон, 2,6 миллион рулон гулқоғоз, 32 миллион квадрат метр керамик плитка, 650 минг дона санитар-техник буюм каби янги турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади.

    Бугунги кунда россиялик ҳамкорлар билан йўл қопламаларининг фойдаланиш муддатини 2,5 баравар ошириш, таннархини 35-40 фоиз камайтириш имконини берадиган серобитум ва серобетон ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун маҳаллий корхоналар ташкил этилмоқда. Бунинг учун 445,0 минг АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа амалга оширилмоқда.

    Стартап лойиҳалар танлови ғолиблари томонидан госсипол смоласидан нефтсиз қурилиш битуми олиш (лойиҳа қиймати — 595,9 миллион сўм) ҳамда маҳаллий минерал хомашё ва саноат чиқиндиларидан керамик бўёқлар олиш технологиясини яратиш (лойиҳа қиймати — 473,0 миллион сўм) устида ишлар бошлаб юборилди.

    Ихтисослашган “Сурхонцементинвест” корхонаси негизида хомашёни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларга сервис хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган кластер ташкил этилиб, унда замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    Қурилиш материаллари саноатига инновацияларни жорий этиш бўйича халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш натижасида қурилиш, капитал таъмирлаш ва дизайнерлик ишларида ёруғлик ўтказувчан бетон, янги турдаги қурилиш ойнаси, хамелеон ғишт, шишали черепица, ўзини ўзи тиклайдиган эгилувчан бетон, манзаралари ҳаракатланувчи пол қопламалари, кўпикли девор қопламалари, кварцвинилли пол қопламаси, бетон қуйиш учун пластик қолип, гуруч сомонидан МДФ п­­литалар, композит суюқ иссиқлик изоляциялаш қопламаларидан кенг фойдаланилмоқда. Ушбу янги турдаги инновацион қурилиш материалларини ишлаб чиқариш жараёнига илм-фан ютуқларини жорий қилиш мақсадида илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

    Янги турдаги сифатли ва хавфсиз қурилиш материалларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш мақсадида 2019 йилда 340 та халқаро стандарт қабул қилинди. Режага мувофиқ, 2020 йилда 542 та, 2021 йилда эса 505 та халқаро стандарт қабул қилинмоқда. Бунинг натижасида тармоқда халқаро стандартлар билан уйғунлашув даражаси оширилмоқда.

    Бугунги кунда қурилиш материаллари саноати соҳасига илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш асосида маҳсулот тури, сифати, ҳажмини кўпайтириш, уларни ишлаб чиқаришда замонавий, самарали ва тежамкор технологиялардан фойдаланиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда кенг миқёсдаги ишлар тизимли амалга оширилмоқда.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири,

    Қурилиш материаллари саноати илмий-техникавий кенгаш раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates