баннер
28 мар 2025
20:33

    Янги услубдаги дарслик – замонавий таълим гарови

    Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан “Янги услубдаги дарслик — замонавий таълим гарови” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда агентлик томонидан ижод мактаблари ўқувчилари учун махсус яратилган дарсликлар тақдимот қилинди.

    Ушбу дарсликлар ўқувчиларда китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида замонавий таълим методлари асосида олим ва мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилди. Янги дарсликлар бадиий асарни таҳлил қилиш, аннотация, тақриз, ҳикоя ёзиш ҳамда турли қўлёзма манбалар устида ишлаб, насх ва настаълиқ хатини ўргатиш, ижодкор ёшларни матншунослик соҳасига қизиқтиришни мақсад қилган.

    Маълумот ўрнида: бугунги кунда Агентлик томонидан босқичма босқич ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун дарсликлар ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, ижод мактаблари учун 7-синф “Адабиёт”, 7-синф “Матншунослик алифбоси”, 11-синф “Адабиёт” дарсликлари ишлаб чиқилди.

    Мазкур дарсликларнинг мазмуний тузилишини оптималлаштириш учун жаҳон тажрибаси (АҚШ, Корея, Финляндия, Буюк Британия) ўрганиб чиқилди ва дарслик ёзишнинг миллий методологиясига асос солинди.

    Биринчи марта адабиёт дарслигига “Адабий лаборотория” киритилди. Бунда ўқувчиларнинг адабиёт дарсларида фақатгина мутолаа билан эмас, балки ишлаб чиқаришга йўналтирилган тадқиқотлар билан ҳам шуғулланиши кўзда тутилган. Жумладан, ўқувчилар аудио матн, китоб трейлери каби бир қанча усулларда китобхонликни тарғиб қилувчи материалларни яратади.

    Биринчи марта адабиёт дарслигининг ўзида электрон ресурслар учун имконият яратилди, ҳар бир мавзуда интернет кутубхоналарида мавжуд бўлган электрон ва аудио китобларнинг QR кодлари берилди. Бундан ташқари дарслик орқали бир вақтнинг ўзида ўрганилаётган асарнинг видеофильм, спектакл вариантлари билан ҳам танишиб бориш имконияти яратилди.

    Ҳар бир мавзу санъат асарлари намуналари (тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, театр, кино, клип) билан боғланган. Ўқувчилар бадиий асарни санъат намуналари билан солиштириб, таҳлил қилади. Ўқувчиларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида аннотация, тақриз, ҳикоя ёзиш сингари топшириқлар берилган.

    “Матншунослик алифбоси” дарслиги мактаб ўқувчиларига эски ўзбек ёзувини ўргатишга қаратилган биринчи дарслик бўлиб, ўқувчиларни фанга қизиқтириш ва тафаккурини кенгайтириш учун шеърий қоидалар, чистонлар (топишмоқлар)дан фойдаланилди. Китобнинг тайёрланишида бир нечта хаттотнинг каллиграфик машқларидан фойдаланилган. Ўқувчилар турли қўлёзма манбалар устида ишлаши орқали уларни матншунослик касбига йўналтириш эътиборга олинган.

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech