Янгиланган Конституциямиз барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлашга хизмат қилади

    Ўтган беш йилликда халқ ва давлат ўртасида ислоҳотлар бардовомлигини таъминлашда ўзига хос мулоқот механизми яратилди. Мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашга қартилган ҳар бир ташаббус ва ислоҳотни энг аввало юртдошларимиз билан бамаслаҳат амалга оширилиши йўлга қўйилди.

    Айни кунларда жонажон ватанимизнинг ортга қайтмас тараққиётини таъминашга хизмат қилувчи Бош қомусимизни янада такомиллаштириш, бугун жамиятимизда рўй бериб, ўз тасдиғини топаётган инсон қадрини улуғлашдек эзгу ниятни асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига таклиф бериш ва уни ҳаётимиз талабларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш борасида ишлар амалга оширилмоқда.

    Хусусан, бундан бир ой олдин Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фаолият кўрсатаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” демократик патияси фракциялари томонидан кун тартибига олиб чиқилган ташаббус бугун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйиб, нафақат мамлактимизда истиқомад қилаётган, шу билан бирга, хорижий давлатларда бўлиб турган юрдошларимиз томонидан ҳам Бош қомусимизни такомиллаштириш юзасидан асосли бўлган таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.

    Фуқароларимизга ўз яшаш ҳудудлари бўйича ҳеч бир тўсиқларсиз ўз таклифларини билдиришлари учун Meningkonstitutsiyam.uz портали, махсус Telegram-бот ва колл-марказлар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, юртдошларимизга ўзлари яшаш манзили бўйича маҳалла идорасига, ёки Халқ депутатлари Кенгашларига бориб ҳам таклфларини қолдиришлари учун имкониятлар яратиб берилди. Бу эса, қисқа вақт ичида халқимизни буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликда ва ҳамжиҳатликка ҳаракат қилишига ундади. Натижада ўтган вақт давомида фуқаролар томонидан қариб 50 мингга яқин таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

    Ушбу таклифлар Конституциявий комиссия аъзолари томонидан мунтазам равишда ўрганилиб, тегишли йўналиш ва моддалар бўйича асослилиги Парламент аъзолари, етук ҳуқуқшунослар, экспретлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокамадан ўтказилиб кўриб чиқилмоқда.

    Куни кеча Давлатимиз раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан ўтказган мулоқоти давомида Комиссия аъзоларига Бош қомусимизнинг ҳар бир моддасини халқчил тарзда халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда такомиллаштириш борасида бир қатор устувор йўналиш ва вазифалар белгилаб берилди.

    Хусусан, Президентимиз томонидан ушбу жараёнларда биринчи устувор йўналиш сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қимматини улуғлаш, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилиши лозимлиги таъкидланди.

    Жумладан, инсон қадрини юксалтириш давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлиши лозимлиги, шунингдек, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган муҳим нормани киритиш, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан шахс қўлга олинганда “Миранда қоидаси”ни қўллаш, Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслигини қатъий ёзиб қўйиш каби бир қатор ҳаётий мисоллар айтиб ўтилди.

    Шунингдек, озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шартлиги, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий, жиноий жавобгарлик ва бошқа йўналишдаги ишларни кўриб чиқишда инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари – қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда шахсга имкон қадар енгиллик яратиш, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шартлиги таъкидланди.

    Сир эмаски, сўнгги йилларда аҳолини ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш Давлат сиёсатининг бош мақсадига айланди. Давлатимиз раҳбари ушбу ислоҳотлар изчил давом эттирилиши ва буни Конституциямизда мутаҳкамлаш мақсадида иккинчи устувор йўналиш сифатида асосий қонунимизда “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлаб қўйишни таклф қилди.

    Хусусан, барча юртдошларимиз учун ўз келажагини қуришда аввало, ватан ичра ватан бўлган уй-жойга эга бўлиш истаги устуворлигига алоҳида эътибор қартилиб, Конституциямизда фуқароларимизнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, унинг дахлсизлигини кафолатлаш, аҳолининг барча қатламлари, айниқса, муҳтож тоифаларни уй-жой билан таъминлаш бўйича давлатнинг мажбуриятларини мустаҳкамлаш лозимлиги, бунда уй-жой бўйича конституциявий кафолатни белгилаб қўйиш, уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши Конституцияда қатъий белгилаш зарурлиги айтиб ўтилди.

    Шу билан бирга, оила институтининг конституциявий асосларини ривожлантириш мақсадида “оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши”, жамиятнинг табиий ва таянч бўғини, жамият ва давлатнинг алоҳида ҳимоясида эканини мустаҳкамлаб қўйиш, ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойил негизида уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва кафолатларини белгилаш ҳамда ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлишини белгилаш таклиф қилинди.

    Шунингдек, мулоқот жараёнида Президентимиз томонидан ушбу ислоҳотлар жараёнида эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қартилди. Хусусан, учинчи устувор йўналиш доирасида маҳаллаларнинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланиши таъкидланди. Ушбу таклиф 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштириш борасида белгилаб берилган мақсадларга ҳамоҳанглиги билан янада аҳамиятлидир.

    Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан тўртинчи устувор йўналиш сифатида Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ташаббуси юзасида ҳам бир қатор таклифлар илгари сурилди.

    Жумладан, “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйиш, Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритиш, халқ ҳокимиятчилигини, ҳокимиятларни бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатда сақлаш механизмларини таъминлашни янада кучайтириш ҳамда Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш каби ташаббуслар шулар жумласидандир.

    Шунингдек, бу жараёнда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш, Фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи институтини ислоҳ қилиш, янги қонунчилик таклифларини киритиш институтини Олий Мажлис Сенати, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига ҳам берилиши ўйлайманки, амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

    Махфират Хушвақтова,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates