Япония компаниялари янги истиқболли йўналишлар бўйича тендерларда иштирок этишга таклиф этилди

    Халқаро ҳамкорлик 26 ноябр 2023 2254

    Пойтахтимизда “давлат ва бизнес” форматида ташкил этилган давра суҳбатида Япониянинг Россия ва янги мустақил давлатлар билан савдо бўйича ROTOBO уюшмасига аъзо йирик компаниялар раҳбарлари иштирок этди.

    Япония томонидан ROTOBO президенти Масами Иижима ва Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев раҳбарлигида ўтказилган тадбирда Ўзбекистоннинг асосий вазирлик ва идоралари раҳбарлари иштирок этди.

    Жорий қўшма лойиҳалар ва Ўзбекистон-Япония савдо-инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш истиқболларини муҳокама этиш доирасида мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторларни қўллаб-қувватлаш борасида имтиёз ва преференциялар амал қилаётгани таъкидланди. Жумладан, кичик бизнес соҳасида икки юздан ортиқ турдаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди, солиқларнинг умумий сони қисқартирилди, айримларининг ставкалари икки бараварга пасайтирилди. Учрашув давомида Ўзбекистонда япон тадбиркорлари дуч келаётган муаммолар ҳам кўтарилиб, уларни ҳал этиш механизмлари муҳокама этилди.

    Иштирокчилар устувор тармоқларда ҳамкорликнинг янги йўналишлари тақдимотига алоҳида эътибор қаратдилар.

    “Маълумки, Япония дунёда биринчилардан бўлиб 2050 йилгача углерод нейтраллигига эришишни мақсад қилган. У “яшил энергия” соҳасида етакчи ўринни эгаллаб келяпти. Гидроэлектр станциялар ва иссиқлик электр станцияларига муқобил қурилма яратиш келажакда энергия тақчиллигининг олдини олиш учун зарур чора-тадбирлардан биридир. 2026 йилгача Ўзбекистонда 5 ГВт қуёш энергияси ва 3 ГВт шамол энергиясини ўз ичига олган қўшимча энергия қувватларини яратиш режалаштириляпти. Япония компанияларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуёш ва шамол электр станцияларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида қуриш бўйича тендерларда иштирок этишга таклиф этамиз”, — дея таъкидлаб ўтди Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев давра суҳбати иштирокчиларига мурожаатида.

    Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигининг бошқа муҳим йўналишлари қаторида тоғ-кон саноати, машинасозлик, фармацевтика, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги каби соҳалар ҳам белгилаб ўтилди.

    IT ва инновациялар соҳасида Япониянинг энг яхши кибер, био ва нанотехнологияларини трансфер қилишга, шунингдек, Япония инновациялари ва илмий ишланмаларини Ўзбекистон инфратузилмаси ва кадрлар салоҳияти билан уйғунлаштиришга қизиқиш билдирилди.

    Ўзбекистоннинг тармоқ вазирликлари ва идоралари раҳбарлари алоҳида маъруза ва таклифлар билан чиқди. Улар билан бирга Япониянинг “ITOCHU Corporation”, “Sumitomo Corporation”, “Sojitz Corporation”, “Mitsubishi Corporation”, “Mitsui& Co., Ltd” компаниялари раҳбарларига сўз берилди. Янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш чораларини кўришга ўзаро тайёрлик фикри билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates