“Яшил” энергетика: дунё билан бўйлашаётган лойиҳалар

    500 МВт қувватга эга бўлган шамол электр станциясининг ўзи ҳавога карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириш имконини беради.

    Катта портлаш рўй бериб, коинот вужудга келганига 14 миллиард йиллик вақт ўтди. Қуёш тизимининг яралганига 5 миллиард йил бўляпти. Бу олимларнинг илмий нуқтаи назари, фарази. Лекин бу жараён қандай тарзда кечган, қанча даврларни қамраб олган бўлмасин, шу нарса ҳақиқатки, Қуёш нурлари туфайли она заминимиздаги табиат ва ҳаёт вужудга келган. Инсон томонидан оловнинг яратилишидан бошлаб эса, башарият тараққиёти янги даврга қадам қўйди. Олис замонлар мобайнида ана шу икки манба одамзотнинг ҳар қандай кунида тириклик ва иссиқлик манбаи бўлиб келди. Кейинги асрлар мобайнида ҳаётимиз кўмир, электр, нефть, газ, атом каби энергия турлари билан бойиди. ХХI аср эса, муқобил ва қайта тикланувчи қувватлар даври сифатида тарих саҳифасидан жой олмоқда.

    “Яшил” энергетика — қазилма ёқилғи сарфисиз, атмосферага CО ва CО2 газлари чиқармайдиган ва натижада атроф-муҳит экологиясига зиён етказмаган ҳолда энергия таъминотини амалга оширадиган тузилма.. Бунда истеъмол талаби қуёш, шамол, сув, биомасса, водород энергетикаси каби муқобил энергия манбалари эвазига қопланади.

    Дунё муқобил энергитикасида нима гап?

    2020 йилда муқобил энергетикани жорий этиш бўйича жаҳон рекорди ўрнатилиб, 200 ГВтдан кўпроқ қувватлар ишга туширилди. “BloombergNEF” компанияси экспертлари қайд этишича, дунёда коронавирус пандемияси ҳукм суришига қарамай, бундай натижага қуёш электр энергияси ва водород транспорти тармоғига жуда катта миқдорда инвестициялар йўлланиши ҳисобига эришилган. Хусусан, қуёш энергетикасининг ўзига 150 миллиард АҚШ доллари, яъни 2019 йилга нисбатан 12 фоиз кўп сармоя киритилган. Таҳлилчиларнинг фикрича, жорий йилда бу рекорд яна янгиланади. Ишга тушадиган янги қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига мос равишда 150-190 ва 80-90 ГВТга ошиши башорат қилиняпти.

    Европа электр энергетикиси ҳам тоборо яшилланиб бормоқда, Маълумотларига кўра, ўтган йили ишлаб чиқарилган умумий электр энергиясининг учдан икки қисмидан кўпроғи муқобил қувватлар ҳиссасига тўғри келган. Шундай бир кезда қазиб олинадиган анъанавий ёқилғидан электр қуввати ҳосил қилиш 18 фоизга камайган. Муқобил энергиядан фойдаланишда Дания (умумий ишлаб чиаришга нисбатан 61 фоиз), Ирландия (35 фоиз), Германия (33 фоиз) ва Испания (29 фоиз) давлатлари етакчилик қиляпти.

    Маълумки, Хитойга нисбатан “осмон ости” ёки “самовий” мамлакат, деган маъжозий иборалар қўлланилади. У буни амалда ҳам исботлаб, дунёда “яшил” энергетиканинг ўсиш суръатлари бўйича пешқадамлик қилмоқда. Ўтган йилги коранавирус офати ҳам унинг шиддатли одимини тўхтата олмади ва эколгик тоза қувват олиш станциялари сони икки баробарга ошди. Умуман олганда эса, Хитойда 800 ГВт, яъни дунёда ўзидан кейинги ўринда турган АҚШ га нисбатан икки баравар кўп миқдорда муқобил энергия ҳосил қилинди.

    Ҳақиқатан, Хитойда муқобил энегиянинг ривожланиш суръати жуда юқори. Лекин унинг умумий электр энергетикаси ҳажмидаги улуши ўтган йилга келиб 15 фоизга етди. Бу ривожланган мамлакатларга нисбатан икки-уч барбарга кам. Хитойнинг 2030 йилга бориб муқобил энегетика ҳиссасини 25 фоизга етказиш режаси Ўзбекистоннинг стратегик мақсадлари билан ҳамоҳанглигидан далолат беради.

    “Серқуёш ҳур ўлкам...”

    Мадҳиямиз ана шундай ҳароратли мисралар билан бошланади ва бунда ҳеч бир муболаға йўқ. Чунки, республикамиздаги актинометрик станциялар тармоғининг кўп йиллик кузатувлари юртимизда йилнинг 300 – 320 куни қуёш саховатидан тўла баҳра олишини, турли ҳудудларда йилига 2400 дан 3090 соатгача ёғду таратиб туришини кўрсатди. Унинг йиллик қуввати 509 дан 760 миллиард киловат соатгача бўлиб, бу мавжуд ва тадқиқ қилинган углеводород захираларига нисбатан анча кўпдир. Агар бунга 1 триллион КВт соатгача бўлган шамол, 21 миллиард КВт.соатдан ортиқ гидроэнергетика, 6 миллиард куб метр ҳажмдаги биомасса ва ҳали қуввати тўлиқ аниқланмаган водород қўшилса, муқобил энергетиканинг салоҳияти нечоғлиқ улканлиги ҳақидаги тасаввурларимиз янада бойийди.

    Бироқ, яқин-яқинларгача мамлакатимимз “яшил” энергетика имкониятлари ҳақида гап борганда, ана шундай каттадан катта рақамлар келтирилар эди-ю, амалий ишларга келганда, кўнглилни ғурурга тўддирадиган мисолни топиш даргумон эди. Тўғри, Поп туманидаги Водий массивида ишга тушган 130 КВт соат, Бухоро вилоятининг Қандим шаҳарчасидаги 1,2 мегаватт қувватга эга ва бошқа кичик қуёш электр станциялари қурилди. Аммо улар ҳажми уммонга томчини менгазгандай гап эди.

    Таассуфки, Самарқандда 2013 йилда тақдимоти ўтказилган, қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳаси ҳам қанчалик катта шов-шувларга сабаб бўлган бўлса, орадан кўп вақт ўтмай шунчалик тез унутилиб кетди. Кўпларнинг юрагига инновация чироғини ёққан орзу-умидлар худди елвизакка дош беролмаган шамдай ўчиб қолди.

    Шукрким, 2017 йилдан бошлаб юртимизда муқобил энергия билан боғлиқ ишлар баҳор чечаклари каби дилларни қувонтира бошлади. Бу борада 2019 йил 22 майдан кучга кирган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун катта аҳамият касб этяпти. Чунки, бу қонун соҳага оид норматив ҳужжатларни тартибга солиши баробарида барча жабҳаларда энергия барқарорлигини таъминлаш, ёқилғи-энергетика баланси диверсификацияси даражасини ошириш ва бу борада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш сингари кенг қамровли масалаларнинг ечимини ҳам қамраб олган.

    Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги қарорига асосан, юртимизда 2030 йилга бориб муқобил энергия манбаларининг электр қуввати ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улушини икки баробарга ошириш белгилаб берилган. Ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 12-14 фоизни ташкил этади. Татбиқ этиладиган йирик лойиҳаларга мувофиқ, ўн йил ичида умумий қуввати 5000 мегаватт бўлган қуёш ва 3000 МВт.га тенг шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

    Кейинги пайтда амалга оширилаётган ва ишлаб чиқилаётган лойиҳалар кўлами бу мақсадларга эришиш муддатини янада қисқартириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Чунки, кеча хаёлий орзу бўлиб туюлган қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш ишлари ҳайратомуз даражада жадаллашиб бормоқда.

    “Токим қуёшдин бўлғай анвор, ёруқ қилғай жаҳон мулкини ...”

    Айни кунда ҳазрат мир Алишер Навоий номи билан аталадиган вилоятга йўлингиз тушса, буюк бобокалонимизнинг беш ярим аср наридан туриб айтган мазкур сатрларига мос йирик инновацион лойиҳалар амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз.

    2019 йилда юртимизда IFC (Халқаро молиявий корпорация) кўмагида халқаро тендер савдоларининг биринчи босқичи ташкил этилиб, 4 октябрь куни унинг натижалари эълон қилинди. Навоий вилоятида 100 МВт қувватли илк фотоэлектр қуёш электр станцияси қурилиши бўйича ўтказилган ушбу тендерда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Африкa, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 та компания иштирок этди. Комиссия талабгорларнинг техник ва тижорат таклифларини ўрганиш ҳамда баҳолаш натижаларига кўра, 1 киловатт соат ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2,679 АҚШ центи тарифи билан қурилиш муддати 12 ойни ташкил этадиган “Masdar” (БАА) компаниясининг лойиҳасини ғолиб, деб топди.

    Бу ҳозирда Марказий Осиёда мавжуд бўлган энг арзон нархдаги тариф ҳисобланади. БАА экспертлари фикрича, қуёш электр станцияси йилига 260 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади ва 2046 йилгача юқорида кўрсатилган қатъий нархда “Миллий электр тармоқлари” га етказиб беради.

    Бугунги кунда Президентимизнинг 2020 йил 14 апрелдаги “Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик станцияни қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Кармана туманидаги 268 гектар майдонда қурилиш ишлари олиб бориляпти. Бу юмушлар “Nur Navoi Solar” компанияси томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, у “Masdar” (БАА)нинг юртимиздаги вакили саналади.

    Вилоят марказидан 35 километр масофада бўлган қуёш станциясида ҳозирга қадар ҳудудни ўраш ва текислаш, маъмурият ҳамда мутахасисларнинг яшаш жойи ҳисобга олинган ҳолда, ходимлар иш олиб борадиган модул услубидаги шаҳарчани тиклаш жараёнлари ниҳосига етди. Электр энергияси ишлаб чиқариш ва узатишни лойиҳалаштириш ҳамда инфратузилмасини яратишга ихтисослашган Хитойнинг “SECO” компанияси лойиҳага бош пудратчилик қилмоқда. Компания қисқа фурсатда операторлик, технологик биноларнинг пойдеворига асос солди, фотоэлектр конструкциялар учун таянч устунчалар ўрнатиш ишлари жадал олиб бориляпти. Шундан кейин технологик ускуна, буюмлар ва трансформаторларни монтаж қилишга киришилади.

    Қуёш фотолектр станцияси панелларининг икки томони ҳам қўш қатли бўлиб, барча халқаро экспертиза талабларига, шу жумладан, экологик мезонларга ҳам жавоб беради. Қизиғи шундаки, станцияга ажратилган ҳудудда айни шу масалада ностандарт муаммога дуч келинди. Бу ерни тошбақалар макон қурганлиги боис, уларни бошқа жойга вақтинча кўчириб туришга тўғри келди. Қурилиш тугагандан кейин тошбақалар ўз маконига қайтарилади.

    Иншоотни тиклашда маҳаллий материаллардан фойдаланишга устувор аҳамият қаратилади. Қурилиш ишларида юртимизнинг 900 нафарга яқин ишчи, муҳандис ва маслаҳатчилари иштирок этади. Умуман олганда эса мазкур жараёнда ва станция хизматини йўлга қўйишда юзлаб иш ўрни яратилади. Шунинг учун уларни ўқитиш наинки, ушбу иншоотда, балки бошқа ҳудудларда барпо этиладиган худди шундай объектларни барпо этишда ҳам асқотади.

    — Инвестор шу йил ёзи ўрталарига бориб, станцияни ишга туширишни мўлжаллаяпти, шундан сўнг уни “Миллий электр тармоқлари” АЖга топширади, — дейди Энергетика вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдуллажон Отабоев. — Президентимизнинг 2019 йил 27 мартдаги ”Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, қайта тикланадиган энергетика соҳасидаги лойиҳалар сони тоборо ортиб бормоқда. Хусусан, “Masdar” компанияси Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳри яқинида иккинчи инвистициявий лойиҳа — шамол электр станциясини қуришни ҳам амалга оширади.

    Қайд этиш жоиз, яқинда Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ўртасида Зарафшонда қурилиши бошланган мазкур электр станциянинг лойиҳавий қувватини 500 МВтдан 1,5 ГВтгача ошириш бўйича битим имзолади. Дастлаб 600 миллион АҚШ долларига баҳоланган лойиҳага кенгайтирилганидан сўнг қарийб 1,8 миллиард доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланмоқда.

    Ташқи савдо ва инвестициялар матбуот хизматининг маълумотига караганда, лойиҳа қувватининг уч баробарга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВтга ва муқобил энергия манбаларининг мамлакат умумий энергия ҳажмидаги улушини 26 фоизга етказиш имконини беради.

    Маълумки, илгариги лойиҳа 500 МВт қувватга эга бўлиб, 500 мингта хонадонга етарли ҳажмда электр энергиясини ишлаб чиқаришни ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириши кўзда тутилган эди. Эндиликда бу кўрсаткич 1,5 миллион хонадонга етгани ҳолда, 3,3 миллион тонна карбонат ангидриднинг камайишини таъминлайди. Шамол электр станциясини 2024 йилнинг охирига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

    Жорий йилнинг 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сарвар Умурзоқов видеоконференция шаклида “АCWА Power” (Саудия Арабистони Подшоҳлиги) компанияси бошқарув кенгаши раиси, Ўзбекистон — Саудия Арабистони Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Муҳаммад Абунайян билан музокаралар ўтказди. Амалдаги қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, муқобил энергия соҳасида инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама этилар экан, Сирдарё иссиқлик электр станцияси негизида қуввати 1500 МВт бўлган комбинациялашган циклли иссиқлик электр станцияси қурилишининг бориши, Қорақалпоғистонда умумий қуввати 1,5 ГВтгача бўлган янги шамол электр станцияларини қуришда иштирок этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станцияси қуриш ишларини бошлашни жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

    — 2020 йилда “Scaling Solar II” доирасида лойиҳа тендерларининг навбатдаги босқичи ўтказилган эди, — дейди Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Хўжаев, — Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 200 МВтлик қувватга эга бўлган иккита фотоэлектр қуёш электр станцияси қурилиши учун ўтказилган ана шундай тадбирда қатнашиш учун 83 та компания ва консорциум ариза топширди. Бу инвесторларда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларига доир лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш катталигини намоён этди. Энг муҳими, кейинги вақтларда танлов иштирокчиларининг географик қамрови кенгайди, улар сафига янгидан янги субъектлар, хусусан, Европанинг нуфузли компаниялари ҳам қўшилди. Бу тарифларни янада пасайтишига эришишга ижобий имконият яратади.

    Мамлакатимиз қайта тикланадиган энергия манбалари лойиҳаларида қатнашиш бўйича яхши шартларни таклиф қилган йирик компаниялар билан бевосита музокараларни фаол давом эттиряпти. Масалан, “Tota Eren” (Франция) компанияси томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида фотоэлектрик станция тикланади. Жами қуввати 100 мВт.ли бу иншоотни барпо этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги битим 2019 йилнинг кузида имзоланди. Президентимизнинг 2018 йилнинг октябрь ойида Францияга расмий ташрифи чоғида эришилган келишув ва тегишли қарор ушбу лойиҳа учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтади.

    Лойиҳанинг умумий қиймати 100 миллион еврога баҳоланган бўлиб, инвестор томонидан тўғридан-тўғри молиялаштирилиши назарда тутилган. Ҳозирда “Total Eren” компанияси томонидан ер майдонини тайёрлаш, электр узатиш тармоғи, электр станцияни тиклаш бўйича қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган. Мазкур қуёш электр станцияси жорий йилнинг тўртинчи чорагида фойдаланишга топширилиши назарда тутилмоқда.

    Бундан ташқари, иккита лойиҳани Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида ишга тушириш ишлари олиб бориляпти. Энергетика вазирлиги 2020 йилнинг 1 февралида Осиё тараққиёт банки кўмагида дастлабки фотоэлектрик электр станциянинг қад ростлаши бўйича лойиҳалаш ишлари бошланганини маълум қилган эди. Унга биноан, камида 200 МВт. ўзгарувчан ток қувватига эга қуёш электр станцияси, шу жумладан, янги 220 кВт кучланишли подстанция ва “Сурхон – 500 кВ” подстанциясига уланиш учун жами узунлиги 52 километрлик электр узатиш тармоғи тортилади.

    Шерободдаги иккинчи лойиҳа 300 МВт қувватга эга фотоэлектр станциясини қуришни ва 2024 йилга қадар биринчи станцияга яқин жойда иш бошлашини кўзда тутади.

    Йиллик ишлаб чиқариш 1,1 миллиард кВт. соатдан ортиқ бўлган 500 МВт қувватга эга бўлган 2 та ФЭС ҳудуддаги йиллик электр энергияси истеъмолининг тахминан 30 фоизини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Сурхондарё вилоятида ўртача йиллик электр энергияси истеъмоли 3,2 миллиард кВт. соатни ташкил этади.

    Кўлам катта ва шу билан бирга...

    Мамлакатимизнинг муқобил энергия соҳасидаги имкониятлар миқёси жуда кенг. Лекин айрим олимлар томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишда ўзига хос ноқулайликлар мавжудлигини ёддан чиқармасликка эътибор қаратишади. Уларнинг фикрича, шамол генераторлари ва қуёш панеллари бирмунча қиммат техника ва технологиялар мажмуаси ҳисобланади. Фотопанеллар майдон жиҳатидан ўнлаб гектар майдонларни эгаллайди, уларни атмосфера чанги ва тузли бирикмалардан тозалаб туришнинг ўзи бирмунча хизматни талаб қилади. Бунинг устига фойдали иш коэффиценти анчайин паст ва ундан асосан кундуз кунлари фаол фойдаланиш мумкин, дейишади.

    Ҳақиқатан, бу фикрларни ҳам инобатга олиш керак. Лекин кейинги даврда муқобил қурилмалар йилдан-йилга такомиллашиб, рақамли технологиялардан фойданиш туфайли уларнинг самарадорлиги тоборо ортиб бораётганлигини ҳам назарда тутиш лозим. Мисол учун, 2009 йилда ишлаб чиқарилган қуёш панелидан самарали фойдаланиш коэффиценти 39 фоиз бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 70 фоизни қоралаб қолди.

    Албатта, мамлакатимизда муқобил энергетика лойиҳаларини амалга оширишда бу каби жиҳатлар инобатга олинмоқда. Бироқ, юртимизда аҳолининг саломатлиги ва экотизимнинг барқарорлиги ҳамма нарсадан устун туради. Шу нуқтаи назардан қараганда, “яшил” энергиянинг рақобатбардошлиги ёки технологияларининг қимматлилиги бунинг олдида ўз аҳамиятини йўқотади. Қолаверса, қайта тикланадиган энергия миқдорини ошириш ҳисобига иссиқлик станцияларида фойдаланилаётган юз миллиард куб метрлаб табиий газни бошқа жабҳаларда, хусусан, уни чуқур қайта ишлаш ҳисобига қўшимча қиймат маҳсулотлари тайёрлашга кенг йўл очилади. Юқорида қайд этилганидек, биргина 500 МВт қувватга эга бўлган шамол электр станциясининг ўзи ҳавога карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириш имконини беради. Шу боис энергетиканинг мазкур тармоғи ривожланишидан ҳозирги кунда барча бирдек манфаатдор, десак ҳеч бир янглишмаймиз. Бинобарин, ҳукуматимиз томонидан берилаётган имтиёзлар соҳанинг рақобатбардошлигини тоборо ошириб боряпти.

    Яна бир муҳим жиҳати, қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида амалга оширилаётган йирик лойиларнинг ҳеч бири давлат кафолатлари тақдим этилишини назарда тутмайди. Бу, ўз навбатида, соҳада давлат-хусусий шерикчилиги вужудга келишига имконият яратяпти. Сармоядорлар амалга ошираётган ва киритаётган таклифлар эса энергетика бозорининг йирик иштирокчиларида мамлакатимизда ишлашга бўлган қизиқиш тоборо ортиб бораётганини, бунинг учун қулай инвестиявий муҳит юзага келганини ҳам яққол кўрсатиб турибди.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates