Халқимизда кўчат эккан, боғ яратган инсонларни қадрлашгани, ҳурматини жойига қўйишгани ҳам бунга аниқ мисол бўла олади. Бинобарин, экилган ҳар бир кўчат замирида бозорларимиз тўкинчилиги, қурилиш материаллари саноати, ерни эррозиядан сақлаш, ўзимиз нафас олаётган кислородни ишлаб чиқариш ва юртга чирой ҳамда фусункорлик касб этиши билан муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Президентимиз раислига ўтказилган видеоселекторда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари кўриб чиқилди ва бу лойиҳа доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш белгиланди.
Видеоанжуманда бугунги ва келгусидаги экологик вазиятни инобатга олиб, дарахт экишни давлат сиёсати даражасига кўтарилаётгани, шунинг учун бу умуммиллий лойиҳани пухта тайёргарлик билан, пули, эгаси, суғориш тизими билан амалга ошириш кераклиги таъкидланди. Йиғилишда 10 декабрга қадар дарахт экиш бўйича “Долзарб 40 кунлик” эълон қилинди. Албатта, мазкур дастур доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси раҳбарияти ҳам шахсий намуна сифатида жонбозлик кўрсатиб, ҳар бир ҳарбий хизматчи ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳамжиҳатлик билан кўтаринки кайфиятда ёндашишмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 21-22-ноябрь кунлари Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси жамоаси томонидан ҳам экологик муҳитни янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини уюшқоқлик билан амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги маҳаллалар ҳамда кўчалар четларига 2000 дан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари экилди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар Академия жамоаси томонидан уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.
ФАРҲОДЖОН ХОЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
ФВВ Академияси катта
ўқитувчиси, капитан.








