Ҳукумат томонидан йўл ҳаракатини ташкил этиш ва назорат қилишни такомиллаштириш, рақамлаштириш ҳамда ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий асослар яратилди.
Шу билан бирга, баъзи ҳайдовчиларнинг йўл қоидаларига риоя этмаслиги натижасида йўл-транспорт ҳодисалари сони ортиб бормоқда. Хусусан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш оғир оқибатларга олиб келмоқда. Шунингдек, «агрессив бошқариш» ҳолатларининг кўпайиши, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига беписандлик билан қараши ва ҳаракат иштирокчиларига нисбатан ҳурматсизлиги жиддий муаммолардан бирига айланди.
Мазкур ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Жумладан, 2025-йил 20-февралда Ўзбекистон Республикасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-протсессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида"ги Қонуни қабул қилинди
Ушбу қонун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ушбу соҳадаги қонунбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган. Қонунга мувофиқ, Жиноят кодекси, Жиноят-протсессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, қўпол қоидабузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар томонидан транспорт воситасини бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш ва жарима баллари тизимини жорий этиш каби чора-тадбирлар тўғрисидаги ўзгариш ва қўшимчалар эътиборга моликлиги билан алохида ажралиб турибти.
Янги киритилган жавобгарликлар орасида кўп мухокамаларга сабаб бўлаётганларидан бири бу Автомобилни маст ҳолатда бошқаришга жиноий жавобгарлик белгиланганидир. Қонунга кўра Жиноят кодекси "261-1-модда. Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаш" моддаси билан тўлдирилди. Энди, хайдовчилар транспорт воситаларини мастлик ҳолатида (алкогол, наркотик, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остидага мастлик) бошқарганлиги ёки мастликка текширувдан ўтишдан бош тортганлиги маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинади (права лишен бўп кетади), икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари (ойликни 10-30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолинади) икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш (қамалади) билан жазоланади. Бундай қилмишларга жиноий жавобгарлик белгилашни йўл харакати хафсизлигини таъминлашдаги том маънода энг катта ўзгариш десак муболаға бўлмайди
Хайдовчилар орасида яна бир шов-шувга сабаб бўлган ўзгаришлардан бири бу жарима балларини хисоблаш бўлди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 34-1-моддаси билан тўлдирилди. Ўнга кўра қуйидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилса жарима баллари хисоблаб борилади:
-тормоз тизимида, руль бошқарувида ёки уловчи қурилмада носозлиги бўлган ёхуд тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозлаш;
-Фойдаланиш белгиланган тартибда ман этилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситаларини бошқариш;
-Юк ташиш қоидаларини, шатакка олиш қоидаларини бузиш;
-Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш;
-Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши;
-Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан тўхташ чизиғини босиб кириши ва ўтиши;
-транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши;
-Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши;
-Транспорт воситасида одам ташиш қоидаларини бузиш;
-Транспорт воситаларини қувиб ўтиш қоидаларини бузиш;
- Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиши;
-Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг темир йўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузиши;
-Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш.
Транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларини ҳисоблаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Охирги йилларда ижтимоий тармоқлар ривожлангани ортидан автомобилда қоида бузилишларни, хусусан тезликни ошириб қайдаш, машиналар орасидан тезликда ўтиб (“шашка”) авариавий холатлар юзага келтириш каби холатларни видотасвирлари кўпайиб кетмоқда. Бу эса жамиятда салбий фикрлар оммалашишига олиб келиши табий холатдир.
Шундай қоида бузарликларни олдини олиш мақсадида “йўл безорилиги” ва дрифт учун жавобгарлик белгиланди. Қонунга мувофиқ, қуйидаги ҳолатлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди:
бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатига қасддан тўсқинлик қилиш;
ҳаракатланиш бурчаги ва (ёки) тезлигини сақлаган ҳолда транспорт воситасини сабабсиз сирпаниши (дрифт);
ўз йўналишида ҳаракатланиш йўлагида сабабсиз уч ва ундан ортиқ марта узлуксиз ўзгартиш (бунда махсус ажратилган жойлар бундан мустасно);
йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки бошқа ҳайдовчиларга нисбатан ҳурматсизликни ифода этувчи ҳаракатларни намойишкорона содир этиш.
Ушбу қоидабузарликлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари (9 млн 375 минг сўм) миқдорида жарима ва (ёки) 1 йилдан 2 йилгача транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Агар бундай ҳуқуқбузарликни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум қилинган шахс содир этса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари (18 млн 750 минг сўм) миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки авария ҳолатини келтириб чиқарувчи гуруҳ бўлиб ҳаракатланган ҳайдовчилар учун жарима миқдори БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараварига (1 млн 875 минг сўм) оширилди
Ушбу Қонун йўл ҳаракати қатнашчиларининг интизомини оширишга, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга ва жамиятда йўл ҳаракати маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Бобур Отабоев,
Тошкент давлат юридик университетининг
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши
курашиш кафедраси катта ўқитувчиси