Стартапчи ким?

    Ўзбек жамияти “стартап” деган терминни тадбиркорнинг “оёққа туриб олиши жараёни”, деб қабул қилмоқда ва улар қайсидир маънода ҳақ.

    Бундан 30 йил олдин одамларни симсиз телефон орқали мулоқот қилишини тасаввур қила олмасдик. Энди бу ақлли қурилмалар орқали нафақат гаплашиш, балки китоб ўқиш, расмга тушириш, мусиқа эшитиш, қон босимини ўлчаш ва реал вақт тартибида тасвирли видео мулоқотлар қилиш мумкин бўлмоқда. Фикримизнинг индаллоси шундаки, илм-фан ва техника ютуқларини кенг қамровда қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш давр талабига айланиб улгурди.

    “Start-up” ҳақида нима биламиз?

    Сўнгги йилларда ўзбек тили луғатига бир қанча замонавий сўзлар қаторида стартап атамаси ҳам кириб келди. Инглизча “start-up” сўзидан олинган бу термин “жараённи бошлаш”, “ишга тушириш” каби маъноларга эга. “Стартап” сўзи 1939 йилда Америкада пайдо бўлгани айтилади. Ўша пайтлари Стенфорд университети талабалари Дэвид Паккард ва Уильям Хьюлеттлар ўзларининг мўжазгина лойиҳасини ишлаб чиқади ва мазкур митти лойиҳани “start-up” дея номлашади. Бугунга келиб, ўзбек жамияти “стартап” деган терминни тадбиркорнинг “оёққа туриб олиши жараёни”, деб қабул қилмоқда ва улар қайсидир маънода ҳақ.

    Ўзбекистонда “start-up”лар қандай ривожланмоқда?

    Innmind.com ахборот тармоғининг маълумотларига кўра, ер юзи бўйлаб ҳар йили 100 миллион стартаплар ўз фаолиятини бошлайди. Бироқ компаниялар томонидан 5,7 миллион стартап муваффақиятли тарзда аккселератор дастурларига саралаб олинади. Шулардан 824 тасигина жаҳон бозорига ўзининг товар, иш ва хизматларини таклиф этиш орқали чиқиш имкониятига эга бўлади. Рўйхатдан ўтган бошқа стартаплар эса одатда тўғри бизнес-модел танланмагани, самарали стартап лойиҳасининг шаклланмагани, инвестициялаш манбасига эга бўлмагани каби қатор сабаблар туфайли ўз фаолиятини тугатишига мажбур бўлади.

    Бундай муаммолар барча давлатлар сингари мамлакатимизда ҳам кузатилади. Шунга қарамай, сўнгги йиллар юртимизда стартап лойиҳалар сони кўпайиб боряпти. Уларни молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартда қабул қилинган “Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда унда белгиланган Низомга мувофиқ танлов асосида амалга оширилади. Яъни, Инновацион ривожланиш вазирлиги бир йилда камида 2 маротаба танлов эълон қилади ва келиб тушган мурожаатлар 3 та саралаш босқичида “стартап” лойиҳалар мутахассислари томонидан ўтказилади.

    Ўтган 2019—2021 йилларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 90 та стартап лойиҳа танлов асосида молиялаштирилган. У турли соҳаларни қамраб олгани ҳолда, лойиҳаларнинг умумий қиймати 70,3 миллиард сўмни ташкил этади. Мазкур стартап лойиҳалар амалга оширилиши инъикосида 674 та янги иш ўрни яратилиб, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Ана шундай ёш ва умидли стартапчиларнинг аксарияти бугунги кунда муваффақиятли ишлаб келмоқда.

    Дониёр ҲАЙДАРОВ,

    1993 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги инновацион инкубаторлар марказида “Рекуператор (чиқиндилар, турли газлар ва бошқа омиллар сабаб зарарланаган об-ҳавони тозалаб берувчи қурилма) ва ҳаво тозалагичларни ишлаб чиқариш” стартап лойиҳаси директори:

    — Менда ушбу лойиҳани амалга ошириш ғояси Навоий шаҳрига меҳмон бўлиб борганимда пайдо бўлган. Ҳар гал у ерга борганимда, кўпинча битта муаммога гувоҳ бўлганман. Яқин орадаги кимёвий заводлардан чиқадиган турли хил тутунлар одамларда дискомфорт, яъни турмуш тарзи ва ҳаёт кечиришида ноқулайлик туғдирарди. Ўша кезлари бу ҳудудда ҳавони тозалаш бўйича бирор иш қилиш лозимлигини ўйлаганман. Бундан ташқари, 2021 йилнинг ноябрь ойи бошида мамлакатимизнинг аксарият ҳудудлари қуюқ чанг остида қолгандан сўнг, ушбу ғояни амалга ошириш фикри янада мустаҳкамланди. Албатта, бу пайтгача лойиҳа устида иш бошлаб юборилган эди. Яъни, 2021 йилнинг ёз ойларида танлов эълон қилинган ва шу танловда қатнашиб ғолиб бўлгандим.

    Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан умумий қиймати 698 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди. Шу пайтгача ўша маблағнинг қарийб 295 миллион сўми маҳсулот тадқиқоти жараёнига сарфланди. Қолган харажатлар ҳам ишимизга қараб босқичма-босқич тўлаб бориляпти. Лойиҳа устида ишлаш давомида бошқа давлатларда ҳавони тозалайдиган ускуналарнинг қандай турлари ишлаб чиқарилаётгани, қурилма мутахассислар томонидан тадқиқ қилинганда қандай камчиликлар кузатилганини батафсил ўрганишга ҳаракат қилдим. Тўғри-да, кимдир сиздан бирор маҳсулотни сотиб олса-ю, кўп ўтмай унинг қусури пайдо бўлса, бу сотувчи учун ҳам, харидор учун ҳам нохуш ҳолат. Шу боис, имкон қадар камчиларга йўл қўймасликка интиламан.

    Афсуски, ҳар йили ер юзи бўйлаб миллионлаб инсонлар ёмон об-ҳаво шароити, жумладан, кимёвий заводлардан чиқадиган турли хил тутунлар туфайли сурункали саратон, ўпка, юрак-қон томир ва аллергик касалликларни орттириб олади. Гап шундаки, барча тутун таркибида карбон моноксит, карбонат ангидрид ва заррачалар мавжуд. Бундан ташқари, тутунда алдегидлар, кислота газлари, олтингугурт диоксиди, азот оксиди, полициклик ароматик углеводородлар каби кўплаб турли хил кимёвий моддалар ҳам бўлиши мумкин.

    Лойиҳани тайёрлаш жараёнида кимёвий заводлар ва бошқа зарарли чанг-тўзонлар мавжуд ҳудудларнинг иқлими ҳамда аҳолисининг саломатлигини ўргандим. Жараёнда ҳавоси ифлосланган ҳудуд одамлари бошқа жойда истиқомат қилувчи фуқароларга нисбатан ўткир респираторли ва мавсумий касалликлар билан тез-тез оғриб туришига гувоҳ бўлдим. Лойиҳани амалга ошириш орқали айнан ёмон об-ҳаво шароитида яшайдиган аҳолини тоза ҳавога бўлган эҳтиёжини қондиришни мақсад қилганимиз ҳам шундан.

    Қурилманинг иқтисодий самарадорлиги ҳам бор. Биринчи навбатда, импорт ўрни қопланиб, Ўзбекистон рекуператорларни чет элдан қиммат нархларда сотиб олмайди. Қолаверса, маҳсулотни экспорт қилишдан ҳам мўмай даромад топиш мумкин.

    Албатта, бренд яратиш устида ҳам кўплаб ишлар амалга ошираяпмиз. Рақобат шароитида маҳсулотнинг бошқаларникидан афзал жиҳатлари бўлиши керак. Масалан, кўп рекуператор ва ҳаво тозалагичларнинг қимматга тушадиган жиҳати унинг фильтрлари ҳисобланади. Биз ана шу фильтрларни бир марталик эмас, балки кўп маротаба ювиб, қайта ишлатса бўладиган қилиб тайёрлаяпмиз. Айни пайтдаги изланишимиз фильтрларнинг сифатли ва тан нархи арзонроқ бўлишига қаратилган. Мақсадимиз фақат пул топиш эмас. Аксинча, биринчи галда, аҳолининг турмуш тарзи, соғлиғини сақлашга эътибор қаратиш.

    Рекуператор ўзидан озонатор ишлаб чиқармайди. Гап шундаки, озонатор ҳавони тозалаш жараёнида зарарли моддаларни йўқ қилиш билан бирга, одам организмига фойдали бўлган бактерияларни ҳам нобуд қилади. Шу боис, янги технологияга нанокатализатор ўрнатилган. У ўзидан фаол кислород ишлаб чиқариб, 1-2 сониянинг ўзидаёқ зарарли вируслар, жумладан, юқумли касаллик ташувчи, ўткир респиратор вирусли инфекцияларни ўлдиради. Ускунанинг яна бир афзаллиги ичкари ва ташқари девор орасига ўрнатилишида. Кўчадаги ҳаво фильтрдан ўтиб, нанокатализатор орқали уйга кириб келгани боис, хоналарни шамоллатиб туришга ҳожат қолмайди.

    Инновацион қурилмани жорий йилнинг охирида сотувга чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Биринчи йил учун даромад 500—700 миллион сўм атрофида бўлиши кутиляпти. Кейинги йиллар ускунанинг нархи талаб ва таклифдан келиб чиқиб баҳоланади. Келгусида режалаштираётган бошқа лойиҳаларим ҳам кўп. Айримларининг устида синов ишларини бошлаганман.

    Акмал СУЮНОВ,

    1990 йил Наманган вилоятининг Чуст туманида туғилган. “Қуёш томчилари” масъулияти чекланган жамияти раҳбари:

    — Маҳаллий “хурмо мевасини японча услубда қуритиб, майизини етиштириш ва экспорт қилиш лойиҳаси” ғояси Жанубий Кореяда яшаётган пайтимда пайдо бўлган. Бир куни дўкон расталарини айланиб юриб, одам гавжум бир жойга бориб қолдим. Улар хурмо мевасининг қоқи(майизи)сига навбатга туриб, қиммат бўлишига қарамасдан харид қилишаётганига гувоҳ бўлдим. Шунда беихтиёр ўйлаб қолдим: “Наҳотки, бизнинг бозорларимизда арзимаган пулга сотиладиган жайдари хурмойимизни қоқилаш мумкин эмас. Ахир уларни дастлаб тахирлиги учун кўп ҳам истеъмол қилмаймиз. Пишиб, етилгач юмшаб қолиши эвазига тезда урилиб, лат еб қолиши сабабли ташлаб юборамиз. Ўша ерда қуритилган хурмони татиб кўрар эканман, унинг шу қадар ширин ва тотли егуликка айланишидан ҳайратландим. Юртимга қайтгач буни албатта, тайёрлаш бўйича ташаббус кўрсатаман”, деб ният қилдим.

    Ниятим холис экан, мана, Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган “Бўлажак олим” танловида лойиҳамга 335 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Хурмо мевасининг ранги ва шакли худди қуёшга ўхшагани, қолаверса, пишиб майиз бўлгунга қадар офтобнинг асосий иштироки мўл бўлгани боис лойиҳамни “Қуёш томчилари” деб номладик.

    Хурмо меваси махсус ускуна ёрдамида пўстидан тозалангач, куз ойларидаги илиқ офтоб тафтида қуритилади. Ихтирочи олимлар билан биргаликда такомиллаштирилаётган дастгоҳ кунига 800—1000 килограмм мева пўстини арчишга мўлжалланган. Бунда мева қўлда арчилганга қараганда сифатлироқ тозаланиб, ўнлаб ишчи кучини тежайди.

    Хурмо А, C, Р, Е витаминлари ва микроэлементларга бой мева. У денгиздан узоқда жойлашган Ўзбекистон аҳолисининг йодга бўлган эҳтиёжини табиий йўл билан қондира олади. Бу эса аҳоли орасида йод етишмаслиги сабаб юзага келадиган қалқонсимон без касалликларининг олдини олишга хизмат қилади. Юқоридаги инновацион лойиҳа халқимизга хурмоқоқини қишин-ёзин сақлаш имконини бериб, дастурхонларни яна бир қуруқ мева билан бойитади. Айтганча, ишлаб чиқариш қурилмасидан фойдаланиш осон бўлгани боис, маҳаллалардаги ишсиз аёлларни иш билан таъминлаш ва ҳудудларни шу йўналишга ихтисослаштириш ҳам мумкин.

    Лойиҳа ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан фойдали бўлиб, Ўзбекистонда хурмони узоқ вақт асрашнинг имкони йўқ, деган содда қарашни йўққа чиқаради. Деҳқон-фермерларимизнинг мевани зарарланишидан чўчиб, харидор айтган нархда сотиб юборишининг олдини олади.

    — Пахтани чет элга хомашё сифатида экспорт қилишдан воз кечиб, қайта ишлаб, қимматроқ сотишга эришган эканмиз, нега энди хурмони ҳам қайта ишлаб, нархини ва қадрини бир неча баробар баландроқ қилиб сотмаслигимиз керак, — дейди қаҳрамонимиз. — Келинг, кичкинагина иқтисодий таҳлил қилиб кўрамиз: 3—5 килограмм хурмодан 1 килограмм хурмоқоқи олса бўлади. Яъни у ярим қуриган ҳолатда бўлади. Агар 5 килограммдан 1 кило хурмоқоқи олинса, тоза қуритилган хурмо майизи ҳисобланади. Ярим қуриган ва тўлиқ қуриган ҳолатда ҳам хурмоқоқиларнинг таъми ўзига яраша лаззатга эга бўлади. Фақат тоза қуритилган хурмони 2-3 йил кўпроқ сақлаш мумкин.

    Хурмо майизининг нархига келсак, айни пайтда 25—35 минг сўм улгуржи баҳосида сотиш мумкин. Демак, 4 тонна хурмони қуритиб, унинг майизидан ўртача 20 миллион сўм даромад олса бўлади. Ҳозирда биз Инновацион Ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган маблағ эвазига кунига 4 тонна мевани қурита оладиган қуритиш камерасини барпо қиляпмиз. Насиб қилса, 2022 йилги хурмо мавсумида камида 50 тонна хурмоқоқи етиштиришни мақсад қилганмиз.

    Лойиҳа ярата оладиган инсон бир жойда тўхтаб қолмайди. Акмал Суюнов ҳам янги лойиҳалар устида изланяпти. Қишлоқ хўжалигида суғориш оғир бўлган яйлов, адир, дашт каби ҳудудларда коврак шифобахш ўсимлигини етиштириш ва ундан олинадиган шира(смола)ни экспорт қилишни кўзлаган. Унинг айтишича, ўсимликка ёмғир ва қор сувлари кифоя қилади. Асосийси, коврак дунё фармасаноатида яхшигина қадр-қийматга эга ўсимлик бўлгани боис, унумсиз ерлардан сердаромад, экспортбоп маҳсулот олиш мумкин.

    Нозимжон ТУЙҒУНОВ,

    1999 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Ёшлар академияси аъзоси. 2019 йилдан халқаро йирик нашриёт компанияси — Elsevier томонидан ташкил этилган танловдан муваффақиятли ўтиб, Clinicalkey платформаси бўйича Ўзбекистондаги минтақавий тренер сифатида фаолият юритган. 2020 йилда маҳаллий тадқиқотчи ва олимлар учун SpringerLink, Wiley, ClinicalKey, Dimensions каби энг йирик илмий нашриётларнинг электрон платформаларидан юртимиз олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари учун бепул фойдаланиш имконини яратишда ташаббус кўрсатган. “Innovative developers” МЧЖ директори:

    — Ўзим тиббиёт соҳаси талабаси бўлганим боис, анча йиллардан буён чекка ҳудудлардаги аҳолининг саломатлигини тиклаш ишлари ҳақида ўйлардим. Сўнг “Оҳангарон ва Ургут туманларида телемедицина хизматини ташкил қилиш лойиҳаси” таклифи билан чиқдим. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган стартап лойиҳалар танловида ғолиб бўлганимиздан сўнг, телемедицина хизматини ташкил этиш ишларини бошлаб юбордик. Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси мазкур лойиҳага 733 140 минг сўм миқдорида маблағ ажратди, лойиҳа доирасида 8 нафар инсоннинг бандлиги таъминланди.

    Телемедицина хизмати, аввало, олис ҳудуддаги фуқароларга масофадан туриб юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконини беради. Бунда шифокор қабулига онлайн ёзилиш, навбат кутмаслик ва бир жойдан иккинчи жойга кўчириш зарурати бўлмаган оғир беморларга масофадан ёрдам кўрсатиш мумкин. Бу ортиқча вақт ва маблағ сарфланишининг олдини олади.

    Яна бир қулайлиги, жарроҳлик амалиёти вақтида ёки баҳсли вазиятларда АҚШ, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея каби хорижий мамлакатлардаги ҳамкор ташкилотларда фаолият кўрсатувчи малакали шифокорлардан реал вақт режимида маслаҳатлар олиш мумкин.

    “Телемедицина” илмий термин бўлиб, масофадан туриб тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш, тиббиёт ходимларининг телекоммуникация, интернет технологиялари ёрдамида ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиб, тиббий хизмат сифатини оширишни англатади. Телекоммуникация технологияларининг универсаллиги туфайли аҳоли саломатлигини таъминлашда бирламчи тиббий — санитария ёрдами, ихтисослашган тиббий хизматлар, юқори технологияли тиббий ёрдам, шошилинч ва ихтисослашган тез тиббий ёрдамда телемедицинадан фойдаланса бўлади.

    Телемедицина алоқасини ўрнатишда “Шифокор — шифокор” ҳамда “Бемор — шифокор” ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш принциплари мавжуд. Ҳозир юртимизда кўпроқ биринчи усул, яъни, “Шифокор — шифокор” типидаги телемедицина хизмати йўлга қўйилмоқда. Бунда шифокорлар ўртасида маълумот алмашиш, шунингдек, тиббий таълим, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизматлар соҳасида бошқариш учун электрон ахборот, интеграциялашган рақамли ва телекоммуникация технологияларидан фойдаланиш — тиббий тадқиқотлар натижаларини ёки шифокор хулосаларини беморга етказиш, шунингдек, телекоммуникация технологиясидан фойдаланган ҳолда шифокорнинг беморга маслаҳат беришини ташкил этиш кабилар амалиётда қўлланилади.

    Тиббий хизмат кўрсатишнинг асосий йўналиши — бу функционал текширувни амалга ошириш, бошқа ҳудуд, хусусан, пойтахтдаги тиббиёт марказлари ҳамда хорижий мутахассислар, етакчи тиббиёт марказлари билан алоқа ўрнатган ҳолда касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва профилактикани ўз ичига олган телемедицина хизматини йўлга қўйишдан иборат. Шундай туманларда ишга туширилаётган телемедицина электроэнцефлограф, ультратовуш ташхиси ускунаси, электрокарлиограф, дерматоскоп, отоскоп, стетоскоп каби интернет тармоғи орқали маълумотларни узатувчи ускуналар билан жиҳозланмоқда. Улар маълумотларни тасвир, видео, аудио ёзув сифатида маслаҳат берувчи мутахассис интернет тармоғи орқали етказиб бера олади ва “иккинчи фикр” ёки консилиум ташкил қилиш ёхуд маслаҳат олишда хизмат қилади.

    Яна бир янгилик, Нозимжон Туйғунов дунёнинг етакчи олимлари жамланган Европа кариес тадқиқотлари ташкилоти (European Organization for Caries Research — ORCA)нинг илмий грантини ютиб олди. Мазкур грант ҳар йили дунё бўйича 100 нафардан ортиқ талабгорлар орасидан атиги 6-7 нафар номзодгагина берилади. Ушбу ташкилотнинг гранти 2022 йилнинг июнь ойи охирида Италияда бўлиб ўтадиган халқаро конгрессда қатнашиш харажатларини тўлиқ қоплаб беради.

    Хулоса қилиб айтганда, мақоламиз қаҳрамонлари давлат ва жамиятимиз илм-фан соҳасининг янада равнақ топиши, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар яратаётган стартап лойиҳа, инновацион ихтиролар юрт ривожига хизмат қиляпти.

    Абдулла ЧИМИРЗАЕВ,

    журналист

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates