Шижоатли ёш тадбиркорлар иқтисодиётнинг янги поғонага чиқишига замин яратади

    Юртимизда 30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан “Ёшлар ойлиги” эълон қилиниб, турли тадбир ҳамда лойиҳалар, хусусан, интеллектуал танловлар, учрашувлар, спорт мусобақалари, гала концертлар ўтказилмоқда.

    Ушбу ойлик ёшларни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик, Ватанга садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида катта ютуқларга эришган ва бугунги кунда ёшларга намуна бўлаётган замонамиз қаҳрамонлари билан учрашувлар, китобхонлик, шеърият ва наср кечалари, мушоиралар ўтказиш орқали ёш ижодкорларни кашф этишга қаратилган.

    Ўз навбатида, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ҳам ойлик доирасида бир қанча лойиҳаларга старт берди. Улар орқали ҳозирга қадар беш мингга яқин ёшлар қамраб олинди. Ойлик доирасида ўтказилган учрашув ҳамда суҳбатларда йигит-қизларнинг мурожаатлари тингланди.

    “Бизнес марафон” — ёшлар учун янги билимлар манбаи

    “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилиши анъанавий тусга кирган “Бизнес марафон”нинг тўртинчи мавсумига старт берилди. Кўплаб ёшларнинг талаб ва истаклари асосида ташкил этилаётган марафон келажагини ўз қўли билан яратиш истагида бўлган ёшлар учун айни муддао бўлмоқда.

    Бинобарин, республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор тадбиркорлар иштирокидаги ушбу марафон ўзаро тажриба алмашиш, бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш учун йўлланма вазифасини ўтайди. Уч мавсум давомида 1 миллиондан зиёд ёшларни қамраб олган марафоннинг тўртинчи мавсуми ҳам ёшлар учун эсда қоларли бўлиши кутилмоқда.

    — Бизнес марафонннинг тўртинчи мавсумини ҳам бошлаб олдик ва у айнан ёшларимизнинг талаб-истакларига асосан давом эттириб келинмоқда. Жараён давомида етук мутахассислар, таниқли тадбиркорларимизнинг иштирок этаётгани эса ёшларимизга шижоат беради, — дейди жамғарма ижро этувчи директори Хайрулла Сатторов. — Зеро, улар марафонимизнинг савол-жавоб қисмида бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш асносида ўзларини ўйлантираётган саволларга жавоб, тавсия ҳамда маслаҳат олишмоқда. Бизнинг мақсадимиз ҳам айнан шу. Биламизки, мамлакатни юксалтирувчи соҳалардан бири, бу — иқтисодиёт ва бевосита у билан боғлиқ бўлган тадбиркорлик. Бугун ёшларимизга бу борада керакли маслаҳатларни бериб, уларни тўғри йўлга бошлай олсак, келажакда, албатта, олдимизга қўйган мақсадимизга етамиз.

    Марафондан ёшларнинг кўнгли тўляптими, улар учун бу лойиҳа қай даражада фойдали, мазунидаги саволлар билан тадбирда иштирок этаётган ёшлар вакилларига мурожаат қилдик.

    — Бу биз каби ёшлар учун жуда фойдали деб ўйлайман. Марафонда ўзимга керакли бўлган кўплаб маълумотларни олдим. Устозларимиз суҳбат жараёнида ёшлар учун муҳим бўлган тавсияларни беришди. Биз билан самимий гаплашишди. Бизнесни бошлашда муаммоларнинг аксарияти молиявий жиҳатга бориб тақалади. Тадбир давомида бунга қандай ечим борлиги ҳақида билиб олдим. Ўйлайманки, келажакда бу ерда олган билимларим асосида тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўя оламан, — дейди Тошкент давлат аграр университети талабаси Дилдора Норхўжаева.

    Марафон спикерларидан бири, тадбиркор Ҳасан Мамасаидовнинг қайд этишича, аслида, муаваффақият бу тажрибанинг, тажриба эса хатоларнинг натижаси. Ёшларни тажрибали тадбиркорлар йўл қўйган хатоларни такрорламасдан, қийинчиликларга дуч келмасдан, ўз олдига қўйган мақсадларига етишишига кўмалашиш энг катта мақсадлардан биридир. Марафон каби тадбирлар эса жамиятнинг, мамлакатнинг, иқтисодиётнинг янги поғонага чиқишига замин яратади.

    Амалий ташриф ва икки томонлама ҳамкорлик

    Жамғарма фаолияти ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан ташқари, ўз бизнесига эга ва эндиликда дунё бозорларини забт этишга ҳаракат қилаётган ёш тадбиркорлар учун ҳам турли имкониятларни тақдим этишга ҳаракат қилади. Ана шундай тадбирлардан бири Қирғизистонда бўлиб ўтди.

    БМТнинг “Ўзаро ҳамкорлик орқали Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг чегараолди ҳудудларини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида қўшни мамлакатда 9–12 июнь кунлари “Агрохакатон” тадбири бўлиб ўтди. Унда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жамғарма бошчилигидаги ёш тадбиркорлардан иборат бўлган Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди. Самарали ҳамда мазмунли ўтган тадбир доирасида лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудлардаги ёш тадбиркорлар АКТ мутахассислари билан бирга ишлади, ўз бизнеслари учун инноватив ечимлар ишлаб чиқишди.

    “Агрохакатон” ёшларнинг ахборот-коммуникация технологияларига қизиқишини ошириш, иқтидорлиларини аниқлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси самарадорлигини янада оширишга хизмат қилувчи энг истиқболли ғоялар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади. У янада барқарор озиқ-овқат тизимларини яратиш ҳамда қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш бўйича инновацион ғоялар билан чиққан ёшлар жамоаларини ўзида бирлаштиради.

    –“Агрохакатон” иқтидорли йигит-қизлар ўртасида очиқ мулоқот ва фикр алмашиш учун қулай майдон ҳамдир, — дея баҳолайди жамғарманинг ижрочи директори.

    Қулайлик, замонавийлик ҳамда натижа

    Жамғамра ёшлар ойлиги доирасида фақат ушбу тадбирлар билан чекланиб қолгани йўқ. Бизнесга қизиқадиган ёшларни бир жамоага жамлаш ҳамда уларга бизнес кўникмалар, тадбиркорларга бериладиган имтиёзлар, солиқ, банк соҳаси бўйича билимлар бериш ҳамда таниқли бизнес эгалари билан тренинглар ташкиллаштириш ва юзма-юз суҳбатлашиш имкониятини яратиш мақсад қилиб олинган “DO BUSINESS ” лойиҳасига старт берилди.

    Лойиҳа доирасида ташкил этилувчи ўқув курслари мутлақо бепул бўлиб, мувафаққиятли тамомлаган ўқувчилар махсус сертификат билан тақдирланиши режалаштирилган.

    Хулоса ўрнида айтиш керакки, ёшлар учун улар билан бирга ишлаш орқали айни пайтда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш мумкин бўлади. Фаол жалб этилганларида ёшлар муҳим амалий кўникмаларни шакллантиришади, қатъий ҳаётий қарашларга эга бўлиб, мамлакатни тараққиётга элтувчи кучига айланишади.

    Нодира ҚУРБОНБОЕВА,

    журналист.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates