Мен ҳам ёшлар сиёсатига доир амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси сифатида бу ўзгаришлар, янгиланишлар эпкинидан бир неча бор баҳраманд бўлганман.
2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқини нафақат халқимиз ўғил-қизлари, балки бутун дунё ёшлари катта мамнуният билан кутиб олди. Мен ҳам Ўзбекистон ёшлари номидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясининг ёшлар мулоқотида қатнашишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистон ёшларига яратилаёган имконият ва шароитлар ҳақида ўзга юртлик тенгдошларимга гапириб бериш имконияти бўлди. Юртимиз билан чет давлатда фахрланиш туйғусини айнан ўша пайт ҳис қилдим.
2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглик сиёсати борасида унутилмас сана бўлди. Хотин-қизларнинг хуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мақсадида уларни тазйиқ ва зўравoнликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун қабул қилинди. Бу билан нозик хилқат вакилларининг кўксига шамол тегди. 2020 йилда Республикамиз барча ҳудудларидаги ёш аёл ва қизлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал қилиш билан шуғулланиб келган “Қизлар овози” Республика клуби координатори сифатида фаолият юритган пайтларим, ушбу ислоҳотлар натижасининг гувоҳи бўлдим. Шиддат билан ўзгараётган замонга мос равишда амалга оширилаётган янгиланишлар чекка қишлоқлардаги хотин-қизлар ҳаётида ҳам акс этиб бораяпти. 2022 йилда 136 мингдан ортиқ талаба хотин-қизга 1 триллион 309 миллиард сўм миқдорида имтиёзли таълим кредити ажратилди. Қолаверса, магистратура босқичига хотин-қизлар қамровини ошириш мақсадида 2022–2023 ўқув йилида магистратура босқичидаги 14 минг талаба хотин-қизга 153 миллиард сўм тўлов харажатлари давлат томонидан қоплаб берилди. Бу мен ва бошқа тенгқурларимга илм-фан билан шуғулланишимиз учун катта туртки бўлди. Жумладан, мен ҳам гендер тенгликнинг миллий хусусиятлари борасида илмий ишимни бошладим.
Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида 2020 йили Ўзбекистон Республикаси Сенати қошида 100 нафар ва Қонунчилик палатаcи қошида 250 нафар фаол ва ташаббускор ёшларни бирлаштирган Ёшлар парламентлари фаолияти йўлга қўйилди. Шу йили Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ëшлар парламенти раиси сифатида фаолият юритганимда ҳам бугуннинг ёшлари амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан хабардор экани, уларда миллий ғурур шаклланганини кўриш қийин эмасди.
Сўнгги олти йилда юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган истеъдодли ва фидойи ёшларнинг 758 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлди. 2021 йил Ëшлар кунида мен ҳам ана шу бахтиёр ёшлар қаторига қўшилдим. “Келажак бунёдкори” давлат мукофоти билан тақдирландим. Узоқ муддат қалбимни қамраб олган ўша ҳаяжон ўз устимда янада кўпроқ ишлашга, юртимиз муваффаққияти ва равнақи йўлида фақат олға интилиб, тинмай меҳнат қилишга ундаб келади.
Бугун Ўзбекистон ёшларининг Халқаро ҳамжамиятдаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мисол учун, Ўзбекистон 2018 йилда ШҲТ Ёшлар кенгашига, 2020 йилда МДҲга аъзо мамлакатларнинг Ёшлар ишлари бўйича Кенгашига, 2021 йилда Осиёда ўзаро ишонч чоралари бўйича Кенгашининг Ёшлар бўйича Кенгашига тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилинди.
Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Марказий Осиё ёшлар форуми, ШҲТга аъзо мамлакатлари Ёшлар Кенгашининг 15-йиғилиши, ШҲТ мамлакатлари ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови, Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми ўтказилиб, Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти, 2022 йил туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.
Бу эса шу ватанда яшаётган 19 миллиондан зиёд ёшнинг ҳар бирига ғурур-ифтихор, яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, юртда бўлаётган ўзгаришларга дахлдорлик, ўқиш ва изланишда юксалиш ҳиссини тақдим этди.
Моҳистара МУҲАММАДЮНУСОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат бошқаруви академияси докторанти