Ёшлар муаммолари кенг қамровда ҳал этилмоқда

    Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 18,9 миллион нафари ёки 54 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу боис, сўнгги йилларда ёш авлодга нисбатан эътибор кучайди. Хусусан, 2017–2020 йилларда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган 50 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди, ёшлар муаммолари билан шуғулланувчи янги тузилмалар ташкил этилди.

    Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис Сенатида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси, Олий Мажлис Сенати қошида 100 нафар ва Қонунчилик палатаси қошида 250 нафар фаол ва ташаббускор ёшлардан иборат Ёшлар парламентлари, Қонунчилик палатасида Ёшлар масалалари бўйича комиссия шулар жумласидан. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 2019 йилда ўтказилган сайловларда сайланган жами депутатларнинг 6 фоизини, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг эса 10 фоизини ёшлар ташкил этди.

    Ўтган давр ичида хорижий давлатларнинг ёшлар сиёсати бўйича илғор тажрибасини Ўзбекистон шароитида қўллаш, ёшлар ўртасида тизимли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 13 та хорижий ёшлар ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Ўзбекистон 2018 йилда ШҲТ Ёшлар кенгашига, 2020 йилда МДҲ Ёшлар масалалари бўйича кенгашига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилинди.

    Республикада юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида 2017– 2020 йилларда олий таълим муассасалари сони 50 фоизга (43 та янги) оширилиб, уларнинг сони 121 тага, ёшларнинг олий таълим муассасаларига қамрови 9 фоиздан 25 фоизга етказилди. Ёшларнинг замонавий таълим тарбия олишларига эришиш мақсадида 4 та Президент мактаби, 5 та “Темурбеклар мактаби” ва 9 та ижод мактаби барпо этилиб, мамлакатимизда “Замонавий мактаб” дастури жорий этилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда 72 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди. “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида ёшларга 3 миллиондан ортиқ китоб етказиб берилди, “Ёш китобхон” танлови, “Бир миллион дастурчи” каби йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, янги авлод ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган бешта муҳим ташаббус илгари сурилиб, ўтган давр мобайнида 42 та туман (шаҳар)даги 168 та маҳаллада ушбу тажриба муваффақиятли амалга оширилди.

    Шу билан бирга, ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ҳамда иштиёқи бор ишсиз ёшларни қўллаб- қувватлаш мақсадида ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Бугунги кунда “маҳаллабай” ўрганишлар асосида ёшлар дуч келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида барча туман (шаҳар) ларда “Ёшлар дастурлари” амалга оширилмоқда.

    Амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 22,9 фоизини (106 минг 574 та), якка тартибдаги тадбиркорларнинг 21,5 фоизини (71 минг 467 та) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Шунингдек, 3,4 мингга яқин ёш фермер, 7,8 мингга яқин ёш ҳунарманд фаолият юритиб келади.

    Шу ўринда таъкидлаш жоиз, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда айни пайтда 800 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари фаолият кўрсатяпти.

    Ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш мақсадида 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллабқувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди. 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 январдаги қарори билан “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси” тасдиқланди.

    Мазкур концепцияда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга оид давлат сиёсатида эришилган ютуқлар ва ижобий натижалар билан бир қаторда узоқ йиллардан буён тўпланиб келаётган талай муаммолар мавжудлиги ҳам қайд этилди.

    Концепцияда таъкидланганидек, таълимнинг барча босқичида сифат талаб даражасида эмас. Амал қилиб келаётган таълим тизими, асосан, маълумотларни ёд олишга қаратилган бўлиб, ёшларнинг ижодий ва мантиқий фикрлаши, танқидий таҳлил қилиши, мустақил фикр юритиши ва янгиликлар яратишига йўналтирилмаган. Натижада ёшлар ҳаётда мустақил қарор қабул қилиш, тезкор ўзгаришларга мослашиш, жамиятда ўз ўрнини топишга қийналаётган ҳолатлар кузатилмоқда.

    Шунингдек, мактабгача таълим ва олий таълим босқичларида ёшларнинг таълим билан қамрови реал эҳтиёжни қондирмаяпти. Хусусан, 3-6 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги қамрови 60 фоизни (2021 йил 1 январь ҳолатига кўра), ёшларнинг олий таълим тизимидаги қамрови 25 фоизни ташкил қилмоқда.

    Ёшларни касбга йўналтириш ишлари тизимли ташкил этилмаган, олий ва ўрта махсус таълим тизимида мутахассисларни тайёрлаш меҳнат бозори талаблари асосида амалга оширилмаяпти, яъни профессионал таълим ишлаб чиқариш амалиётидан узилиб қолмоқда. Натижада олий таълимни тамомлаган ёшларнинг кўпчилик қисми мутахассислиги бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланмайди. Хусусан, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти таҳлилларига кўра, битирувчиларнинг фақат 26,2 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишлаб кетишига тўлиқ ишонишини билдирган.

    Қарорда ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда муаммолар сақланиб қолаётгани ҳам акс этган. Хусусан, ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 2020 йилнинг сўнгги чорагида 6,6 фоизни (480 минг 261 нафар) ташкил этган. Шу билан бирга, таълим муассасасини тамомлаб, биринчи бор иш излаётган, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёшлар, хотин-қизлар, айниқса, бола парвариши бўйича таътилдан қайтган аёлларнинг ишга жойлашишида сунъий тўсиқларга учраш ҳолатлари мавжуд.

    Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлиги пастлиги сабабли уларнинг турли ёт ғояларга эргашиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, эрта туғуруқ ҳамда тўйҳашамларнинг ортиқча сарф-харажатлар билан ўтказилиши каби салбий ҳолатлар кузатилмоқда. 39 минг 88 нафар йигит-қиз нотинч оилаларда истиқомат қилмоқда, 368 нафар ёш турли зарарли ноформал гуруҳлар, оқимлар таъсирига тушиб қолган. Хусусан, 2020 йилнинг январьноябрь ойларида қайд этилган 39 минг 244 та жиноятнинг 11 минг 469 таси ёки 34,8 фоизи ёшлар томонидан содир этилган. Ёшларни оилага садоқат руҳида тарбиялаш, оилавий ҳаётга тайёрлаш ишлари тизимли ташкил этилмаган. Хусусан, ёшлар ўртасида эрта никоҳ, қонуний расмийлаштирилмаган никоҳ ва ажрим ҳолатлари кузатилмоқда, жумладан, 2020 йилнинг 11 ойида қайд этилган 25 мингта оила ажралишининг аксарияти ёшлар ҳиссасига тўғри келади.

    Айрим ёшларнинг тиббий маданияти пастлигича қолмоқда. Ёшларда репродуктив саломатлик, тўғри овқатланиш ва гигиена қоидалари, соғлом турмуш тарзи ҳақида тушунчалар тўлиқ шаклланмагани оқибатида турли юқумли ва сурункали касалликлар, бевақт ўлим ҳолатлари, гиёҳванд моддалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларига ружу қўйиш, психотроп моддалар истеъмол қилиш каби салбий ҳолатлар (2020 йил сентябрь ҳолатига гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи 5 минг 889 нафар ёш рўйхатда туради), яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузилиши натижасида эса миллат генофонди бузилиши, туғма нуқсонли болалар дунёга келиши ҳолатлари сақланиб қолмоқда.

    Қарорда келтирилишича, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар ва болаларнинг (етимлар, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ногиронлиги бор ҳамда даволанишга муҳтож) жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашда айрим муаммолар кузатилмоқда. Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини иш ва уй-жой билан таъминлаш, жамиятга ижтимоий мослашувини амалга ошириш бўйича белгиланган механизмлар амалда ўз натижасини бермаяпти. Бугунги кунда республикамизда алоҳида эътиборга муҳтож 18 ёшгача бўлган 150 минг нафар йигит-қиз бор. Олий таълим муассасаларида махсус квота асосида ўқитилган ногиронлиги бор ёшларнинг давлат ташкилотларида иш билан таъминланиши механизми амалда қўлланилмаяпти. Ногиронлиги бор ёшларнинг ҳудудлардаги инфратузилма, таълим, ижтимоий хизмат кўрсатиш, маданий мерос объектлари, кўнгилочар жамоат масканларидан фойдаланиши учун қулай шарт-шароит тўлиқ яратилмаган.

    Шунингдек, ёшларнинг жамоат ташкилотлари ва сиёсий партиялардаги фаоллиги суст даражада қолмоқда. Ёшларнинг сайлов жараёнлари, сиёсий партияларнинг ёшлар қанотлари фаолиятидаги иштироки ҳолати бу борадаги ишларни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.

    Ҳужжатда ҳудудларда ёшларга оид инфратузилма қониқарли даражада эмаслиги ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, ёшларнинг маданий савиясини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун театрлар, кинотеатрлар, музейлар, кутубхоналар, истироҳат боғлари ва бошқа маданият муассасалари сони етарли эмас. Аксарият маҳаллалар ва мактабларда ёшларнинг оммавий спорт турлари билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратилмаган. Хусусан, мавжуд спорт иншоотлари 1,3 миллион ўринга эга бўлиб, мамлакат аҳолисининг фақатгина 4 фоизини қамраб олади, мактабларнинг 24 фоизида спорт заллари мавжуд эмаслиги сабабли, ўқувчиларнинг бор-йўғи 25 фоизи жисмоний тарбия ва спортга жалб этилган. Айрим ҳудудларда ёшларнинг сифатли, тезкор ва арзон интернет хизматларидан фойдаланиши учун шароитлар етарли эмаслиги уларнинг замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишига тўсиқ бўлмоқда. Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, янги асарларни яратиш, таржима қилиш, муаллифларни рағбатлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари амалга оширилмаяпти, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётлар, кўзи ожизлар учун брайл алифбосига асосланган адабиётлар чоп этилиш механизми йўлга қўйилмаган.

    Президентимиз раислигида 2021 йил 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда республикада 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз экани қайд этилди. Ёшлар билан ишлаш бўйича янгича тизимни жорий этиш бўйича ишлар иккита муҳим йўналиш: ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш орқали амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди. Йиғилишда, шунингдек, ушбу муаммоларни манзилли ҳал этиш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимидаги устувор вазифалар кўрсатиб ўтилди ҳамда ҳокимнинг иқтисодиёт, инвестициялар ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари — бандлик масалаларига, солиқ идораси, савдо-саноат палатаси ва тижорат банклари раҳбарлари — ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга, ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари — ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга, туман прокурори, ички ишлар ва мудофаа бўлими бошлиқлари — уюшмаган ёшлар билан ишлаш, жиноятчиликни жиловлаш, уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга масъул бўлиши белгиланди.

    Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида ёшлар билан боғлиқ узоқ йиллардан буён тўпланиб келаётган муаммоларни комплекс ҳал этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилган. Жумладан, ёшларни доимий даромад манбаи билан таъминлаш ва меҳнат фаоллигини ошириш мақсадида уларни касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш бўйича самарали тизим жорий этилиши кўзда тутилган. Ўқишга жалб қилинган фуқаролар қамровини кенгайтириш, ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар, хотин-қизлар, қайтиб келган меҳнат мигрантларини маҳалла даражасида касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитиш, ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган эҳтиёжманд оилаларга 0,1 гектардан 1 гектаргача ер майдонлари ажратиш белгиланган. Давлат маблағлари ҳисобидан ишсиз фуқаролар, камбағал оила аъзолари бандлигини таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун берилаётган моддий ёрдам ва субсидиялар самарадорлигини ошириш мақсадида ижтимоий контракт тизимини жорий этиш, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари, янги ғояларини янада қўллабқувватлаш учун кредитлар ажратиш ишлари олиб борилмоқда. Болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ёшларни дастурлаш тилларини ўзлаштиришга қизиқтириш орқали уларни иш билан таъминлаш тизимини йўлга қўйиш кўзда тутилган. “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, “Ҳар бир тадбиркор — ёшларга мададкор” тамойили асосида кўнгилли тадбиркорларни жалб этган ҳолда 1 нафар тадбиркорга биттадан ишсиз ёшни бириктириш ташаббусини амалга ошириш, ёшлар, айниқса, иш ва ўқиш билан банд бўлмаган йигит-қизлар билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш каби тадбирлар белгиланган.

    Қумринисо АБДУРАСУЛОВА,

    Ички ишлар вазирлиги академияси профессори, юридик фанлар доктори

    Шерзод МАМАЖОНОВ,

    Ички ишлар вазирлиги академияси Илмий амалий тадқиқотлар маркази катта илмий ходими

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates