Юлдузларга талпиниб, бой бермайлик офтобни ёхуд беҳуда ўтаётган ва исроф бўлаётган фурсатлар

    Одамзот учун энг қимматли нарса нима? Албатта, бу – вақт, фурсат! Инсон бу дунёда ўз олдига мақсад қўйиб яшамаса, умри зое ўтди, деяверинг. Мақсадга эришмоқ учун ҳар бир дақиқа ғанимат.

    Ҳар бир нарсанинг, қолаверса, лаҳзаларнинг қадрига етадиган комиллик йўли эса барчага ҳам насиб қилавермайди. Тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон яшаши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ. Хўш, келажагимиз – ёшларнинг вақтлари қандай ўтяпти, олтинга тенг фурсатлар нималарга сарфланяпти?

    Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон ёшлари форумида ҳам қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Биз юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, сиз каби ёшларга, сизларнинг куч-ғайратингиз, азму шижоатингизга суянамиз. Барчангиз яхши биласиз, бугун ўз олдимизга улкан марралар қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли айни ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Ишонаманки, мамлакатимиз тараққиётининг янги пойдеворини яратишда сизлар сингари фидойи ва ватанпарвар ёшларимиз фаол иштирок этиб, муносиб ҳисса қўшадилар”.

    Сир эмас, Президентимиз ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига бот-бот тўхталиб ўтади, мутасаддилар олдига талаблар қўяди ва ижросини назорат қилади. Яқинда ушбу масаладаги ўтказилган видеоселекторда ҳам бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлар ҳақида сўз бориб, мамлакатимизда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд экани, бу аҳолининг қарийб 55 фоизини ташкил этиши таъкидланди. Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз эканига эътибор қаратилди.

    Шу маънода бугун ҳар бир ота-она, шу юртнинг фаол позициясига эга ҳар бир фуқаро олдида битта долзарб вазифа бор: фарзандларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланишини таъминлаб бериш ва назорат қилиш. Айрим ота-оналар бола тарбияси хусусида анча бепарволик қиладилар. Мутафаккир олим Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Фарзандларимизнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси масъулияти, биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зиммасида эканини унутмаслик керак.

    Буюк муҳаддис Бухорий: “Нажот фақат илмдадур”, деб бежиз айтмаган. Чунки билимсизлик жаҳолатдан, жаҳолат эса такаббурлик, мутелик ва бузғунчиликдан келиб чиқади. Ёшларимиз таълим-тарбиясини миллий ва диний қадриятлар асосида шакллантириб, Ватанга муҳаббат, ота-она ва элига ҳурмат руҳида камол топтирсаккина қалбимиз хотиржам бўлади.

    Исроф – гуноҳ амал. Исроф деганда фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Қимматли вақтни беҳуда кетказиш, фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофдир. Куч-қувват ва салоҳиятни эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исрофдир. Соғлиқнинг қадрига етмай, тинкани қуритадиган ёки саломатликка хавф соладиган ишларга муккадан кетиш ҳам исрофдир. Умр ҳам худди шундай. Бошқа барча неъматларни қайта тиклаш, қўлдан чиқаргач, яна унга эришиш мумкиндир, фақат умрни эмас.

    Дам бу дамдур, ўзга дамни дам дема

    Илм эгаллаш - улуғ фазилат. Илм соҳиби бўлгач, уни ҳаётга татбиқ этиш – илмига амал қилиш ва ўзгаларга илм ўргатиш ҳар бир зиё аҳлининг бурчи. Акс ҳолда ўзгаларга ўргатилмаган ёки амал қилинмаган илм исрофдир.

    Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту соатларини фойдали иш қилишга, гўзал ахлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарф қилишда доим огоҳ ва сергак эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло ва афзал бўларди. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади”, деган ҳикматли сўзга амал қилишган.

    Жамоат транспортида ҳеч кузатганмисиз: 35-40 дақиқалик йўл давомида айрим ёш-ёш йигит-қизларнинг қўлидаги телефонлари қулоқларига ёпишиб қолган бўлади, ким биландир (катта эҳтимол билан тенгдошлари) қаттиқ овозда бекорчи нарсаларни суҳбатлашиб кетадилар. Шу ярим соатдан ортиқ вақт мобайнида бирорта жўяли гап чиқмайди оғизларидан (истайсизми-йўқми, суҳбатлари ҳаммага бемалол эшитилиб туради), ҳаммаси бекорчи, одамнинг энсасини қотирадиган мавзулар. Афсуски, аксинча, транспортдаги вақтини китоб ўқиш, газета-журнал мутолаа қилишга сарфлайдиган ўсмирларни борган сари камроқ учратяпмиз.

    Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларида бундай гап бор: “Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг”. Жамиятимиздаги барча инсонлар, улар ким ва қандай мавқега эга бўлмасинлар, айниқса, келажагимиз бўлган ёшларимиз, азиз фарзандларимиз олтиндан қиммат вақтдан унумли фойдаланиши ва уни ғанимат билиши лозим. Ёши улуғ кексаларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандларимиз таълим-тарбиясига бепарво бўлмаслигимиз, уларни ўз вақтларини тўғри, солиҳ фойдали амаллар қилишга сарфлашни ўргатишимиз керак. Айниқса, шу кунларда ҳур диёримизда илм масканлари эшиклари касб-ҳунар эгаллаш учун очиб берилганда вақтни ғанимат билиб, уларнинг барча диққат-эътиборини чуқур билим олишга йўналтиришимиз даркор бўлади.

    Муваффақиятнинг ўзи келмайди

    Фарзандларингиз, укаларингиз, умуман, ёшларнинг ижтимоий тармоқларда ёки интернет оламида нималар билан машғул эканини ҳеч мониторинг қилиб кўришга уринганмисиз? Интернет ўтган асрнинг 90-йилларидан сўнг туғилган авлод ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурганидан хабарингиз борми?

    Ушбу авлод вакиллари интернет билан бирга ўсди. Уларга бошқа ҳаёт бегона. Назаримда, ҳозир омма Telegram мессенжери орқали бошқарилаётганга ўхшайди. Эртага у ўчириладиган бўлса, аниқ айтиш мумкин – ваҳима бошланади. Чунки Telegram деярли ҳамма нарсани англатади: унда барчаси мужассам: мулоқот, хизматлар, ОАВ, савдо-сотиқ ва ҳоказо. Бутун ҳаётимиз ўша ерда. Ҳар биримиз бир кунда 5-6 соатни интернетда ўтказаётган бўлсак, ажабмас.

    Яқиндан TikTok деган бало чиққан. 16-18 ёшдаги аксарият йигит-қизлар унга ёпишиб олган. У ерда битта файл миллионлаб “лайк” йиғиши, миллионлаб марта кўрилиши мумкин. Оқибатда қўрқинчли нарсалар, экстремизм, миллатчилик урчиб кетгандек.

    – Айтиш мумкинки, ижтимоий тармоқлар автомобилга ўхшайди, – дейди психолог Нигора Мирашурова. – Унда сиз сайру саёҳат ёки харидлар учун бозорга борсангиз бўлади. Аммо ҳалокатга учраб, ўзингиз билан бирга бошқаларга зиён етказишингиз ҳам мумкин. Бу шунақа нарсаки, ҳам яхши, ҳам салбий жиҳатлари бор. Гап фақат ушбу воситадан қандай фойдаланишда. Мен пандемия даврида ёшлар ижтимоий тармоқлар ёрдамида касалликни енгиш, яқинларига ёрдам бериш учун қандай бирлашганини кўрдим. Ёшлар ижтимоий тармоқларда бир-бири билан мулоқот қилмоқда, фикрларини очиқ билдирмоқда, танқид қилмоқда. Шу тариқа уларнинг интеллектуал салоҳияти ҳам ўсиб бораётгани табиий. Ҳозирги ёшлар ижтимоий тармоқларнинг кучини яхши тушунади, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалар муҳокамаси ёрдамида қанчалик кўп ўзгаришларга эришилаётганини кўради.

    “Муваффақиятнинг ўзи сизга келмайди. Сиз ўзингиз у томон ҳаракатланишингиз керак”, деган эди америкалик машҳур педагог Марва Коллинз. Бу ҳаракатланиш эса фақат телефон кавлаштиришдан иборат эмас.

    Бугун мамлакатимизда маънавиятга жуда катта эътибор билан қаралмоқда. Жумладан, китобхонлик рағбатлантирилмоқда. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, барча муваффақиятларнинг, эзгуликларнинг бешиги китобдир. Қани энди, ота-оналар мунтазам равишда ўз фарзандларини китоб дўконларига олиб борсалар, уларнинг кутубхонага қатнашини рағбатлантирсалар. Миллионлаб маблағ сарфлаб, замонавий телефонлар эмас, болаларга китоб, электрон китоб, аудиокитоб, дастурлар совға қилсалар.

    Маънавият – қуёш

    Халқимизда “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил”, деган серҳикмат мақол бор. Шундан келиб чиқиб, ҳозирги таҳликали дунё­нинг бир қатор мамлакатларида кузатилаётган турли тўс-тўполонлар, тартибсизликлар негизига эътибор берадиган бўлсак, уларда давлатнинг ўсиб-униб келаётган ёшларга, уларнинг ҳаётдаги қизиқишлари, ҳуқуқ ва манфаатларига эътиборсизлиги, ёшларга оид сиёсатининг ҳозирги замоннинг янги таҳдидларига жавоб бермаслиги оқибатини кўриш мумкин. Уларда, айниқса, ёшлар тарбияси, уларни иш билан банд қилиш, соғ­лом турмуш тарзига ўргатиш ўз ҳолига ташлаб қўйилгани ачинарли, албатта. Бундай мамлакатларда давлат ва ёшлар ўртасида узилиш пайдо бўлганини кузатиш мумкин. Кўпгина муаммоларнинг замирида замон талаб қилган аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлмаслик ва натижада ишсизлик, бекорчилик ётади.

    Айниқса, бугунги замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган асрда кимлардир бу технологияларни бунёдкорлик, илм-фан, тараққиёт йўлида қўлласалар, кимлардир ижтимоий тармоқлар орқали онги мўрт, ҳаётда мустақил фикрлашга, позицияга эга бўлмаган миллионлаб ёшларни тўрга тушириш ва ўз қабиҳ мақсадларини амалга ошириш йўлида фойдаланмоқдалар. Мақсад — ёшлар қалбини эгаллаш, муайян мамлакат ёки минтақадаги бирор миллат ёхуд халқнинг онгига, унинг сезги-туйғуларига таъсир ўтказиш, уни ўз дунёқарашига бўйсундириш, маънавий жиҳатдан заиф ва тобе қилиш. Фикр қарамлиги, тафаккур қуллиги эса ҳар қандай иқтисодий ёки сиёсий қарамликдан кўра даҳшатлидир.

    Ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланиши учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб бериш борасида кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар халқимизга хос хусусият бўлиб, миллий табиатимизнинг узвий қисмига айланган. Ҳар бир оилада, ҳар бир маҳаллада, энг аввало, ёшларнинг саломатлигини таъминлаш, уларга яхши билим бериш, айни пайтда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга муносиб шахслар этиб вояга етказиш азалдан муҳим масала бўлиб келган. Ҳозир ушбу вазифалар ижроси Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва бу эса барча соҳаларда юксак ютуқларга эришиш имконини бермоқда.

    Мухтасар айтганда, ҳою ҳавас, моддият ортидан кўнгилга келганини қилиш, кўнгил хушлиги, дил истаги учун қўлдаги телефондан баҳра топиш – бу тун чоғи ярқ этиб кўзга ташланадиган жилвакор олис юлдузлар шуъласига ўхшайди. Живири бор, тафти йўқ. Маънавият эса – қуёш. Унинг ҳарорати, умрни безайдиган нуру зиёси бор. Юлдузларга маҳлиё бўлиб, офтобни бой бериб қўймайлик.

    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates