Юрт келажагини малакали кадрлар белгилайди

    Шу кунларда дунёда кечаётган ижтимоий-иқтисодий вазият денгиз тўфонига ўхшайди.

    Нисбатан бир маромда сузиб бораётган катта-кичик қайиқлардан тортиб, йирик кемаларгача, барини қаттиқ чайқатяпти. Бу довул ўзанингни буриб юбориши, натижада кетаётган йўлингни йўқотиб қўйишинг ҳеч гап эмас. Давлатларнинг бир кема ёки қайиқ ўлароқ бу талатўпда омон қолиб, кўзлаган манзилига етиб бориши йўлбошчининг оқилона қарори, ундаги жамоанинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, машаққатли меҳнатига боғлиқ.

    Дарҳақиқат, сўнгги йиллар кузатилган ва ҳали ҳануз давом этаётган пандемия, дунёдаги чуқур иқтисодий ва сиёсий инқирозлар, зиддиятлар катта-кичик, йирик компаниялар, ривожланаётган давлатлардан тортиб, юксак тараққий этган мамлакатларгача, барчасини саросимага солиб қўйди. Халқаро транзит билан боғлиқ муаммолар ишлаб чиқариш саноатида узилишларга, бу эса ўз навбатида, иқтисодиёт барқарорлигига салбий таъсир кўрсатди.

    Эътиборли жиҳати, катта мақсадлар, буюк манзиллар сари йўлга чиққан Ўзбекистон бу довулни давлатимиз раҳбарининг оқилона ва одилона, узоқни кўзлаб юритаётган халқпарвар сиёсати, халқимизнинг машаққатли меҳнати, ҳамжиҳатлиги, жипслиги билан енгиб ўтмоқда. Талафот у ёқда турсин, бу курашдан мамлакатимиз янада кучли бўлиб чиқяпти. Ғоят мураккаб ва синовли йил – 2022 йилда ҳам мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми илк бор 80 миллиард доллардан ошгани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Шунинг баробарида, иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилди, экспорт ҳажми эса, 19 миллиард долларга етди. Агар эътибор берган бўлсангиз, бундай катта натижалар илгари бўлмаган. Мана шуларнинг ўзиёқ Ўзбекистон нақадар тўғри йўлда кетаётганини англатади.

    Ўзбекистон бу натижалар билан чекланиб, тўхтаб қолмоқчи эмас. Бугун эришилган натижалар асносида эртанги кун учун ютуқларимиздан юз чандон катта марралар олинмоқда. Буни 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳар бир соҳа ва тармоқни ривожлантириш юзасидан белгиланган улуғвор мақсадлар, катта-катта марралардан ҳам кўрса бўлади.

    Шу ўринда қайд этиб ўтиш жоизки, кўзланаётган марраларни забт этиш, ортга қайтмас тус олган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ҳар жиҳатдан малакали кадрларга боғлиқ. Чунки Ўзбекистон яқин ва узоқ истиқболда ҳар бир йўналишни илм-фанга асосланган ҳолда қўшилган қиймат занжирини яратиш, экспортни ривожлантириш йўлини танлади. Саноат хомашёси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан, қўйингки, барча соҳа ва тармоқда қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш юксак билим ва малака талаб этади. Шу боис ҳам мамлакатимизга сўнгги йилларда таълим тизимини ривожлантириш, бу орқали ислоҳотларни самарали амалга оширишга таянч дастак бўладиган малакали кадрларни тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда.

    Шу ўринда янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида малакали, рақобатбардош кадрлар қанчалик муҳим эканига тўхталиб ўтсак. Агар биргина тўқимачилик саноати мисолида қарайдиган бўлсак, Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда барча соҳалар қатори ушбу тармоқдаги туб ислоҳотлар натижасида пахтачиликда ҳам янги ривожланиш даври бошланди. Жумладан, соҳада тўлиқ кластер тизими жорий этилди, бугун юртимизда 121 та пахта тўқимачилик кластери фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги уч йилда ушбу йўналишдаги кластерларга 23 триллион сўмдан зиёд имтиёзли маблағ ажратилди.

    Текстиль йўналишида 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди, ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5 баробарга ошди. Экспорт эса 4 баробар ўсиб, қарийб 3 миллиард долларга етди. Бу ўринда экспорт таркибида чуқур қайта ишланган тайёр маҳсулотлар улушининг кескин ошгани диққатга сазовор, албатта. Хусусан, 2016 йилда хорижга экспортнинг 65 фоизи ип-калава бўлган бўлса, 2021 йилда экспорт таркибида тайёр кийимлар улуши 32 фоизни ташкил этди. Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 100 фоизи ўзимизда қайта ишланмоқда.

    Булар ҳозиргача эришилган натижалар холос. Олдинда бизни бунданда катта мақсадлар, марралар кутиб турибди. Зеро, тараққиёт стратегиясида юртимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш орқали 2026 йилда республика экспорт ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш, шу жумладан, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баравар кўпайтириб, Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга чиқаришда кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 500 тадан 15 000 тага, товарларнинг экспорт географиясини 115 тадан 150 тага етказиш каби устувор вазифалар белгиланган. Ушбу мақсадларга эришиш, текстиль саноатини замон талаблари асосида ривожлантириш учун билимли ёшлар, малакали мутахассислар керак, албатта.

    Шу мақсадда сўнгги йилларда давлат бюджетидан таълимга, хусусан олий таълимга харажатлар ҳам мунтазам ошириб борилмоқда. Олий таълимга қамровни ошириш нуқтаи назаридан давлат олий таълим муассасаларига қабул квоталари кескин оширилди. Бунда ҳатто давлат бюджети ҳисобидан грантда таҳсил олувчилар сони ҳам ошди. Бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 2016/2017 ўқув йили учун 19 минг 120 нафар давлат грантига қабул амалга оширилган бўлса, 2022/2023 ўқув йили учун бу кўрсаткич 31 минг 748 нафарни ташкил этди. Яъни, бакалавриат бўйича давлат гранти асосидаги қабул квотаси сўнгги олти йилда 1,66 бараварга оширилди.

    Магистрлар тайёрлаш бўйича эса 2016/2017 ўқув йили учун 1 минг 548 нафар, 2022/2023 ўқув йили учун эса 8 минг 852 нафар давлат гранти асосидаги квоталар ажратилган. Ушбу йўналишда ҳам кўриш мумкинки, сўнгги олти йилда бу кўрсаткич сезиларли ошган – 5,72 баравар. Ваҳоланки, давлат бюджети харажатларини қисқартириш мақсадида бу кўрсаткичлар 2017 йилга қадар мунтазам камайтириб келинганлиги ҳам маълум ҳақиқат. Бошқа томондан, ўз моддий-техник базаларидан келиб чиққан ҳолда давлат олий таълим муассасаларига тўлов-контракт бўйича қабул квоталарини мустақил белгилаш ваколати берилди.

    Яна бир муҳим жиҳат: юртимиз таълим йўналишида хусусий секторга ҳам кенг ўрин берилмоқда. Натижада нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятининг кенг миқёсда йўлга қўйилгани, бугунги кунда уларнинг сони 68 тага етгани олий таълим соҳасида рақобат ривожланиши ҳамда олий таълим қамровининг янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Айрим хусусий олий таълим муассасаларининг Япония ва Кореядаги етакчи университетларда фаолият юритган профессор юртдошларимизни таълим жараёнига жалб қилаётгани, илмий мотивация бериш мақсадида ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори талабаларга тўлов-контракт суммасидан сезиларли чегирмалар бериш амалиёти қўлланилаётгани ҳам хусусий секторнинг таълимга ўзига хос инвестициялари сифатида намоён бўлмоқда.

    Гап таълим тизимини ривожлантириш ҳақида борар экан, бу борада Президентимизнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ушбу Мурожаатномадаги асосий йўналишлардан бири ўлароқ таълим тизимини ислоҳ қилиш, қамровни ва таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳим жиҳати, давлатимиз раҳбари 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном беришни таклиф қила туриб, “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” деди.

    2023 йилдаги устувор йўналишларнинг иккинчиси ўлароқ таълим тизимини ривожлантириш бўйича катта мақсадлар белгиланди. Жумладан, келгуси йилдан бошлаб бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш тизими йўлга қўйилиши, ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш, олийгоҳ талабалари учун имтиёзли таълим кредитларига ресурсларни 2 баробар кўпайтириб, 1,7 триллион сўм ажратиш, илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтириш каби вазифалар шу жумласидандир.

    Мурожаатномада бу борада қайд этилган фикрлар, илгари сурилган ташуббусларнинг амалий ифодаси, тасдиғи сифатида Президентимиз 29 декабрь куни Халқаро конгресс марказида “Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!” мавзусидаги замонавий дарсликлар кўргазмаси билан танишди.

    Давлатимиз раҳбари ўша ерда ўқитувчи ва болалар билан бўлиб ўтган суҳбати жараёнида Конституция ва қонунларда ўқитувчининг мақоми, ҳуқуқ ва манфаатларини аниқ белгилаш зарурлигига тўхталар экан, “Шундай жамият қуришимиз керакки, ўқитувчилик энг обрўли касб бўлиши лозим! Бу йўлда биз, аввало, ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган мингминглаб устоз ва мураббийларга таянамиз! Устозларни эъзозлаган жамият ҳеч қачон кам бўлмайди, ўз мақсадларига, албатта, етади. Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутманглар: халқимиз ўз келажагини сизларга ишониб топширган. Келажагимиз қандай бўлиши, аввало, сизларга боғлиқ. Бу йўлда Президент сизларни доимо қўллаб-қувватлайди” дея таъкидлади.

    Мана шу фуқароси, жамиятимизнинг бир аъзоси, ўқитувчи-педагог ўлароқ, давлатимиз раҳбарининг ушбу эътирофи, эътибори ва ишончи менга жуда катта мотивация берди. Бу, бугунги шиддатли ислоҳотларга камарбаста бўла оладиган, уни янада кучайтиришга қодир рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасидаги фаолиятимда катта куч беради.

    Мустафоқул ЎРОЗОВ,

    Термиз муҳандислик-технология институтининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори,

    техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates