баннер
11 апр 2025
02:13

    Юртимизда маҳалла банкирлари иш бошлади

    Тошкент вилоятида тижорат банклари томонидан 264 та маҳалла банкири штати очилиб, барчаси тўлдирилган.

    Йил бошини одатдагидан кўра қизғин бошлаб олдик. Янги ислоҳотлар, янги ташаббуслар вақт кутиб ўтирмай, дарҳол ишга туширилмоқда. Айни кунларда эса юртимизнинг барча ҳудудларида маҳалла банкирлари фаолияти йўлга қўйиляпти. Энди ҳар бир маҳалланинг ўз банкири бўлади ва улар аҳолининг бизнес лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади.

    Мазкур ташаббус ўтган йили 16 декабрь куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланган эди. Шу асосда, жорий йилнинг 1 февралига қадар ҳар бир ҳудудда маҳалла банкири штатлари ташкил этилиб, маҳаллаларга бириктирилиши керак. Бу ишларни туман ҳокимлари ва тижорат банклари биргаликда амалга ошириши кўзда тутилган. Яъни, маҳалла банкири штатлари туманлардаги банклар томонидан ташкил этилади, ҳокимликлар эса ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш учун жой ва инфратузилма билан таъминлайди.

    Юртимизда биринчилардан бўлиб Тошкент вилоятида маҳалла банкирлари иш фаолиятини бошлади. Вилоятдаги тижорат банклари томонидан 264 та маҳалла банкири штати очилиб, барчаси тўлдирилган. Штатлар банкларнинг туман ва шаҳарларга бриктирилиши ҳамда махаллаларнинг жойлашувидан келиб чиқиб тақсимланган. Гап шундаки, пойтахтимиз вилоятидаги 22 та шаҳар ва туманда 3 миллиондан зиёд аҳоли истиқомат қилади, маҳаллалар сони эса 1 025 та. Ҳудудларнинг географик жойлашуви, аҳоли сони ва туман тоифасидан келиб чиқиб 3-4 та маҳаллага битта маҳалла банкири бириктирилди.

    — Маҳалла банкири штатига асосан кўп йиллик иш тажрибасига эга, аҳоли ва тадбиркорларга бизнес қилишда ёрдам бера оладиган мутахассислар танлаб олинди, — дейди Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Эрали Абдувалиев. — Улар кўпроқ банк соҳаси ходимларидан иборат. Ўз номи билан маҳалла банкири дейиляпти ва шу тизим ходимлари кредитларни олиш, уларни тўғри йўналтириш каби иқтисодий масалаларни яхшироқ тушунади. Маҳалла банкири штатларини ташкил этиш ва уларга тегишли тартибда ойлик маош тўлаш айнан тижорат банклари зиммасига юклатилгани боиси ҳам шунда. Бу масалада Тошкент вилоятидаги жами маҳаллалар билан 9 та давлат банки ва уларнинг филиаллари иш олиб боряпти. Янги тизим доирасида ҳокимликлар ва банклар ўзаро ҳамкорликда маҳалла даражасида ишлаши керак. Жорий йилда Тошкент вилоятида 350 мингдан зиёд аҳолини банклар орқали банд қилиш режа қилинган. Шу мақсадда 22 та туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда банклар ўртасида аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларини ошириш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Жараённинг дастлабки кунлариданоқ ҳокимликлар вакиллари билан биргаликда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммоларнинг ечимини излаш, аҳолини доимий иш билан таъминлаш чораларини кўришга киришганмиз. Аҳоли билан хонадонбай ишлашда эса маҳалла банкирлари асосий ёрдамчи бўлиб хизмат қилади.

    Тартиби қандай?

    Ҳозир кўпчилик бир вақтлар банкка бориш деса юрак ҳовучлаб тургани, бирор хизматидан фойдаланиш учун қатнайвериб сарсон бўлгани, кредит олишку минг азобга айланганини эслолмаса ҳам керак. Чунки тизим анча ислоҳ қилиниб, хизматлар рақамлашгач, одамларнинг улардан фойдаланиши ҳам қулайлашди. Тижорат банклари чин маънода инсонлар учун хизмат қила бошлади. Уларнинг энди маҳаллаларгача кириб бораётгани ҳам кичик воқелик эмас.

    Тасаввур қилинг, бирор лойиҳани амалга ошириш учун кредит олмоқчи бўлсангиз, банкка боришингизга ҳожат йўқ, маҳалла банкирига мурожаат қилишнинг ўзи етарли. Ҳатто, лойиҳа ҳақида ўйламаган тақдирингизда ҳам улар хонадонингизга кириб келиб, ўз таклифларини беради. Чунки маҳалла банкири ўзига бириктирилган маҳаллалардаги ҳар бир хонадон билан алоҳида иш олиб бориш вазифасини олади. Қолаверса, улар маҳалланинг тадбиркорлик имкониятларини ўрганади, аҳоли ва кичик бизнес вакиллари билан мулоқатда бўлиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантириш орқали янги иш ўринлари яратиш чораларини кўради, одамларни кредит олиш, қайтариш, бизнесини йўлга қўйиш, маҳсулотини сотишга ўргатади ва кўмаклашади.

    Бу вазифаларнинг бари биргина маҳалла банкирининг зиммасида эмас. Унга кўмаклашадиган ёрдамчи агент ҳам бўлади. У маҳалладаги ҳар бир хонадонни яхши биладиган, аҳоли орасида банк хизматларини оммалаштириш, молиявий саводхонликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини банк хизматларига қизиқтириш орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш бўйича маҳалла банкирига кўмаклашувчи жисмоний шахсдир.

    Айни пайтда барча ҳудудларда ёрдамчи агентлар танлаб олиняпти. Мутасаддиларнинг айтишича, Тошкент вилоятидаги 1 025 та маҳалланинг ҳар бирида шундай ёрдамчилар бўлади. Улар ҳам тегишли тижорат банклари билан шартома асосида иш фаолиятини юритади.

    Мақсад аниқ қўйилган

    Тошкент вилояти Зангиота туманининг “Боғзор”, “Токзор” ва “Чорбоғ” маҳалларига бириктирилган маҳалла банкири Шавкат Сувонов ишни ҳудудларни ўрганиб, белгиланган кўрсаткичлар бўйича камбағал оилалар рўйхатини шакллантиришдан бошлади. Ўзи 10 йилдан зиёд вақт давомида Зангиота туманидаги тижорат банкларида фаолиятини олиб борган. Мутахассис Туронбанк АТБ Зангиота туман филиали томонидан билдирилган таклифни рад этмади ва шу ерда маҳалла банкири бўлим бошлиғи лавозимида иш бошлади. Унга олдинги ишидан кам бўлмаган миқдорда ойлик маоши тайинланган.

    — Бизнинг банкка Зангиота туманидаги 36 та маҳалла бириктирилган бўлиб, ишни 12 та маҳалла банкири ва 36 та ёрдамчи агент штатини тўлдиришдан бошладик, — дейди Ш.Сувонов. — Ҳар биримиз ўзимиз масъул бўлган маҳаллаларни айланиб, хонадонларни битталаб ўрганяпмиз. Одамларнинг эҳтиёжи, талаби, имкониятларини аниқлаштириб оляпмиз. Шу асосида ишлар ташкил этилади. Чунки олдимизда иш ўринлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали оилаларни камбағалликдан чиқариш вазифаси турибди. Дастлаб, ҳар чоракда ҳар бир маҳалладан 10 тадан хонадонни танлаб олиб, ўша оиланнинг ўртача ойлигини 60—70 миллион сўмга ошириш режасини тузиб олдик.

    Айни пайтда Тошкент вилоятида камбағаллик даражаси 7,2 фоизни ташкил этяпти. Бу ўтган йили 16 мингдан зиёд оиланинг яшаш шароитлари яхшиланиб, камбағалликдан чиқарилиши ҳисобига камбағаллик даражаси 3 фоизга камайганидан қолган кўрсаткич. Жорий йилда ушбу кўрсаткични 4 фоизга тушириш мақсад қилинган.

    Мамлакатимизнинг ҳар бир бурчагида ана шундай мақсадларга йўналтирилган ишлар амалга ошириляпти. Лойиҳаларнинг молиявий манбалари ҳам яратиб берилмоқда. Хусусан, жорий йил бошиданоқ давлатимиз раҳбари топшириғи билан юртимиздаги тижорат банкларига Маҳалла лойиҳаси дастури доирасида 1 миллиард доллар кредит маблағлари ажратилди. Қолаверса, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича банклар томонидан 300 миллион сўм миқдорида шартсиз кредитлар бериш бошланади.

    Бу маблағларни тўғри ва тартибли йўналтириш ҳам муҳим масала. Аҳолига кредит олишдан олдин, ундан самарали фойдаланиш йўлларини ўргатиш, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш зарур. Бу борада маҳалла банкирлари яқин кўмакчига айланиши кўзда тутилган. Мазкур тизим аҳоли манфаатларини самарали қўллаб-қувватлаш ва маҳаллаларда иқтисодий фаолликни оширишнинг янги босчиқини бошлаб беради.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 18.01.25 й, 13-сонида чоп этилди)


    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech