Мажбурий ижро бюросининг маълум қилишича, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида истиқомат қилувчи фуқаро К.Мейлиев суд қарорига биноан 2024 йилдан буён бир нафар фарзанди учун алимент тўлаб келади. Ижро ҳаракатлари давомида Бюронинг Қамаши туман бўлими томонидан хорижга чиқиш ҳуқуқлари чекланган.
Шу сабаб, алимент тўловчи судга мурожаат этиб, хорижга сафар қилиши зарурлигини билдирган. Шунингдек, олдиндан 5 йиллик тўловни амалга оширган ҳолда ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган. Суд ажрими билан 2030 йил 1-апрель кунига қадар ҳисобланган 108 млн. сўм алимент тўловларини бир йўла тўлаш шарти билан ижро этиш усули ўзгартирилган.
60 ой учун мўлжалланган 108 млн. сўм миқдоридаги алимент тўловлари жорий йилнинг 26-март куни ундирувчи Г.Ибрахимовага топширилгач, К.Мейлиевнинг мамлакат ҳудудидан чиқиш учун чекловлари бекор қилинди.