Қайд этилишича, тармоқларда тарқалган ҳолат Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 2 апрель куни содир бўлган ва шу куннинг ўзида шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан масъуллардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, муассасада ўрганиш ишлари олиб борилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, муассасада сентябрь ойидан бери расмий фаолият олиб бораётган тарбиячи М.М болалар билан олиб бораётган машғулот жараёнида уларга нисбатан жуда қўпол муносабатда бўлган. Ҳолатни ташкилот раҳбари Насиба Исаева машғулотлар жараёни тугагач хонада ўрнатилган видеокузатув камераларида кўрган ва видеони ходимлар гуруҳига ташлаб, муҳокама қилгандан сўнг, Насиба Исаева 3 апрель куни тарбиячи М.М билан тузган шартномани бекор қилиб, уни ишдан четлатган.
Шунингдек, ишчи гуруҳ масъуллари муассасада тарбияланаётган болалар ҳолатини ҳам ўрганган. Ота-оналар билан суҳбатлашилган. Болаларга шикаст етмагани аниқланган ва ташкилот ходимларига тушунтириш ишлари олиб борилган.
Айни пайтда ҳолат бўйича шаҳар ИИБ томонидан суриштирув ишлари ҳам олиб борилмоқда.