Замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 12 август 2022 10414

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Замонавий билим олиш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган ёшларнинг таълим олиши учун кенг имкониятлар яратиш, улғайиб келаётган ёш авлоднинг интеллектуал ҳамда касбий маҳоратини ривожлантиришга бўлган интилишларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш, шунингдек, жорий йил 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ҳамда 29 июль куни ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассислар билан бўлиб ўтган учрашувларда илгари сурилган янги ташаббус ва ғояларни амалга ошириш мақсадида:

    1. 2022 йил 1 октябрдан бошлаб нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилсин.

    Белгилансинки:

    а) тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозитлар ҳисобидан ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади;

    б) нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ёшларга таълим кредити:

    базавий ҳисоблаш миқдорининг 65 бараваригача миқдорда 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган фуқаролиги бўлмаган ёшларга ажратилади;

    расмийлаштирилиши ва унинг қайтарилишида кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахслар биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;

    в) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олишга ажратиладиган таълим кредити учун гаров ва кафиллик талаб этилмайди;

    г) ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун ёшларга таълим кредити Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (кейинги ўринларда – IT-парк) резиденти бўлган ташкилотларнинг ўқув курсларида таълим олиш учун ажратилади. Бунда, ахборот технологиялари соҳасида таълим берувчи резидент ташкилотлар реестри IT-парк томонидан электрон ахборот тизими шаклида юритилади ҳамда зарур ҳолларда тижорат банклари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан интеграция қилинади.

    2. Ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиши учун таълим кредитлари бўйича тижорат банкларини молиявий ресурслар билан таъминлаш:

    2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармасига (кейинги ўринларда – Жамғарма) ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

    келгуси йилларда эса ҳақиқий талабдан келиб чиқиб Жамғармага зарур маблағлар ажратилади.

    3. Белгилаб қўйилсинки:

    Жамғарма маблағлари ҳисобидан тижорат банкларининг сўровларига асосан уларга Марказий банкнинг асосий ставкасида ахборот технологиялари соҳасида ёшлар таҳсил олишига таълим кредити ажратиш учун мазкур ставкадан 4 фоиз бандга паст бўлган ставкада депозит жойлаштиради;

    Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда депозит маблағлари ва ахборот технологиялари соҳасида ёшларнинг таҳсил олиши учун таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасайтирилади, оширилган тақдирда эса ўзгаришсиз қолади.

    4. АТ “Халқ банки”, АТ “Алоқа банк” ва “Микрокредитбанк” АТБнинг 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларида таҳсил олаётган иштирокчи сертификатини олган ёки ушбу ўқув курсларини сўнгги 6 ойда муваффақиятли тамомлаган ёшларга компьютер (шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмаган) харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

    Бунда:

    компьютер харид қилиш учун ажратиладиган истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваригача қисми Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси) ҳисобидан компенсация қилинади;

    сертификатларнинг ягона электрон реестри IT-парк томонидан юритилади.

    5. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандлари бўлган ҳамда “Ёшлар дафтари”га кирган ёшларга 2023 йил 1 августга қадар “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ва сертификат олган ҳолда, шунингдек, мазкур қарорнинг 4-бандида кўзда тутилган тартибда компьютер харид қилиш мақсадида кредит олиш учун Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кафиллик бериш тизими жорий этилсин.

    Ёшлар ишлари агентлиги Молия вазирлиги, Марказий банк ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 октябрга қадар мазкур бандда кўзда тутилган кафиллик бериш тартибини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    6. Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 августга қадар нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратиш, шунингдек, мазкур қарорнинг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган тартибда молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлиги юзасидан ўрганиш ўтказиб, Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.

    7. Молия вазирлиги:

    а) Ёшлар ишлари агентлиги ва Марказий банк билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин:

    “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандлари бўлган ёшларга ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олишга ажратилган таълим кредити бўйича юзага келадиган кредит таваккалчилигини Молия вазирлиги ва тижорат банклари ўртасида тақсимлаш;

    Жамғарма ҳисобидан нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ахборот технологиялари соҳасида ёшларнинг таҳсил олиши учун тижорат банкларига таълим кредитлари учун депозит жойлаштириш;

    нодавлат таълим ташкилотларида ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олаётган ёшларга ўқув курсларида таълим олиш тўловлари учун кредит ажратиш;

    Жамғарма томонидан таълим кредитлари учун маблағлар ажратишда тижорат банкларига қўйиладиган мувофиқлик мезонларини ўрнатиш;

    б) мазкур қарорда кўзда тутилган ахборот технологиялари соҳасида таҳсил олиш учун таълим кредити, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга ҳамда IT-парк резиденти бўлган ташкилотларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган ёки иштирокчи сертификатини олган ёшларга компьютер харид қилиш мақсадида истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларини компенсация қилиш учун зарур маблағларнинг 2023 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида ўрнатилган тартибда назарда тутилишини таъминласин.

    8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 апрелдаги “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6208-сон Фармонининг 7-бандига мувофиқ Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағларни мазкур қарорнинг 4-бандига асосан истеъмол кредитлари бўйича фоиз тўловларини компенсация қилиш ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда ушбу жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг бошқа мақсадларига йўналтиришга рухсат берилсин.

    9. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда мамлакатимиз аҳолисининг таълим олиш, меҳнат қилиш ҳамда турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товарлар (хизматлар)га истеъмол кредити ажратилиши тартибини такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

    10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ёшларни замонавий билим олиш ҳамда касб-ҳунар эгаллашга жалб этиш бўйича оммавий ахборот воситалари ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида мунтазам равишда тарғибот ишларини амалга оширсин.

    11. Ёшлар ишлари агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    12. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Ҳ.Шерматов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З.Саъдуллаев белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2022 йил 12 август

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates