“Зарафшон” миллий табиат боғи мансабдор шахслари жавобгарликка тортилди

    Ўрмон хўжаликларидаги қонунбузарликлар фош этилди.

    Самарқанд вилоят прокуратураси органлари томонидан давлат ўрмон фонди ерларини ажратишда қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

    Вилоятда 10 та ўрмон хўжаликлари ва 2 та миллий табиат боғлари мавжуд бўлиб, улар фойдаланишига жами 69 минг 87 гектар (шундан ўрмон билан қопланган 20 минг 410 гектар, ўрмон билан қопланмаган.

    460 гектар, чўл ҳудуди 2518 гектар, тоғли ҳудуд 35 минг 874 гектар, тўқай худуди 8821 гектар, табиий ва сунъий сув ҳавзалари 1306 гектар) ер бириктириб берилган. Бу ер майдонларининг маълум бир қисми давлат-хусусий шерикчилик асосида фуқароларга узоқ муддатли ижарага бериш билан боғлиқ ҳужжатлар дастлабки хатловдан ўтказилди.

    Бироқ, ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш, ижарага берилган ер майдонларида ўзбошимчалик билан қурилишлар қилиш, ижара маблағлари ундирилмаганлиги, инвестиция мажбуриятларининг бажарилмаслиги ҳамда буталар ва ўсимликларни нобуд қилиш каби қўпол қонун бузилиш ҳолатлари содир этилган.

    Вилоят прокуратураси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими томонидан мутахассислар жалб қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни талабларига риоя қилиниши аҳволи юзасидан ўтказилган ўрганишда, “Зарафшон” миллий табиат боғи мансабдор шахслари, ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказиш ҳолатларига йўл қўйганликлари аниқланди.

    Чунончи, қонуннинг 6, 25-моддаларида белгиланган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари фақатгина хусусий буюртма қўриқхоналар ҳамда табиий питомниклар ташкил этиш учун юридик ва жисмоний шахсларга ижарага берилиши мумкинлиги ҳамда буталарни кесиш, мухандислик-коммуникация ишларини амалга ошириш, оқова сувларни оқизиш тақиқланганлиги ҳақидаги талаблар бузилган. 2020 ва 2021 йилларда миллий табиат боғи ҳудудидан 39,8 гектар ер майдони 57 нафар жисмоний ва юридик шахсларга ижара битими ва шартномаларга асосан дам олиш маскани учун ажратиб берилиб, 28 нафар ижарачи томонидан 8015 квадрат метр ер участкасидаги буталар ва ўсимлик дунёси нобуд қилииниши, ноқонуний равишда қурилиш ишлари амалга оширилишига йўл қўйилган.

    Ижара битими ва шартномаларда 57 нафар жисмоний ва юридик шахсларга миллий табиат боғидан 33,3 гектар ер майдони ижарага берилиши кўрсатилган бўлсада, “Зарафшон” миллий табиат боғи мансабдор шахслари мансабга совуққонлик билан қараб жами 39,8 гектар ёки шартномада белгилангандан 6,5 гектар зиёд ер майдонини ноқонуний ажратиб берган.

    “Зарафшон” миллий табиат боғи билан 72 нафар жисмоний ва юридик шахслар ўртасида тузилган ижара битими ва шартномаларда ижарачиларга 37 миллиард 611 миллион сўм инвестиция киритиш мажбурияти юклатилган бўлсада, миллий табиат боғи мансабдор шахслари томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши назорат қилинмаганлиги натижасида инвестициялар киритилиши таъминланмаган.

    “Зарафшон” миллий табиат боғи мансабдор шахслари ўз вазифаларига лоқайдлик билан муносабатда бўлиши оқибатида, 2023 йил 1 август ҳолатида 72 нафар ижарачидан жами 972 миллион 155 минг сўм ижара пулларини ундириш чоралари кўрилмаган.

    Бундан ташқари, боғ мансабдор шахслари томонидан юқоридаги қонуннинг 45-моддаси талабларига зид равишда миллий табиат боғ худудидан 115,6 гектар ер майдони қишлоқ хўжалик экинлари экиш учун фуқароларга ажратиб берилган.

    Мансабдор шахсларнинг мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиш ҳамда мансабга совуққонлик билан қарашлари оқибатида давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар ва жиддий зиён етказганлиги ҳолати юзасидан вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    “Зарафшон” миллий табиат боғида ўтказилган ўрганишда дам олиш маскани яратиш мақсадида 49 йил муддатга ижарага олинган 18,93 гектар ер майдонларида 22 нафар фуқаро ва 2 та юридик шахс томонидан иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан оғир конструкцияли бино-иншоотлар қурилганлиги аниқланиб, огоҳлантирилишига қарамасдан ихтиёрий бузмаганликлари сабабли иншоотларнинг барчасини бузиш юзасидан судларга даъво аризалари киритилган. Даъво аризалар судлар томонидан кўриб чиқилиб, 18 нафар фуқаро ва битта юридик шахсга нисбатан ўзбошимчалик билан қурилган мураккаб конструкцияли биноларни жавобгарларнинг ҳисобидан буздириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилган ва 2 та ноқонуний қурилиш бузиб ташланган.

    Суғориш қудуқларини қуриш бўйича “Ўрмонқурилиш” ДУК билан тузилган шартномага мувофиқ, “Сарвар Универсал Таъмир Қурилиш” МЧЖ томонидан вилоятдаги 4 та ўрмон хўжалигида 744 миллион сўмлик амалда бажарилмаган ишларни ҳисоб-фактураларга қўшиб ёзиб, бюджет маблағларини жуда кўп миқдорда ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов жараёнида етказилган зарарлар ундирилиб, жиноят иши судга юборилди.

    Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги қонуни ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан Самарқанд, Саройқўрғон ва Каттақўрғон давлат ўрмон хўжаликларида 2023 йил июнь ойида ўтказилган ўрганишлар давомида 62 та қонун бузилиши ҳолатлари аниқланиб, 9 та протестлар келтирилди, 5 та тақдимнома киритилиб, маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида 2 та маъмурий иш қўзғатилди. Қарор ва тақдимномаларга асосан 25 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, етказилган 19 миллион 673 минг сўм зарар ихтиёрий равишда ундирилиши таъминланиб, 2 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

    Хусусан, Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалиги бош ҳисобчиси У.Джураев томонидан мажбурий ушланмалардан ташқари ходимларга 5 миллион 488,6 минг сўм ортиқча тўланганлиги аниқланиб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

    Оқдарё давлат ўрмон хўжалигига тегишли бўлган ер участкаларида ўтказилган хатлов натижасига кўра, ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилиш ҳамда ер майдонидан белгиланган мақсадда фойдаланилмаётганлиги ҳолатлари аниқланган.

    Прокуратура органларининг аралашуви билан Кадастрлар агентлиги вилоят бошқармаси томонидан 3 нафар фуқаролар томонидан 0,31 гектар ер майдонида амалга оширилган ноқонуний қурилмаларни бузиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро судига даъво аризаси киритилиши таъминланди. Саккизта ҳолатда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 2,25 га ер майдонлари ихтиёрий равишда ўрмон хўжалиги ихтиёрига қайтарилиши таъминланди.

    Жамшид ҚОСИМОВ,

    Самарқанд вилоят прокуратураси бўлим катта прокурори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates