Зоминга яна сел келди

    Хавфсизлик 12 июн 2025 684

    Зомин туманининг бир қанча ҳудудларида сел ҳодисаси кузатилди.

    Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, шу йилнинг 12 июн куни кучли жала ёмғир ёғиши оқибатида Жиззах вилоятининг Зомин туманида бир қанча сел ҳодисалари кузатилди.

    Маълумотларга кўра, селлар 14:30 ларда “Куштол“ МФЙ, “Навбаҳор“ МФЙ, Туркман қишлоғи, “Ниҳол“ МФЙ Қизилсой қишлоғида, “Тараққиёт“ МФЙ Ҳулкар қишлоғида кузатилган.

    Сел сувлари келиши оқибатида айрим автомобиль йўлларига тош ва шағал тушиш ҳолатлари кузатилган ва зудлик билан ФВДТ хизматларининг шахсий таркиби ва мухандислик техникалари ёрдамида йўллар тозаланиб, автомобиллар ҳаракати давом этмоқда.

    Фуқаролар, аҳоли яшаш хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва чорва молларига зарар етмаган.

    Ҳозирги вақтда ФВДТ хизматларининг 10 та махсус техникалари ва 38 нафар шахсий таркиби томонидан содир бўлган сел оқимлари оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.