баннер
27 мар 2025
00:37

    Юксалишнинг уч ёруғ йўли: ё илм-маърифат, ё ҳунар, ё спорт

    Мамлакатимиз яқин 8 йилда ёшлар таълими, касб-ҳунар ва спорт тизимида катта ўзгаришларга юз тутди. Фарзандларимизнинг дунё стандартлари даражасида замонавий илмларни ўзлаштириши ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан соғлом ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

    Бугунги кунда жаҳоннинг етакчи давлатлари ёшлари билан ўқишда ҳам, ишда ҳам, касб-ҳунар спортда ҳам беллашишга қодир бўлиб етишаётган ёшларимиз шу даврнинг меваларидир. Боиси, Муҳтарам Президентимиз ҳамиша ёшларимизда замонавий билимларни мустаҳкамлаш, илм сифатини ва салоҳиятини ошириш, профессионал таълимни кучайтириш, спорт соҳасини дунё миқёсида ривожлантириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратади. Келажагимиз ворислари онгу шуурига сингдираётганимиз – “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот илмда” эканини бугун таълимнинг тинчлик ва тараққиёт йўлидаги аҳамияти яққол кўрсатиб турибди.

    Инсониятнинг ҳамиша илм-маърифатга, фойдали меҳнат қилиб, ҳунар эгаллашга, соғлом муҳитга ташналиги жамият иродаси билан чамбарчас боғлиқ жараёндир. Айнан шу изланувчан инсоннинг жамиятда ўрни, ҳурмати, қадр-қиммати бўлади.

    Бугун ҳар бир оила идеалига айланган ва яқинда Париж афсоналарида пайдо бўлган ўзбек фарзандлари ҳам бошини баланд кўтарган, миллатнинг ғурури ва шаъни не эканини юракдан чуқур англаган, “ғалаба – мен учун” дея маррани катта олган ёшларимизнинг бир бўлагидир. Ҳали бу миллатда миллионлаб Диёралар, минглаб Лазизбек ва Асадхўжалар, Ёрқинбек каби моҳир фарзандларимиз етишиб келмоқдаки, келгусида жаҳон майдонларида “Ўзбекистон” деган ном қайта ва қайта жаранглайди.

    Париж-2024 XXXIII Пара Олимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Ёрқинбек Одилов ўша фахрли дамларни ёдга олар экан, унинг ҳар бир сўзи ёшларимиз учун муҳим мотивация ва машъал бўла олади:

    — Соғлом одамлар сафига қўшилиш осон бўлмади. Лекин ҳаммасини уддаладим. Париж-2024 ўйинлари мен учун алоҳида аҳамиятга эга майдон бўлди. Аллоҳга шукур, шундай ғалабага қодир қилди ва президентимиз, халқимиз, оилам олдида юзим ёруғ бўлди. Ҳар сафар олимпиада ўйинларида иштирок этганимда ёнимда халқим турганини ҳис қиламан ва бу менга илҳомлантирувчи куч беради”, — дейди Ёрқинбек Одилов.

    Шундай ўғлонларимиз мисолида бугун халқимиз фарзандларига берган меҳри ва муҳаббати, тарбия ва кўмагининг мевасини татиётгани ҳақиқат.

    Янги Ўзбекистон тарихида рўй берган қувонарли воқелик — Абдуқодир Ҳусановнинг муваффақияти эса бутун халқимизга фахр-ифтихор бағишлади. Абдуқодир ўз ҳаракати, интилиши ва маҳорати билан мамлакат раҳбари спорт ривожи учун қилаётган ислоҳотларнинг юртга, миллатга нима беришини амалда кўрсатиб қўйди. Иккита турли “кучли бешлик” чемпионатида ўйнаган биринчи ўзбек футболчисининг журналистлар саволларига берган жавоблари эса бугун ҳеч бир ватандошимизни бефарқ қолдирмаяпти.

    “Сиз Премер Лигада ўйнайдиган биринчи ўзбек ўйинчисиз. Бу ғурур они бўлса керак?
    — Ҳа, бу фақат мен учун эмас, бутун Ўзбекистон учун. Биринчи ўзбек Манчестер Cитида. Бу ҳали бошланиши. Ўзбеклар ҳали кўп келади Англияга.
    — Жаҳон чемпионатига Ўзбекистон бирор марта ҳам чиқмаган. Қандай ривожланяпти футбол у ерда?
    — Жуда яхши ривожланяпти. Бир қадам қолди Жаҳон чемпионатига чиқишимизга.

    Мана, кўз ўнгимизда ҳақиқий келажак эгасининг жавоби! Умид юқори, ишонч баланд, энг муҳими эса, спортни қанчалик севса, юртини шу қадар севади, ютуқларини кутади.

    Эътироф этиш зарурки, шундай ватанпарвар, шижоатли ёшлар учун бу юртда муносиб рағбат бор, очилмаган эшикнинг ўзи йўқ. Имконият дейсизми, имтиёз дейсизми, фарзандларимиз учун ҳамиша шай. Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбия ва спорт эканлигини ёш-қари чуқур англаган даврда яшаяпмиз.

    Фикримизнинг ёрқин далили сифатида спорт билан биргаликда профессионал таълим тизимига эътибор қаратсак:

    Ёшларни касб-ҳунар билан таъминлаш борасида қилинаётган ишлар профессионал таълим тизимига ҳам катта ўзгаришлар олиб кирди. Ўзбекистон Республикасида Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган янги профессионал таълим муассасалари тармоғи фаолияти йўлга қўйилди. Қувонарлиси, эндиликда касб-ҳунар ўқитиш кўлами кенгайиб, ёшларнинг таълим олиш имкониятлари янада кенгайди, кечки, сиртқи ва дуал таълим шакллари йўлга қўйилди.

    Ўтган йилнинг ўзида касб-ҳунарга ўқитиш амалиёти жорий этилган мактаблар сони 289 тага, янги баҳолаш тизими жорий этилган мактаблар сони 1 500 тага, иккинчи хорижий тил ўқитиладиган мактаблар сони 354 тага етказилди.

    Ҳозирги кунда мамлакатимизда 704 та (330 та касб-ҳунар мактаби,

    166 та коллеж хамда 208 та техникумлар) профессионал таълим муассасаларида 375 минг нафардан ортиқ ўқувчиларга касб-ҳунарга ўқитилмоқда.

    Мактабларда хорижий тилларни оммалаштириш мақсадида хорижий давлатлардан 500 нафар чет тили фани ўқитувчилари жалб этилди. Тил билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларининг сони 29 минг нафардан оширилди. Инклюзив таълим жорий этилган мактаблар сони 947 тага етказилиб, унга 2 минг нафарга яқин ўқувчи қамраб олинди. Дуал таълим ёшлар учун муҳим дастак бўлиб, амалиёт билан назария уйғунлигини кўрсатиб бермоқда. Ҳозирда 15 минг талаба 957 та тегишли корхоналарга бириктирилган. Шундай қўллаб-қувватлаш ва касб-ҳунарга тўғри йўналтириш натижасида ёшларимиз ўз соҳасида улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

    Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали АҚШ ва Буюк Британиянинг энг нуфузли университетларини 50 нафар йигит-қиз битирди. Бугунги кунда уларда ўқиётган ватандошларимиз 200 дан ошди.

    Бу натижаларни таҳлил қилар эканмиз, ёшлигида баҳодирлар, Тўмарис маликалар, алплар тўғрисида эртагу достонлар эшитиб, аллома-донишлар, дунё тамаддунига бешик бўлган илм дарғалари ҳикматларини уқиб улғайган доно халқнинг фарзандлари ё ўқишда, ё ҳунарда ва ё спортда шу она Ватаннинг корига ярашни юрагига фарзандлик бурчи, мақсади қилиб жойлаётганига дилдан қувонамиз.


    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    Фарғона давлат университети ректори,

    профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    март, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech