Учрашув аввалида ёшлар “халқимизнинг олтин фонди”, деб аталгани бежиз эмас. Зеро, фарзандлари билимли, истеъдодли мамлакатнинг истиқболи, албатта, ёруғ бўлади. Таъкидланганидек, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қиз кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллионга етади.
Энди Президентимизниг тегишли қарори билан олий ўқув юрти битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилади. Бунинг учун Миллий банкка 100 миллион доллар йўналтирилиб, ёшларнинг ташаббус ва ғояларини лойиҳага айлантириш бўйича банк хизматлари йўлга қўйилади. Шунингдек, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича ҳокимлар, банк ва корхона раҳбарларидан иборат комиссия тузилади.
Ҳозир дунёдаги нуфузли университетларда 1500 дан зиёд ўзбекистонлик таҳсил олаётгани, аввалги 25 йилда давлат ҳисобидан 800 йигит-қиз хорижга ўқишга кетган бўлса, биргина “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали сўнгги 7 йилда бу кўрсаткич қарийб уч баробар ошиб, 2300 ватандошимиз шундай имкониятга эга бўлди.
Йиғилишда чекка ҳудудларда чет тилларга ихтисослашган ўқув марказлари очган малакали ёшларга 120 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилиши, шунингдек, хусусий ўқув марказларида хорижий тилларни ўрганадиган ёшларга тўлови “2+6” шаклида қопланиши, камбағал оилалар фарзанди фоизсиз таълим кредити, қўшимча грант, шартнома тўловига ёрдам орқали ўқишга рағбатлантирилиши маълум қилинди. Бу барча ёшлар ва ота-оналар учун қувончли хабар бўлди. Зеро, бунинг натижасида кўплаб йигит-қизларнинг орзу-истаги рўёбга чиқади. Улар ҳам тенгдошлари қатори билим олиш, юрт ривожига ҳисса қўшиш имконига эга бўлади.
Давлатимиз раҳбари ёшларнинг таклифини маъқуллаб, уларни ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдираётган, ёшларга кенг имкониятлар яратилаётган бир пайтда биз – таълим соҳаси вакиллари ҳам ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва амалга ошириш йўлида куч-ғайратимизни аямаймиз.
Хусусан, Андижон давлат чет тиллар институти хорижий тилларни ўрганиш истагидаги ёшларни кенгроқ қамраб олиш мақсадида вилоятда “Гарвардчилар мактаби”ни ташкил этиш ташаббуси билан чиқмоқда. Ушбу ташаббус орқали ҳудуддаги 10 мингдан ортиқ йигит-қиз хорижий тилларни ўрганиш ҳамда келгусида ўзи истаган олийгоҳларга кириш имкониятига эга бўлади. Институтимиз бу борада ёшлар иқтидорини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратади.
Британия кенгашининг юртимиздаги ваколатхонаси ҳамда АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Гарвардчилар мактаби”га тажрибали ўқитувчиларни жалб қилган ҳолда, инновацион педагогик методикалар ва рақамли ресурслардан, хусусан, интерактив онлайн платформалардан фойдаланилади. IELTS, TOEFL ва бошқа халқаро имтиҳонларга тайёргарлик учун махсус курслар ташкил этилади. Халқаро сертификатлаш марказлари билан ҳамкорлик қилинади. Бунда турли ёш тоифалари учун махсус дастурлар ишлаб чиқилади. Ўқувчилар ва талабалар учун интерактив платформа яратиш кўзда тутилмоқда.
Ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва чет тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида вилоятимиздаги мактабларнинг 9- ва 11-синф ўқувчилари ўртасида анъанавий ташкил этиладиган “Ректор олимпиадаси” қамровини аввалги йиллардаги 5000 дан 10 мингга етказишни режалаштирмоқдамиз.
Шунингдек, мактабларда институтимиз кафедраларига бириктирилган чет тилларга ихтисослашган синфлар очишни ҳам кўзлаганмиз. Бу бизга қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш имконини беради.
Мамлакатимизда ёшларга юксак эътибор уларнинг сифатли таълим олиши ва имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Ўз навбатида, йигит-қизларимизнинг кенг билим, тафаккур ва тажрибага эга бўлиши Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳамда илмий салоҳиятини юксалтиради, жамиятимизни янги босқичга олиб чиқади. Амалга оширилаётган барча ташаббус ва ислоҳотлар келажакда ўз самарасини беришига ишончимиз комил. Биз эса белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини сифатли, самарали таъминлашда ташаббускор бўлишимиз лозим.
Дилшодбек РУСТАМОВ,
филология фанлари доктори, профессор
Ҳамкорлик материали