баннер
1 апр 2025
06:36

    Спорт шунчаки ўйин ва мусобақа эмас, миллат генофонди, мамлакат қудрати, обрў-эътиборидир

    Инсон ҳаётида спорт муҳим аҳамият касб этиб, соғлом турмуш тарзи, интизом, ирода, ғалаба иштиёқи, жамоавийлик, соф рақобат, жисмоний ҳамда маънавий тарбиядир.

    Бутун дунёни бирлаштирувчи, элларни элларга, дилларни дилларга туташтирувчи куч ҳам спорт. Спортчи ёшларимизда ҳам жисмоний, ҳам чинакам инсоний фазилатлар тўғри шаклланиб бориб, улар ўзгача ватанпарварлик, юртга ва миллатга садоқат руҳида униб-ўсмоқда.

    Мамлакатимизда оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги ислоҳотлар натижасида шу ўзгаришлардан баҳраманд бўлиб улғаяётган ёшларимиз жаҳон ареналарида муносиб ўрин эгалламоқда, юртимиз байроғини дунё узра баланд кўтармоқда. Чунки ёшларимиздаги спортга бўлган қизиқиш доимо қўллаб-қувватланмоқда ва спорт соҳасини дунё миқёсида ривожлантириш масалаларига биринчи галдаги вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда.

    Президентимиз, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий йил 13 февраль куни олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши, унда белгиланган янги ўзгариш ва тартиблар, имкониятлар ҳамда ташаббуслар ҳам юқоридаги ислоҳотларнинг юксак залворини аниқ кўрсатиб берди.

    Йиғилишда спорт соҳаси чуқур таҳлил қилинар экан, ривожланиш йўлининг тўғри манзиллари аниқ кўрсатилди. Бунда тизимда ёндашувларни ўзгартириш, ёшларни спортга, айниқса, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни селекциялаш, рағбатлантириш бўйича мутлақо янги метод яратиш зарурлиги, Лос-Анжелесдаги ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш мақсадида Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш, уларга вилоят ҳокимлари бошчилик қилиши, шунингдек, жорий йилда камида 10 нафардан спортчи ва мураббийни энг нуфузли хорижий спорт академияларида ўқитиш каби ташаббуслар илгари сурилди.

    Аҳамиятлиси, спортчиларни келгуси Олимпиадага тайёрлаш учун зарур шароит ва инфратузилмага 300 миллиард сўм ажратилиши, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун жойлардаги 310 та спорт мактаби миллий терма жамоаларнинг селекция базасига айлантирилиши белгиланди.

    Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, Нукус, Фарғона, Самарқанддаги каби спорт факультети бўлган олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, битирувчи курс ва магистратура талабаларини олти ойга спорт мактабларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилиши таъкидланар экан, бу муҳим тажрибани қўллаш имконияти Фарғона давлат университетда ҳам мавжудлиги бизни беҳад қувонтирди.

    Айниқса, олийгоҳлар ректорларига янги методика ва ёндашувларни бевосита шу ерда жорий қилиб, спорт мактабларини дуал таълимнинг илмий-амалий базасига айлантириш имкони берилаётгани эндиликда спорт илми ва амалиёти уйғунлиги узлуксиз таъминланиши, спорт мактабларида таълим сифати, илмий салоҳият, рақобатбардошлик ошиши ҳамда мазкур соҳага қўйиладиган инвестиция самарадорлиги кўтарилиши каби истиқболли натижаларга йўл очади.

    Бугунги кунда Фарғона давлат университетида ҳам спорт мактаблари билан ҳамкорлик, жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича ишлар самарасини кўрсатмоқда. Аввало, бу борада жамоамизда оммавий спорт билан шуғулланиш тартиби тўғри ташкил этилгани, ҳар ҳафтанинг икки кунида эрта тонгдан профессор-ўқитувчилар, ишчи-ходимлар ўртасида бадантарбия машғулотлари ўтказилиши, “спорт ойлиги” эълон қилиниб, марафонлар ташкиллаштирилаётгани ҳам талаба-ёшларга яхшигина ибрат вазифасини ўтади.

    Талаба-ёшларнинг оммавий спортга қизиқишини янада ошириш йўлида амалга оширилган ишлар натижасида университетдан найза улоқтириш бўйича “Париж-2024” Паралимпиадаси олтин медали соҳиби Ёрқинбек Одилов, камондан ўқ отиш бўйича жаҳон чемпиони Зиёда Абдусатторова, Черногориянинг Будва шаҳрида бокс бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида фахрли 3-ўринни, Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 70 кг вазн бўйича 1-ўринни эгаллаган Оиша Тоирова, Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионати 3-ўрин соҳиби Диёр Полвонбоев, cтол тенниси бўйича Андижон вилоятида ўтказилган универсиада мусобақаларининг республика финал босқичида яккалик баҳсида 3-ўринни эгаллаган Шоира Қодирова каби чемпион талабалар етишиб чиқди. Бугунги кунда вилоятимиздаги спорт мактаблари ва олийгоҳнинг чемпионликни кўзлаган кўплаб ёшлари ушбу талабаларимиз маҳоратларини устоз-шогирд йўналишида бирга ўзлаштириб бормоқда.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи Одил Аҳмедов футбол академиясининг янги филиали ўтган йилдан вилоятимизда иш бошлади. Халқимизнинг севимли футболчиси ташкил этган ушбу “Odil Junior” футбол мактабида 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин тарбияланувчи спорт сабоқларини ўзлаштирмоқда. Фарғона давлат университети билан яқин ҳамкорлик қилаётган “Odil Junior” футбол мактаби ёшлари олийгоҳнинг спорт комплекси, футбол майдони ва барча турдаги спорт заллари, спорт анжомларидан доимий равишда фойдаланади ва улар учун ҳамиша жисмоний маданият факультети профессор-ўқитувчилари машғулотлари, кутубхоналар очиқ.

    Олий таълим муассасалари ичида ўз футбол клубига эга бўлган ягона университет сифатида талаба-ёшлар футболини ривожлантираётган олийгоҳимиз футбол жамоаси натижалари ҳам кундан кунга юксалиб бормоқда. Ҳозирги кунда про-лига ўйинларида иштирок этиш даражасига чиққан “ФарДУ” футбол жамоаси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Сергей Лебедов мураббийлигида янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда.

    Олийгоҳнинг спортчи талаба-қизлари эришаётган муваффақиятларга тўхталадиган бўлсак, яқинда Россияда бўлиб ўтган стритбол халқаро турнирида Муслимахон Муҳаммадиева Ўзбекистон терма жамоаси билан бирга фахрли 3-ўринни қўлга киритиб, ушбу мусобақанинг “Энг яхши ўйинчиси” номинациясига сазовор бўлди.

    Олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари республика босқичида ҳам стритбол бўйича ФарДУ қизлар жамоаси 1-ўринни эгаллади. Олий таълим муассасалариаро спортнинг баскетбол тури бўйича “Талабалар лигаси” мусобақаси ҳудудий босқичида ФарДУ қизлар жамоаси 1-ўринни эгаллаб, финалга йўл олди. Стол тенниси бўйича “Талабалар лигаси” мусобақаси ҳудудий босқичида қизлар жамоаси фахрли 2-ўринга муносиб кўрилди. Яна бир спортчи талабамиз Шоира Қодирова стол тенниси бўйича Андижон вилоятида ўтказилаётган универсиада мусобақалари республика финал босқичида яккалик баҳсида 3-ўринни эгаллаб, бронза медални қўлга киритди.

    Бундан ташқари, Наманган вилоятида футзал бўйича имконияти чекланган спортчилар иштирокида бўлиб ўтган мусобақада талабаларимиз фахрли 1-ўринни олди. Айтиш жоизки, яқинда олийгоҳлар ўртасида бўлиб ўтган универсиада баҳслари ҳам ФарДУ спортчи ёшлари учун омадли кечди. Кураш бўйича ўтказилган универсиада спорт мусобақалари ҳудудий босқичида 7 нафар талабамиз 1-ўринни, 4 нафари 2-ўринни эгаллаб, финал босқичига чиқди. Умумжамоа ҳисобида эса университет 1-ўринни қўлга киритди. “Талабалар лигаси” волейбол мусобақаси ҳудудий босқичида талаба йигитлар жамоаси фахрли 1-ўринни қўлга киритган бўлса, кураш бўйича ўтказилган универсиада спорт мусобақаси республика финал босқичида талабаларимиз Мафтуна Холматова 48 кг вазнда 1-ўринни эгаллаб, олтин медалга эга чиқди, Зиёдилло Алижонов эса 73 кг вазнда 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди.

    Бу ютуқлар, эришилган ғалабалар негизини холис таҳлил қилган ҳолда айтиш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган спорт соҳасидаги барча ташаббуслар соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда олий таълим муассасалари учун энг муҳим омил бўлмоқда.

    Кўринадики, инсониятнинг ҳамиша фаол ва соғлом муҳитга ташналиги жамият иродаси билан чамбарчас боғлиқ заруриятдир. Айнан шу зарурият инсоннинг жамиятда ўрни, ҳурмати, қадр-қиммати бўлади. Бугун ҳар бир оила идеалига айланган ва яқинда Париж афсоналарида пайдо бўлган ўзбек фарзандлари ҳам бошини баланд кўтарган, миллатнинг ғурури ва шаъни не эканини юракдан чуқур англаган, “Ғалаба – мен учун!” дея маррани катта олган ёшларимизнинг бир бўлагидир. Ҳали бу миллатда миллионлаб Диёралар, минглаб Лазизбек ва Асадхўжалар, Ёрқинбек каби моҳир фарзандларимиз етишиб келмоқдаки, келгусида жаҳон майдонларида Ўзбекистон номи қайта ва қайта жаранглайди. Демакки, 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ҳам бизнинг чемпионлар тилларда достон бўлади.

    “Париж-2024” Паралимпия ўйинлари олтин медали соҳиби Ёрқинбек Одилов ўша фахрли дамларни ёдга олар экан, унинг ҳар бир сўзи ёшларимиз учун муҳим мотивация ва машъал бўла олади: “Соғлом одамлар сафига қўшилиш осон бўлмади. Лекин ҳаммасини уддаладим. “Париж-2024” ўйинлари мен учун алоҳида аҳамиятга эга майдон бўлди. Аллоҳга шукр, шундай ғалабага қодир қилди ва президентимиз, халқимиз, оилам олдида юзим ёруғ бўлди”.

    Шундай ўғлонларимиз мисолида бугун халқимиз фарзандларига берган меҳри ва муҳаббати, тарбия ва кўмагининг мевасини татиётгани ҳақиқат.

    Янги Ўзбекистон тарихида рўй берган яна бир қувонарли воқелик – Абдуқодир Ҳусановнинг муваффақияти эса бутун халқимизга фахр-ифтихор бағишлади. Абдуқодир ўз ҳаракати, интилиши ва маҳорати билан спорт ривожи учун кечаётган ислоҳотларнинг юртга, миллатга нима беришини амалда кўрсатиб қўйди. Иккита турли “кучли бешлик” чемпионатида ўйнаган биринчи ўзбек футболчисининг журналистлар саволларига берган жавоблари эса бугун ҳеч бир ватандошимизни бефарқ қолдирмаяпти.

    – Сиз премьер лигада ўйнайдиган биринчи ўзбек ўйинчисиз. Бу ғурур они бўлса керак?

    – Ҳа, бу фақат мен учун эмас, бутун Ўзбекистон учун. Биринчи ўзбек “Манчестер Cити”да. Бу ҳали бошланиши. Ўзбеклар ҳали кўп келади Англияга.

    – Жаҳон чемпионатига Ўзбекистон бирор марта ҳам чиқмаган. У ерда футбол қандай ривожланяпти?

    – Жуда яхши ривожланяпти. Бир қадам қолди жаҳон чемпионатига чиқишимизга.

    Мана, кўз ўнгимизда ҳақиқий келажак эгасининг жавоби! Умид юқори, ишонч баланд, энг муҳими, спортни қанчалик севса, юртини шу қадар севади, ютуқларини кутади.

    Эътироф этиш зарурки, ёшларимиздаги ўзгаришлар ва соҳадаги катта силжишлар, ўзбек спортидаги кутилган лаҳзалар жорий йилда янада ёрқинроқ юзага чиқа бошлади.

    Бу кунларда биз нафақат ғалабалардан баҳраманд бўлдик, балки барча спортчиларимиздаги ажойиб умумийлик – юксак ватанпарварлик руҳига ҳам шоҳидмиз. Бу эса давлатимиз раҳбарининг ўзи шахсий намуна бўлиб, келажак эгаларига кўрсатаётган ҳаётий ибрати мева бера бошлагани ифодасидир.

    Яқинда дунё спортсеварлари нигоҳида бўлган Жавоҳир Синдаровнинг Хикару Накамурага қарши оламшумул ғалабаси шахмат оламида катта шов-шувга сабаб бўлди. Синдаровнинг жасорати ва маҳоратига барча халқлар хавас қилди. Ушбу ғалаба юртимизнинг ёш шахматчилари учун катта илҳом манбаи бўлиб, уларни ўз устида янада кўпроқ ишлашга, меҳнат қилишга ундамоқда.

    Шу билан бирга, Гулруҳбегим Тоҳиржонованинг Ўзбекистон шахмат терма жамоасига қайтиши яна бир муҳим воқеликдир. Унинг ватанга бўлган муҳаббати ва садоқати йиллар ўтса-да, ўзликни намоён қилди. Ўзбекистонга бутунлай қайтган шахматчимиз 2020 йилда АҚШнинг Миссури университети жамоасига қўшилган ва 5 йил давомида халқаро мусобақаларда АҚШ номидан иштирок этиб келарди. Энди эса кучли қизимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида экани қувонарлидир.

    Футбол бўйича Ўзбекистон ампутантлар терма жамоасининг Осиё чемпиони бўлиши эса алоҳида эътирофга лойиқ. Уларнинг ғалабаси нафақат спортчиларимиз маҳоратини, балки уларнинг ирода кучини ҳам кўрсатди. Ушбу ғалаба ёшларимизга ҳар қандай қийинчиликларни енгиш мумкинлигини исботлади.

    Қишки Осиё ўйинларида Дмитрий Чигирёв ва Екатерина Гейниш жуфтлигининг олтин медали эса Ўзбекистон учун тарихий воқеа бўлди. 26 йиллик танаффусдан сўнг қўлга киритилган ушбу ғалаба Ўзбекистон қишки спорти ривожига катта ҳисса қўшади.

    Ватанпарвар, шижоатли ёшлар учун бу юртда муносиб рағбат бор, очилмаган эшикнинг ўзи йўқ. Шундай экан, бу мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч эгалари етишиб чиқаверади. Марралар эса юксак!


    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор


    Ҳамкорлик материали

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech