Вилояти ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, шу йилнинг 16 апрель кунидан 17 апрель кунига ўтар кечаси, Ангрен шаҳри “Нурчи“ маҳалласида номаълум шахс “Damas”русумли автомашинадан пул маблағлари ўғирлангани ҳақида ҳудудий Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган. Ҳолат ўрганилиб, тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.
Маълумотларга кўра, олиб борилган тезкор чоралар натижасида ушбу жиноятни 15–17 ёшдаги тўрт нафар мактаб ўқувчиси содир этгани аниқланиб, процессуал тартибда ушланди. Дастлабки тергов давомида гумонланувчилар ушбу ўғирланган пулларни мактаб битирув кечаси учун керак бўлган харажатларни қоплаш мақсадида олганини билдирган.
Бу каби ҳолатлар барчамизни бирдек ўйлантириши керак. Чунки, битирув кечалари ва шу каби тадбирлардаги ортиқча харажатлар, “бошқалардан қолмаслик“ ҳисси, моддий босим — айрим ўқувчиларни жиноятга бошламоқда, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
ИИББ барча ота-оналарни огоҳликка чақириб, фарзандлар ҳаёт тарзи, мактабдаги ҳолати, кимлар билан муомалада экани, интернетдаги фаолияти ва молиявий эҳтиёжларига эътиборли бўлишга чақирди.








