Маълумотларга кўра, ушбу шахс — Наманган шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро — хусусий корхона раҳбарига ўзини гўёки ДХХ ходими сифатида таништирган.
У Наманган вилоятида рўйхатдан ўтган корхона номига олиб келинаётган товарларни «Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармасидаги танишлари» орқали божхона назорати ва расмийлаштирувидан ҳеч қандай тўсиқларсиз ўтказиб беришни ваъда қилган.
Тезкор тадбир жараёнида ушбу шахс корхона раҳбаридан ҳар бир юк партияси учун 500 АҚШ долларидан, жами 1000 АҚШ доллари миқдорида пул олган вақтида қўлга олинди. Шунингдек, тергов давомида аниқланишича, у аввал ҳам шу йўл билан корхонадан 1000 АҚШ доллари миқдорида пул олганлиги маълум бўлган.
Айни вақтда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзини давлат органлари ходими сифатида таништириш, алдаш йўли билан пул талаб қилиш — Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилигида оғир жиноятлар сирасига киради. Ҳар қандай шубҳали вазиятлар юзасидан зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш тавсия этилади.









