Маълумотларга кўра, мансабдор шахс жорий йил сентябрь ойида тадбиркор қуришни режалаштирган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериб, эвазига 200 АҚШ доллари олган.
Кейинроқ тадбиркор аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кўп қаватли уйга яқин жойда хусусий мактаб қуриш учун ҳужжатларни тасдиқлаб беришни сўраганда, бу сафар бошлиқ 6 миллион сўм талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у мазкур пул маблағини турмуш ўртоғи орқали олган пайтда ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қонунга кўра, мазкур жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.
Мутахассислар таъкидлашича, мансабдор шахсларнинг бундай ноқонуний ҳаракатлари тадбиркорлик муҳитига ва аҳолининг иқтисодий фаоллигига салбий таъсир кўрсатади.








