Ўзбекистон ташаббуслари нуфузли ташкилот минбарида янгради

    Фикр 1 октябр 2025 335

    Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясида билдирган фикр-мулоҳазалари, таклиф ҳамда ташаббуслари ўта долзарблиги билан барчада қизиқиш уйғотди.

    Нутқда, аввало, дунёда халқаро институтлар мақоми заифлашиб, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаяётгани, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошиб, иқтисодий, гуманитар инқирозлар ортиб бораётгани қайд этилди. Замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик кенгашини трансформация қилиш ва таркибини кенгайтириш кераклиги таъкидланди.

    Давлатимиз раҳбари юртимиздаги ислоҳотларга ҳам тўхталиб, бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини ошириш эканига урғу берди.

    Хўш, бу йўлда нималар қилинди?

    Кейинги етти-саккиз йилда амалга оширилган ва бугун ҳам изчил давом этаётган ислоҳотларни, атрофимиздаги ўзгаришларни таҳлил қилган одам ушбу саволга дарров жавоб топади. Айтайлик, мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови эса 9 фоиздан 42 фоизга ошгани бунга яққол мисолдир. Шунингдек, ўқитувчи ва мураббийлар нуфузи кескин ошаётир. Бу борадаги ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Давлатимиз раҳбари педагогларнинг ўзаро билим ва тажриба алмашиши учун ягона халқаро платформа яратиш мақсадида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифини билдирди.

    Шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаёти ва тадбиркорлик соҳасида хотин-қизларнинг роли мустаҳкамланишини инобатга олиб, Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириб, мунтазам ўтказиб бориш ташаббусини илгари сурди.

    Ўзбекистон 2030 йилга бориб “даромади ўртадан юқори” бўлган мамлакатлар қаторига киришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бу БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги қатъий ҳаракатга айланган.

    Президентимиз бундан 8 йил олдин БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Ўзбекистон Марказий Осиёни яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантириш қарори ҳақида айтган гаплари бугун ҳақиқатан ҳам амалга оширилгани ва у даврлар тарихда қолганини алоҳида таъкидлади. “Шуни қатъий ишонч билан айтишим мумкинки, бугунги кунда Янги Марказий Осиёни шакллантириш жараёни бошланди. Минтақамиз ўзининг ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда”, деди давлатимиз раҳбари.

    Тобора долзарб тус олаётган иқлим ўзгариши муаммолари ҳам нутқдан жой олди. Хусусан, Оролбўйи экотизимини қайта тиклаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубидаги 2 миллион гектар майдонда шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, 2030 йилгача ушбу ҳудуднинг 80 фоиз қисмида яшил қоплама ҳосил қилиниши режалаштирилмоқда.

    Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилгани айтилди. Ушбу анжуман якунлари бўйича Сув инқирозини барқарор тараққиёт учун жиддий таҳдид сифатида белгилаш ва бу борада глобал даражада инновация технологияларини жорий этиш учун алоҳида “йўл харитаси” қабул қилиниши мўлжалланган.

    Иқлим миграцияси кучайиб бораётгани юзасидан аниқ халқаро механизмлар ва ҳуқуқий база ҳанузгача яратилмаган. Шу боис, Президентимиз бу жиддий масалада кенг халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш таклифини берди.

    Эртанги кун эгалари бўлган ёшлар қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ҳамда ҳурмат каби олижаноб ғояларни сингдириш барчанинг долзарб вазифаси. “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” таъсис этилиб, унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш ҳақидаги таклиф эса бу борадаги ишларга янгича руҳ беради.

    Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг бир неча муҳим йўналишни қамраб олган нутқида янги Ўзбекистоннинг дунёдаги барча мамлакат билан ўзаро ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва яқин шериклик тарафдори экани яққол намоён бўлди.

    Баҳодир МАЪМУРОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates