Инсон манфаатларини эътироф этувчи халқчил конституция

    Фикр 3 декабр 2025 471

    Асосий қомусимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрини мустаҳкамлашда, халқчил ҳужжат сифатида эътироф этишда мамлакат раҳбарининг бевосита бош-қош бўлишлиги бу халқ ва инсон манфаатларини юқори даражага кўтаришнинг муҳим мезони ҳисобланади.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон хабарлари ҳамда бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

    Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

    Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади” деб белгилаб қўйилган.

    Бу ҳақда айрим фикрларни айтиб ўтиш муҳимдир, яъни, нима учун тинтув ўтказиш ва телефон сўзлашувини эшитишга санкция бериш ваколати прокурордан судга ўтказилмоқда? Бунинг аҳамияти нимада?! Сабаби бу худди қўзичоқни бўрига ишонишдек гап. Бугунги замонавий қарашлар ўтмишдагидек эмас. Инсоннинг шахсий ҳаёти муқаддас тушунчага айланмоқда. Инсон туғилганидан бошлаб у ҳақидаги маълумотлар унинг ҳаёти давомида бирор-бир жойда «из» қолдиради. Шифохонада, ФҲДЁ бўлимларида, боғчада, мактабда, банкларда ва бошқа ташкилотларда, кундалик фойдаланадиган ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ёки маълумотлар базаларида шахснинг фото, видео, аудио, ёзма ёки электрон шаклидаги шахсга доир маълумотлар мавжуд.

    Шу сабабли ҳам тергов органига фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашиб унинг телефон сўзлашувини эшитиш бўйича ўзи мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бошқага бериб бўлмайди. Албатта тийиб турувчи механизмлар керак.

    Эндиликда бу тартибга солиниб, тинтув ва телефон эшитиш доираси ҳам суд томонидан белгиланиши, бунга қай даражада зарурият борлиги холис ва мустақил судья томонидан

    баҳоланиши белгиланмоқда. Бир сўз билан айтганда шахсий ҳаёт дахлсизлиги Конституцияда мустаҳкаланмоқда. Ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўзининг шахсий ҳаёти ва оилавий сирини ҳимоя қилиш, ўз мулкига эга бўлиши ва унинг дахлсизлигига ўзга шахсларнинг тажовузидан хавотирсиз ҳаёт кечириши лозим.

    Телекоммуникация тармоқлари ва ахборот технологиялари ривожланиши билан ахборот ва маълумотларни узатиш, тарқатиш жараёнлари осонлашди ва халқ ичида оммавийлашди.

    Эндиликда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, ёзишмалари ва биометрик маълумотларини сақлаш ва тарқатилишида ташқи таъсирлардан ҳимоя зарурати юзага келди. Мазкур дахлсизлик ҳуқуқлари конституцияга киритилмоқда ва шахсий, оилавий сир ва маълумотлар ноқонуний тўпланиши ва тарқалиб кетиши чекланмоқда. Бундан ташқари Конституция лойиҳасида уй-жойга бўлган ҳуқуқ дахлсиз этиб белгиланмоқда.

    Ҳеч ким суднинг қарорисиз уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги ҳамда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланиши мустаҳкамланмоқда. Мазкур нормани Конституцияга киритилиши бир неча йиллардан буён жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган «снос» билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим эканлигини алоҳида қайд этиш лозим.

    Конституциясининг 44-моддасида “Суд қарори билан тайинланган жазони ижро этиш тартибидан ёхуд қонунда назарда тутилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади. Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади” деб белгилаб қўйилди.

    Эски совет тузумидан қолган ёмон одатлардан бири бу ижтимоий соҳа вакиллари, талабалар ва ҳаттоки мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга, хусусан, пахта териш ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларигажалб қилиш эди. Натижада нимага эришдик? Ўқувчи ва талабалар тайинли таълим олмади, ўқитувчи ва шифокорлар ўз устида ишлаб, сифатли хизмат кўрсатишнинг ўрнига далага чиқиб, пахта теришди. Бу нафақат ижтимоий-иқтисодий аҳволимизга, балки Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имиджига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатди. Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг «Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисида»ги Конвенцияни (1999) ратификация қилган.

    Ушбу конвенцияга мувофиқ «болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари» деганда қуллик, жинсий эксплуатация, болаларни қуролли тўқнашувларда, ноқонуний фаолиятда ёки уларнинг соғлиғига, ахлоқий ва психологик ҳолатига зарар етказадиган хавфли ишларда ишлатиш тушунилади. Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларида бундай қилмишлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни бартараф этиш ишлари ўзининг ижобий натижасини бериб ушбу саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда эътироф этилди.Халқаро рейтинглардаги ўрнимиз анча яхшиланди, бу эса юртимизга кўплаб инвестициялар жалб қилинишига, иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг ривожланишига хизмат қиляпти.

    Болалар ўқишда, шифокор ва ўқитувчилар ишда бўлишлари тўғри сиёсий қарор эди. Мажбурий ва болалар меҳнатининг ман этилиши Конституцияда белгилаб қўйилиши ушбу сиёсий қарор абадий эканлигини кўрсатади.

    Узоқ йиллар республиканинг халқаро имиджига салбий таъсир қилиб келган мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.

    Бу борада, айниқса,болаларнинг баркамол ривожланишига салбий таъсир қиладиган ҳар қандай болалар меҳнати тақиқланиши Асосий қонунимизда тўғридан-тўғри ёзиб қўйилмоқда.

    Мажбурий меҳнатга чек қўйилиши ҳар бир ўзбекистонликнинг кундалик ҳаётига ижобий таъсир кўрсатади, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа ривожланиши натижасида ҳаёт сифати ошади. Бу қоиданинг Конституцияда алоҳида белгиланиши эса, сиёсий қатъиятдан ортга қайтилмаслигини англатади, ушбу соҳада эришилган ютуқларни қатъий мустаҳкамлайди ҳамда болаларнинг меҳнатнинг оғир шаклларидан ҳимоя қилиш, уларни соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишишлари учун муҳим ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

    Айни пайтда, ушбу конституциявий норма болаларнинг соғлиғи, хавфсизлиги, тўлиқ жисмоний, ақлий ва маънавий ривожланишига таҳдид солмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган тарзда меҳнат қилишларига тўсқинлик қилмайди.

    Конституциясининг 52-модда эса “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

    Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” деб номланган модданинг киритилиши эса ўқитувчи ва педагоглар меҳнатига берилган юқори баҳодир.

    Конституцияга ўқитувчилар билан боғлиқ модда киритилаётгани — жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган қадам, дея баҳолаш мумкин. Чунки таълим сифатининг орқага кетиши — ўқитувчининг меҳнати қадрсиз бўлгани билан бевосита боғлиқ. Мустақилликнинг дастлабки машаққатли йилларидан бошлаб ижтимоий соҳа вакиллари, хусусан ўқитувчиларнинг обрўси ва мавқеи сезиларли даражада тушиб кетди. Ойлик маошлари, иш шароитлари ҳаминқадар бўлганининг устига уларни турли қўшимча юмушлар билан ҳам банд қилинар эди. Бундай шароитда ишлайдиган ўқитувчи сифатли таълим бериши мумкинми?

    Ишонч билан айтишимиз мумкин-ки, бу борада сўнгги йилларда салмоқли ўзгаришлар амалга оширилди. Биринчи навбатда ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан– пахта терими, ободонлаштириш ишларига жалб қилишданхалос қилинди.

    Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка ҳам чек қўйилди. Қонунчиликда белгиланган 6 та иш ҳужжатидан бошқа ҳисобот ва тақвимлар юритилиши қатъиян ман қилинди.

    Хулоса қилиб айтганда, Мухтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: «Биз таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантиришга устувор эътибор бериб келмоқдамиз. Чунки, бугунги шиддатли рақобат замонида фақат билимли, маърифатли миллат ва давлат муносиб тараққиётга эриша олади».

    Анвар Аҳрорқулов,

    Фарғона давлат университети

    Ҳуқуқ таълими кафедраси доценти

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates