Мазкур асосий талаблар лойиҳалаштирилаётган, барпо этилаётган ва фойдаланилаётган атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талабларни белгилайди.
Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили қуйидаги мақсадларда ўтказилади:
- атом электр станцияси блоки хавфсизлигининг эҳтимолий кўрсаткичларини ҳисоблаш;
- оғир авариялар ва катта авариявий ташланмалар эҳтимолини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган норматив чегаралар билан таққослаш;
- атом электр станцияси блоки хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда устуворликларни белгилаш;
- атом электр станцияси блоки тизимларини (элементларини) модернизация қилиш тадбирларининг атом электр станцияси блоки хавфсизлигига таъсирини баҳолаш.
Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:
- хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блоки тизимларининг ишончлилигини баҳолаш;
- назорат ва текширув ишларини режалаштириш ва баҳолаш;
- лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар рўйхатини асослаш;
- лойиҳадан ташқари авариялар рўйхатини асослаш.
Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот масъул ҳисобланади.








