Бу ҳақда МАГАТЭнинг Жамоатчилик ахбороти ва коммуникациялари бошқармаси агентлиги расмий веб-сайтида бош директор Рафаэль Гроссига ядро ва радиациявий хавфсизлик соҳасидаги кўп томонлама халқаро шартномаларга қўшилиш ҳужжатларини топшириш маросими бўлиб ўтгани тўғрисидаги мақолада маълум қилинди.
Таъкидланишича, тадбирда мамлакат номидан Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси раиси Абдуваққос Рафиқов иштирок этгани маълум қилинган.
"Рафаэль Гросси ўз нутқида 2024 йил декабрь ойида Ўзбекистонга бўлиб ўтган ташрифи чоғида Президент Шавкат Мирзиёев билан конвенцияларга қўшилиш масаласини муҳокама қилганини алоҳида таъкидлади. Гроссининг сўзларига кўра, жорий қарор МАГАТЭ таклифига зудлик билан жавоб қайтарган давлат раҳбарининг эътибори ва қўллаб-қувватлаши натижасидир. Бош директор Ўзбекистон тезкор қарорлар қабул қилиш қобилиятини намоён этиб, атом энергетикаси лойиҳаларини, жумладан, йирик атом электр станцияси ва кичик модулли реакторлар қурилишини фаол илгари сураётганини таъкидлади. Умуман олганда, мамлакат ўзининг улкан энергетика режаларини муваффақиятли амалга оширмоқда", – дейилган нашрда.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистондан ташқари Қирғизистон ва Бангладеш ҳам қўшилиш тўғрисида ҳужжатларни тақдим этгани хабар қилинган.








