"Ўзатом" агентлигида агентлик директори ва MVM EGI Zrt бош директори Петер Карпати иштирокида Ўзбекистон ҳудудида интеграциялашган атом электр станциясини барпо этишда Венгриянинг иштирокига доир музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашувда Венгрия Эксимбанки орқали экспорт молиялаштиришни жалб этиш имкониятлари, лойиҳани молиялаштиришнинг жорий ҳолати ҳамда “қуруқ совутиш” тизимларини жорий этиш бўйича тўрт томонлама асосий битимни имзолаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар икки давлат ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик юқори даражада эканини тасдиқлади. Шунингдек, илғор технологияларни алмашиш ва йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда халқаро молиявий механизмлардан биргаликда фойдаланишга тайёрлик қайд этилди.
Учрашувда лойиҳа иштирокчилари фаолиятини мувофиқлаштириш, инновацион ва юқори технологияли ечимларни Ўзбекистон атом саноатига жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар 2026 йил январ ойида Венгрияда “Ўзатом” делегациясининг расмий ташрифи доирасида Венгрия Эксимбанки, OTP Bank ва бошқа молиявий тузилмалар иштирокида музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказишга келишиб олди.








