Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ҳамкорлиги мустаҳкам пойдеворга эга. Умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятларимизнинг ўхшашлиги икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда муҳим аҳамият касб этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мустақиллик йилларида қўшни Қирғизистон билан дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор бериб келмоқда. Ҳам тарихи ҳам қадрияти уйғун икки қардош халқлар ўзаро қўшничилик алоқаларини юксак қадрлайди. Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик масалаларининг мустаҳкамлиги бутун Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишни таъминлашда алоҳида ўрин тутади.
Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли бугунги кунда ҳамкорликнинг барча жиҳатларини қамраб олган Ўзбекистон—Қирғизистон икки томонлама алоқаларида, шу жумладан, ҳарбий ҳамкорлик йўналишида ҳам бугун мисли кўрилмаган юксалиш кузатилмоқда.
Жорий йилнинг 17 октябрида Чирчиқ авиация таъмирлаш заводида Қирғиз Республикасига тегишли МИ-8МТВ русумли ҳарбий вертолёти тўлиқ таъмирланиб, қўшни мамлакат ҳарбий делегацияси вакилларига тантанали равишда топширилди.
Бир неча кун давомида икки мамлакат мутахассислари тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилган мазкур ҳарбий учоқнинг синов парвозларини амалга оширишди. Вертолёт мутахассис кўригидан ҳамда синов жараёнларидан муваффаққиятли ўтиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди.