Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси ҳамда Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти (IPSE) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Франциянинг етакчи таҳлил марказлари вакиллари, дипломатлар, сиёсатчилар ҳамда Европанинг турли мамлакатларидан 40 га яқин халқаро экспертлар қатнашди.
Ўзбекистоннинг Франциядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Нодир Ғаниев кириш сўзида сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида тўхталди.
Халқаро тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон экспертлар ҳамжамиятидан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти ва Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбарлари ва етакчи таҳлилчилари маъруза қилишди.
Жумладан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов ўз нутқида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” форматидаги ҳамкорлик тўғрисида маълумот бериб, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари билан боғлиқ масалаларни ёритиб берди.
Шунингдек, тадбир давомида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков бугунги кунда Марказий Осиёда кечаётган минтақавий ҳамкорлик ва интеграциянинг ривожланиши, хусусан, минтақавий ҳамкорлик институтционаллашувининг истиқболлари ҳамда “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига тўхталди.
Ўз навбатида, Франция томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга катта қизиқиш билдириб, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар учун мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Жумладан, Европа ривожланиш ва хавфсизлик институти директори Э.Дюпюи Ўзбекистон Франциянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори эканлигини ва икки томонлама сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганлигига эътибор қаратди. IPSE раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистонда сўнгги йилларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда, мамлакат очиқ ва мувозанатли ташқи сиёсат юритмоқда ҳамда Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим рол ўйнамоқда.
Давра суҳбатида Ўзбекистонда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий модернизация жараёнлари, шунингдек, давлатимизнинг минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган прагматик ва конструктив ташқи сиёсати юқори баҳоланди.
Тадбир якунида Франция ва Европанинг бошқа мамлакатларидан ташриф буюрган сиёсий ва иқтисодий доиралари вакиллари Ўзбекистоннинг етакчи таҳлил марказлари ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати