Президентимизнинг 2017 йил январь ойида Хоразм вилоятига ташрифи чоғида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига республиканинг асосий сайёҳлик марказларини боғлашга хизмат қилувчи “Урганч — Хива” ҳамда “Бухоро — Мискин” янги темир йўл линияларини қуриш, электрлаштириш ҳамда тезюрар поездлар ҳаракатини ташкил этиш борасида кўрсатмалар берилиб, лойиҳани қисқа фурсатда сифатли бажариш вазифаси юклатилган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 мартдаги “Бухоро — Мискин темир йўл линиясини қуриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, амалга оширилган ишлар туфайли Урганч – Хива йўналишида 29,6 километрлик янги пўлат излар ўша йилнинг ўзида қуриб битказилди. Хива шаҳрида бир йўла икки юз кишига хизмат кўрсатадиган замонавий темир йўл вокзали қад ростлади.
Темирйўлчилар умумий узунлиги 355 километрлик “Бухоро — Мискин” йўналишини ҳам 2017 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширди. Натижада Тошкент шаҳридан Урганч, Хива, Нукус шаҳарларига борадиган ҳамда мазкур шаҳарлардан пойтахтимизга келадиган йўловчи поездларининг ҳаракатланиш вақти қарийиб 2 соатга қисқарди. Албатта, бу юртимизда туризимни ривожлантириш, сайёҳлар оқимининг янада ошишига замин яратади.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида Бухоро — Урганч — Хива йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатновини ташкил этиш учун электрлаштириш ишлари бошланди ва магистрал бўйлаб пойдевор ҳамда темир-бетон устунлари ўрнатиляпти.
Бугунги кунда юртимиз аҳолиси ва хорижлик сайёҳлар учун транспорт тизимини халқаро талабларга мослаштириш орқали ички ҳамда ташқи туризмни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Аслида дунёда ҳам энг кўп даромад келтирадиган соҳалардан бири бу сайёҳлик ҳисобланади. Шу боис жаҳонда унинг тараққиётини таъминлашга катта сармоялар ажратилади. ЕвроОсиёнинг чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ҳам дунё сайёҳларини жалб қилиш учун катта имконият ва салоҳиятга эга давлатлар сирасига киради.
Сайёҳларни кўҳна ва нодир тарихий обидаларга бой Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива шаҳарларига жалб этиш, уларнинг оқимини кўпайтириш учун, энг аввало, сифатли ва хавфсиз, тезкор ва замонавий транспорт тизими мукаммал даражада бўлиши лозим. Шу мақсадда 2011 йилда Тошкент – Самарқанд йўналишида Марказий Осиёда илк бор юқори тезликдаги “Afrosiyob” электропоездлари ҳаракати йўлга қўйилган бўлса, кейинчалик Қарши, Бухоро ва Шаҳрисабзга ҳам ана шундай қатновлар амалга ошириши учун шароит яратилди. Эндиликда навбат Урганч ва Хива шаҳарларига келди.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш темирйўлчилардан кўп ва хўп “тер тўкиши” тақозо қилмоқда. Агар 2017 йилгача Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар Навоий — Учқудуқ — Мискин магистрали орқали 1064 километр йўл босган бўлса, Қизилқум саҳросини қоқ ўртасидан кесиб ўтган 355 километрлик “Бухоро — Мискин” йўналиши қурилгач, бу масофа қарийб 100 километрга қисқарди. Мутахассислар қиш совуғида ҳам, ёзнинг жазирамасида ҳам ноқулай об-ҳаво шароити ҳукм сурадиган саҳро бағрида янги пўлат изларни қисқа муддатда ётқизишди. Навбатдаги босқичда эса ушбу йўналиш тўлиқ электрлаштирилиши лозим.
— Электрлаштирилаётган “Бухоро — Урганч — Хива” йўналишининг умумий узунлиги 465,5 километр бўлиб, лойиҳага кўра, 8 та электр туташтирувчи тармоқнинг навбатчилик биноси, 18 та қўриқланадиган темир йўл кесишмаси, 27 та авто йўлўтказгич ҳамда 1 та локомотив жамоаси учун дам олиш уйи қурилади, — дейди “1-энергомонтаж поезди” унитар корхонаси бошлиғининг ўринбосари Руслан Низомов. — Шу билан бирга, 2 та вагонларга техник хизмат кўрсатиш пункти, қисмларга ажратиш ҳамда жорий таъмирлаш саноат корхонасини реконструкция қилиш, 6 та техник хизмат кўрсатиш биноси ва бошқа иншоотларни қуриш кўзда тутилган. Йўналиш бўйлаб жами 14 мингдан ортиқ пойдевор, 12 мингдан кўпроқ темир-бетон устунлари ўрнатиш ва уланиш тармоғини монтаж қилиш ва унга хизмат кўрсатиш учун махсус техникалар ҳамда ҳимоя воситалари харид қилиниши зарур.
“Буxоро — Урганч — Xива темир йўлини электрлаштириш” лойиҳаси “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ҳамда Халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Қайд этиш жоиз, мазкур йўналишнинг аксар қисми Қизилқум саҳросидан ўтган. Бу эса мутахассислар учун электрлаштириш жараёнида пойдевор ва устунларни мустаҳкам ўрнатишда ноқулайликларни келтириб чиқаради. Бу муаммонинг ҳам “қалови” топилди. Яъни, лойиҳага кўра, электр симлари учун устунларнинг пойдевори ер остига 6 метрдан 9 метрга қадар махсус техникалар ёрдамида айланма бурғилаш усулида ўрнатилади. Ушбу технология юртимиз темир йўлларини лойиҳалаштириш ва электрлаштириш тарихида биринчи маротаба қўлланилиши назарда тутилмоқда.
Айни кунда электрлаштириш ишлари бир вақтнинг ўзида икки томонда олиб бориляпти. Бу юмушни бажаришда иштирок этаётган юздан ортиқ мутахассис-ходимлар элликка яқин махсус темир йўл ва қурилиш техникаларидан фойдаланмоқда.
Ҳозирга қадар Бухоро ҳудудидаги “43-разъезд – Янгиобод” ҳамда “Янгиобод – Навбаҳор” участкалари оралиғидаги қарийб 60 километрлик масофада 400 тадан кўпроқ пойдевор ўрнатилиб, 100 дан ортиқ устун монтаж қилинди. Мазкур масофадаги юмушлар бажариб бўлгинганидан кейин саҳронинг қумли ҳудудларига ўтилади.
Хоразм вилояти томонида бажариладиган ишларга ҳам киришилди. “Истиқлол” — “Ҳазорасп” станциялари оралиғидаги 12 километрлик ҳудудда юздан зиёд пойдеворлар тайёрланди ва улар устига устунлар ўрнатиляпти.
Электрлаштириш ишлари олиб борилаётган участкаларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга катта аҳамият қаратиляпти. Ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазасига қатъий амал қилиши доимий назоратга олинган. Уларга уч маҳал иссиқ овқат ҳамда дам олишлари учун махсус вагонлар ташкил қилинган. Қурилиш объектларига мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилган сифатли темир-бетон маҳсулотлари ўз вақтида етказиб берилмоқда.
Эътироф этиш жоиз, ушбу йўналишнинг электрлаштирилиши келгусида Тошкент — Самарқанд — Навоий — Бухоро — Урганч — Хива йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйишни таъминлайди. Табиийки, бу йўл вақтни, катта миқдордаги ёнилғи ва бошқа харажатларни ҳам тежайди. Атроф-муҳит экологиясига салбий таъсирни камайтиради. Ушбу лойиҳа якунига етгач, Бухоро — Урганч — Хива йўналишида юк ва йўловчи поездларининг электровозларда ҳаракатланишига имкон яратилади.
Ҳаракат тезлигини ошириш ҳисобига истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифати ошади, йўналишнинг ўтказиш ва ўтказувчанлик қобилияти кўтарилади. Янги иш жойларини ташкил қилиш имконияти бўлади ва юк вагонларини айланмасинининг ортиши эвазига ҳаракат таркибига бўлган талаб қисқаради.
Кейинги йилларда мамлакатимиз темир йўл транспорти тизими ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилиб бормоқда. Хусусан, мураккаб тоғ ва чўл шароитларида янги линияларни барпо этиш, тезюрар поездлар ҳаракатини ташкил қилиш, темир йўлларни электрлаштириш, юк ва йўловчи ташиш вагонларини ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат транспорт инфратузилмасинининг ривожланишига, шу билан бирга, иқтисодиётнинг муҳим “қон томри” сифатида бутун мамлакат равнақига ҳам ўз ҳиссасини қўшиб келяпти.
Рустам ҲАЙДАРОВ
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятининг
Ахборот таҳлилий медиа-маркази мутахассиси
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири









